Ассалому алайкум! 1) Динимизда макрух амаллар ва нотўғри амалларнинг (иримлар) фарқи нимада? Масалан нимага асосланиб чети учган пиёлада чой ичиш макруҳ ва нима учун кўчага чиққанда нарсаси эсига тушса ҳам ортга қайтиб бўлмайди ёки йўлингни қора мушук кесиб ўтса ортга қайтиш керак деган сўзларга ирим дейилади. Мен чети учган пиёлади сув ичиш ёки ичмаслик ҳам кишидаги иримга ишониш ёки ишонмаслигига боғлиқ деб ўйлардим.
Ва алайкум ассалом!
Ҳар бир суннат Аллоҳ таолога муқарраб бўлишга қўйилган нурли бир зинадир. Инсон қанча суннатга кўп амал қилса, Аллоҳга бўлган муқарраблиги шунча зиёда бўлади. Шунинг учун саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар суннатнинг катта ёки кичигини ажратмаганлар. Ҳамма вақт суннатни топиб унга амал қилишга ҳаракат қилганлар. Баъзи вақтларда эшита олмаган суннатларини эшитиб, қаттиқ афсусга тушганлар. Улар наздида инсоннинг инсонийлик эканлиги Аллоҳнинг наздида муқарраб бўлишга қўйилган меъёрлари суннатдан иборат эди. Бидъат эса ўша суннатни ўрнини қоплаган зулматдир. Қанча бидъат кўпайса, шунча суннат йўқолиб бораверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафақат кўриб турган нарсаларига, балки ғайбга ҳам алоқаси бор эди. Аллоҳ таоло у зотга бошқалар кўра олмайдиган нарсаларни кўрсатган. Ҳатто амалларнинг мисолини ҳам кўрсатган. Бир ҳадисларида “Қон олдирганнинг ҳам, олганнинг ҳам рўзаси очилади” деганлар. Бошқа бир ҳадисда ўзлари қон олдирганлари ривоят қилган. Яна бир неча ҳадисларида “фалон ишни қилган, фалон ишни қилмаган мўмин бўлмайди, мусулмон бўлмайди” деганлар. Шунингдек учуқ пиёлада сув ичишдан ҳам қайтарганлар. Бу нарсалар ирим учун эмас, аксинча у зотга қон олдирган ёки олганнинг рўзаси қон тўкканлиги туфайли мукаммал бўлмаганлигини Аллоҳ таоло у зотга кўрсатганлигидан айтганлар. Фалон ишни қилган ёки қилмаганларнинг мўмини комил бўлмасликлари ҳам Аллоҳ таоло тарафидан уларнинг мисоли ўша ишлар туфайли ноқис эканлигини Аллоҳ у зотга кўрсатганлиги учун айтилган. Масалан шайтонлардан омонда бўлиш учун “Оятул курсий” ва баъзи сураларни ўқишни айтганлар. Булар ҳам шулар ўқилганда шайтон қандай ҳолатда бўлишини Аллоҳ у зотга кўрсатганлиги учун айтганлар. Фуқаҳоларнинг назари эса зоҳирига қараб бўлади. Шунинг учун рўзани очилиш ёки очилмаслигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари қон олдирганларига қараб очилмайди деб ҳукм қилаверадилар. Учуқ пиёлада ичишнинг сабабини баён қилиб, “учган жойига шайтон бавл қилиб қўяди” дейилган. Ҳадиснинг матнида шайтон ўтирадиган жой ҳам дейилган. Ҳозирги кун фани у ерга микроб жойлашади деган гапларни сабаб қилишади. Иримларга келсак уларни инсонлар ўзлари тўқиб олишган. Уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилгандек ман қилинган жойлари йўқ. Аксинча бундай иримлардан ўзлари қайтарганлар. Бидъат билан суннатни ажратиш учун биз ҳам саҳобалардек суннатларни қидиришимиз ва ҳар бир билган суннатимизга амал қилишимиз керак. Кундан-кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир суннатларида кўплаб ҳикматлар, шариат макруҳ деган нарсалар остида қанчалар зарарлар борлигини фан тасдиқлаб бормоқда. Шунингдек фан иримчи ота-оналарнинг фарзандлари бадгумон, қўрқоқ, ҳамма нарсага шубҳа билан қарайдиган бўлишини тасдиқламоқда. Валлоҳу аълам!