Ассалому алайкум! Хурматли устозлар, «Умматимнинг ихтилофи раҳматдир» мазмунидаги хадисни тушунишда ёрдам берсангизлар.
Ва алайкум ассалом! Ихтилоф дегандан Қуръони карим ва муборак суннатларнинг ҳар бир оят ва жумлаларидан бир неча маънолар тушинилиши ва Аллоҳ таоло ҳар бир мужтаҳид имомнинг қалбига ижтиҳод қилинадиган ўринларда улардан бирини танлашни қалбига солишидир. Бу нарса Аллоҳ таолонинг бандалирига чексиз раҳматидир. Шу орқали Қуръон ва ҳадисдан олиниши мумкин бўлган ҳар бир ҳукмни чиқартириб, кейинги аҳли илмга ижтиҳод қилишга ҳожат қолдирмаган. Зарурат тақозосига кўра вақт, ҳолатнинг эътибори билан уларнинг ҳар бирига амал қилинади. Оддий мисол қилиб келтирсак, ҳозирги кундаги молиявий масалаларда мазҳаблар бирлашишни бошлаган. Яъни милионлаб, балки милардлаб одамлар бу соҳада фаолият юритаётган бўлсалар уларнинг бу ишларидан қайтариш ўрнига тўрттала мазҳабдан қайси бирига тўғри келса ночорликдан ўша мазҳабнинг қавлига фатво берилмоқда. Яна бир мисол эри урушга кетиб дом-даркасиз йўқолиб кетган аёл ҳанафий мазҳабининг Қуръон ва ҳадисдан ижтиҳоди билан бир қавлида 90 йил яна бирида эрининг тенгқурлари вафот топгунларича кутиши айтилган. Моликий мазҳабида эса Қуръон ва ҳадисдан ижтиҳод қилиниб 4 йил кутиши, топилмагач қози никоҳни бекор қилиб аёл бошқага никоҳланиши мумкинлиги айтилган(албатта текширув ва уламолар ҳайъати ўрганиб чиққандан кейин). Ҳозирга келиб ишлагани кетиб дом-дараксиз йўқолиб кетаётган кишилар кўпайди. Ортидан қолган аёллари нон-нафақасиз ёки жинсий ҳаётсиз азобга мубтало бўлишмоқда. Бу инкор қилинадиган гап эмас. 1-2 кишига ҳам тегишли эмас. Бу фасодни олдини олиш учун ҳанафийлар ҳам моликийлар қавлини олишга ва унга фатво беришга мажбур бўлишди. Агар ижтиҳод раҳмат бўлиб мужтаҳидларнинг қавли бир нечта бўлмаганида ҳанафийларда фасоднинг олдини олишни имкони йўқ эди. Бу каби мисоллардан юз минглаб келтириш мумкин. Валлоҳу аълам!