Покланиб, тақвонинг маълум бир даражасига етиб борган, Аллоҳ таолога яқинлашиб қолган қалблар борки, шайтон уларга ҳарчанд осилсин, йўлдан ура олмайди. Бундай қалбларни ҳам шайтон васваса қилишдан умидини узади. Бироқ, покликка, холисликка интилаётган, нафс билан курашаётган қалблар борки, шайтон ана шу қалбларга жидду жаҳд билан осилиб, уларни васваса қилади.Демак, инсоннинг қалбида турли шайтоний васвасалар бўлиб туриши яхшиликнинг аломати экан. Чунки бундай қалб иймонга, ихлосга томон интилаётган бўлар экан. Шунинг учун шайтон талвасага тушиб қолган бўлар экан. Хаёлига келган шайтоний фикрлардан ўзи ҳам қўрқиб кетаётган инсон буни яхшилик аломати деб билиб, янада ўзига бардам бўлиб, тақвони, ибодатни, зикрни лозим тутиши керак экан. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга васваса ҳақида савол берилди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «У айни иймондир», дедилар. Муслим ривоят қилган.Ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси бошқача қилиб айтганмизда «Васваса айни Иймондир» бўлади. Бу қанақаси? Ахир васваса шайтондан, иймон Раҳмондан-ку! Васваса Иймоннинг кушандаси-ку! У қандоқ қилиб, айни иймон бўлиши мукин? Бу гап, олов сувдир, деганга ўхшамайдими? Ҳаким ат-Термизийнинг араб тилидаги «Муридлар одоби» китобида васваса ҳақида: «Мурид қалбига васваса тушса, яхшилик аломати, деб билсин. Чунки, шайтон уни йўқлаб қолибди. Одатда шайтон обод бўлаётган қалбларни васваса қилишга уринади. Хароба қалблар шундоқ ҳам унинг мулки ҳисобланади, овора бўлиб уларни васваса қилиб ҳам ўтирмайди. Шайтон обод қалбларни хароба қилиш умидида уларга васваса қилади. Уриниб-уриниб, ниятига эриша олмагач, ташлаб кетади», дейилган. Демак, киши вақтида англаб етиб, Аллоҳ таолодан дарҳол паноҳ сўраса, қалбига тушган васваса унга зарар етказа олмас экан. Бу эса ақийдавий, руҳий-маънавий соғломлик учун ниҳоятда зарурдир.