Ассалому алайкум! Азиз устозлар, муслимаат.уз сайтида ўқишим бўйича: «Қуррат ул-ъуюн» китобида келтирилган ҳадисда намозни ҳеч қандай узрсиз ўқимаганлар учун Аллоҳ таоло 15 та мусибат беради. Улардан 6таси бу дунёда, 3таси жон чикаётганда, 3таси қабрда ва 3таси қиёматда. Ушбу ҳадис саҳиҳми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Бу ҳадис саҳиҳ даражасида эмас. Лекин унда зикр қилинган нарсалар оят ва бошқа саҳиҳ ҳадисларда келган. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида марҳамат қилади :
فِي جَنَّاتٍ يَتَسَاءلُونَعَنِ الْمُجْرِمِينَمَا سَلَكَكُمْ فِي سَقَرَ
40. жаннатларда бир-бирларидан сўрайдирлар… 41. жиноятчилардан: 42. «Сизларни оловга нима киритди?» (деб). Гуноҳкорлар арз-дод қилишга муштоқ бўлиб турганлари учун батафсил жавоб бера бошлайдилар:قَالُوا لَمْ نَكُ مِنَ الْمُصَلِّينَ
43. Улар: «Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик. Бу ояти каримада дўзахийларнинг ўзлари дўзахга тушишларига сабаб бўлган асосий нарсани зикр қилмоқдалар. Аслида, бош сабаб иймонсизлик, лекин Улар: «Намоз ўқийдиганлардан бўлмаган эдик», – дейишмоқда. Демак, намоз билан иймон ажралмас нарсалар экан. Бу оятда мусулмон кишининг ҳаётида намознинг аҳамияти нақадар улкан экани яна бир бор таъкидланмоқда.وَلَمْ نَكُ نُطْعِمُ الْمِسْكِينَ
44. Ва мискинларга таом бермаган эдик. Бу сифат ҳам иймонсизликнинг аломатларидандир. Мискинларга таом бериш иймондан бўлиб, ўз соҳибини Аллоҳнинг азобидан сақлайди. Табиийки, таомга кийим-кечак ва уй-жой ҳам қўшилади. Мискинларга таом бермаслик инсонларни барча разилликларга ҳам борадиган қилиб қўяди. Шу билан бирга, мискинларни жамиятга, қорни тўқларга қарши ҳам қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам мискинларнинг фаровон турмуш кечиришларига ҳисса қўшмаган одам дўзахийликка сазовор, гуноҳкор ҳисобланади.وَكُنَّا نَخُوضُ مَعَ الْخَائِضِينَ
45. Ва ботилга шўнғувчилар билан бирга шўнғир эдик. Яъни ақийда, дин, эътиқод ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларда ботил сўзларни кўп гапирар эдик, ёлғонни кўз юммай, сўзлар эдик.وَكُنَّا نُكَذِّبُ بِيَوْمِ الدِّينِ حَتَّى أَتَانَا الْيَقِينُ
46. Ва қиёмат кунини ёлғонга чиқарар эдик… 47. токи бизга ўлим келгунича», – дерлар. ("Тафсири ҳилол" китобидан Муддассир сураси). Валлоҳу аълам!