Ассалому алайкум! Излаш хизматидан олган маълумотларимдан керакли хулоса чиқара олмаяпман. Савол: Маълумки, Рамазон ойи рўзасини тўлиқ тутиб, сўнгра Шаввол ойидан 6 кун рўза тутилса, йил бўйи рўза тутганлик савобига эга бўлинади. Шу насибадан умидвор бир инсоннинг 30 кундан ортиқ қазо рўзаси бор. Албатта фарз рўза нафлдан устун тургани боис, аввал қазоларни адо қилиш лозим бўлади. Шунга кўра қазоларни тўхтатмасдан тутган тақдирда ҳам Шаввол ойидаги 6 кунлик нафл рўзани тута олмайди (Шаввол ойидан чиқиб кетган ҳисобланади). Шу 6 кунлик нафл рўза (Рамазон ойидаги билан ҳисоблаганда йил бўйи рўза тутганлик) савобига қандай эришса бўлади? Жавоб учун аввалдан ташаккурлар!
Ва алайкум ассалом! Икки ниятни бир ибодатда жамлаш ҳақида Ҳанафий мазҳабимизда икки ибодатга ниятни бир ибодат остида жамлаш ҳақида шундай келган: “Икки ибодатни орасини ниятда жамлаш икки хил бўлади. Биринчиси васила-воситаларда жамлаш бўлиб, бунга жумъа кунги ғуслни мисол қилиш мумкин. Бир киши жума куни ғусл қилишда ҳам жума учун ҳамда жанобатдан покланиш ғуслини ният қилса жоиз бўлади, иккисини савобига эришади. Иккинчи жамлаш эса мақсадларда бўлади. Бунда икки фарзни ёки икки нафлни ёки фарз ва нафлни жамлаб ният қилиш билан бўлади. Энди икки икки фарзни бир ниятга жамлаш намоз ва бошқа ибодатларда намоён бўлади. Агар намозда икки фарзни ният қилса, масалан пешин ва аср намозларини ўқийман деб тўрт ракаатга ният қилса, иккиси ҳам дуруст бўлмайди. Аммо буни рўза тутишда қилса, масалан зиммасидаги қазо ва каффорат рўзасини жамлаб бир кун рўза тутишни ният қилса, фақт қазога ўтади. Агар фарз ва нафлни жамлаб ният қилса, масалан пешинни фарзи ва суннатини деб тўрт ракаатга ният қилса, Имом Абу Юсуфнинг наздларида бу суратда фарзга ўтади, нафлга қилган нияти бекор бўлади. Имом Муҳаммадга кўра эса, фарзга ҳам нафлга ўтмайди. Худди шундай ниятни закот масаласида қилса, масалан фарз закотни ва нафл садақани ният қилса, закотга ўтади. Рўза ҳам шу кабидир. Имом Муҳаммад эса нафлга ўтади деганлар. Аммо бир ният билан икки нафлни жамласа, масалан бомдодни суннати билан таҳийятул масжидни бирга ният қилса, иккисига ҳам ўтади. Сиз қазони ният қилиб, шаввол ойида рўза тутинг, савобга дохил бўлаверасиз. Валлоҳу аълам!