Ассалому алайкум! Азиз устозлар, жавобингиз учун рахмат. Аллоҳ рози бўлсин. Сизларга яна бир савол билан мурожаат қилмоқдамиз. "Тутқаноқ" касалигига чалинган бир аёл бор. Ўзи намозларида бардавом, сатри авратда юрадиган тақводор аёл. Унинг шифокори оч юришингиз мумкин эмас, айтилган дориларни ўз вақтида ичишингиз керак ва яна хеч қачон ёлғиз юрманг деб тайинлабди. Бу аёл "бир умр рамазон рўзасини тутаолмасам, фидя бергани ҳам имконим бўлмаса, шу рўзани ўрнига яна қандайдир ўринбосар борми, ичим эзилиб кетади. Қанийди соғлом бўлсаму мен ҳам барча қатори рўзамни адо қилсам" деб кўзлари ёшланади. "Бизга ўхшаганларга ҳам бирор нажод бормикин" дейди. Ҳурматли устозлар шундай ҳолатда нима қилиш лозим? Аллоҳ сизларни барча ҳайирли ишларингизда Ўзи мадад берсин!
Ва алайкум ассалом! Тутиб тажриба қилиб кўради. Агар қодир бўлса тутиб беради, қодир бўлмаса қишнинг қисқа кунларида қазосини тутиб беради. Мабодо шуни ҳам саломатлиги кўтармаса фидя беради. Агар фидя беришга қодир бўлмаса истиғфор айтади.
عَنْ عَطَاءٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَلَا أُرِيكَ امْرَأَةً مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ؟ قُلْتُ: بَلَى، قَالَ: هَذِهِ الْمَرْأَةُ السَّوْدَاءُ أَتَتِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ: إِنِّي أُصْرَعُ، وَإِنِّي أَتَكَشَّفُ، فَادْعُ اللهَ لِي، قَالَ: إِنْ شِئْتِ صَبَرْتِ وَلَكِ الْجَنَّةُ، وَإِنْ شِئْتِ دَعَوْتُ اللهَ أَنْ يُعَافِيَكِ، فَقَالَتْ: أَصْبِرُ، قَالَتْ: إِنِّي أَتَكَشَّفُ فَادْعُ اللهَ لِي أَلَّا أَتَكَشَّفَ، فَدَعَا لَهَا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ
Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳу менга: «Сенга жаннат аҳлидан бўлган бир аёлни кўрсатайми?» деди. «Ҳа», дедим. «Мана бу қора хотин. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Мени тутқаноқ тутади. Шунда очилиб қоламан. Аллоҳга менинг ҳақимда дуо қилинг», деди. «Агар истасанг, сабр қилурсан ва сенга жаннат бўлур. Агар истасанг, Аллоҳга сен учун офият сўраб, дуо қилурман», дедилар у зот. «Сабр қилурман. Аммо очилиб кетишим бор. Аллоҳга менинг очилиб кетмаслигимни сўраб, дуо қилинг», деди аёл. Бас, у зот унинг учун дуо қилдилар». Икки шайх ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу ҳадисда саҳобаи киромларнинг жаннат йўлида ҳар қандай қийинчиликларга сабр қилишга тайёр эканликларининг бир намунаси баён қилинмоқда. Суъайра ал-Асадия исмли оддий бир қора танли, жуссали саҳобия аёл бўлган эканлар. У киши тутқаноқ касалига, тутқаноқ бўлганда ҳам, энг шиддатлисига мубтало бўлибдилар. Хасталик келиб, думалаб қолганда баданларининг маълум қисмлари очилиб ҳам кетар экан. Афтидан, аёлни асосан ташвишга солган нарса ҳам очилиб кетишлари бўлса керак. Шунинг учун ҳам у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилганларида: «Мени тутқаноқ тутади. Шунда очилиб қоламан. Аллоҳга менинг ҳақимда дуо қилинг», деди». Агар у аёлни фақат тутқаноқ хасталиги ташвишлантирганда, ўшанинг ўзини айтиб қўя қолар эди. Чунки тутқаноқ бўлмаса, очилиш ҳам бўлмайди. Унинг асосий ташвиши баданининг ўз ихтиёридан ташқарида очилиши эди. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан дуо умидида келган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ихтиёрни кенг қўйдилар. «Агар истасанг, сабр қилурсан ва сенга жаннат бўлур. Агар истасанг, Аллоҳга сен учун офият сўраб, дуо қилурман», дедилар у зот». Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сабр орқали эришиш мумкин бўлган нарсани эслатиб қўйдилар. Ихтиёрни аёлнинг ўзига ташладилар. Олдин дуони қилиб қўйиб, кейин тушунтирганларида, аёл афсус қилиши эҳтимоли бор эди. Шунинг учун ҳам баъзи кишилар ёрдам сўраб келганда уларга ўша ишнинг ҳамма томонини баён қилиб бериш, ўзига танлаш имконини яратиш керак экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларидан кейин аёл, ҳозирги кунда чексиз қаҳрамонлик саналса ҳам, ўша вақт учун оддий ҳисобланган йўлни танлади. «Сабр қилурман. Аммо очилиб кетишим бор. Аллоҳга менинг очилиб кетмаслигимни сўраб, дуо қилинг», деди аёл». Яъни «Жаннатга кириш умидида тутқаноқ хасталиги шиддатларига, қийноқларига сабр қиламан. Тутқаноғимнинг тузалиши ҳақида Аллоҳга дуо қилмасангиз ҳам майли. Аммо тутқаноқ тутган пайтда очилиб кетишим мен учун катта мусибат, шуни йўқ қилишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилишингизни сўрайман». «Бас, у зот унинг учун дуо қилдилар». Аёлнинг тутқаноғи тутганда бадани очилмайдиган бўлди. Ўзи эса дардга сабр қилгани учун жаннатга кириш ваъдасини олди. Бу ваъда ҳақ ваъдадир. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳуга юксак даражадаги ҳавас ва эҳтиром ила: «Сенга аҳли жаннатдан бўлган бир аёлни кўрсатайми?» демоқдалар. Ҳа, мўмин-мусулмон банданинг беморликка сабр қилиши унинг жаннатга эришишига сабаб бўлар экан. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!