Жаъфар ибн Муҳаммаддан, у отасидан ривоят қилинади:«Уч тоифа одамнинг дуоси қабул бўлмайди. Ўз қариндоши зиддига дуо қиладиган одамнинг, ҳолбуки, унга силаи-раҳм қилиш буюрилган эди. Бир киши хотинини дуоибад қилиб Аллоҳдан ўзини ундан қутқазишни сўрайди. Ҳолбуки, Аллоҳ унинг қўлига анинг талоғи бериб қўйибди. Бировнинг зимасида моли бор-у, уни ёзмаган ва гувоҳи ҳам йўқ одамнинг». Шарҳ: Бу ривоятдан яқин ва бир-бирида ҳақи бор кишиларнинг дуоибадлари қабул бўлмаслигини билиб оламиз. Мисол тариқасида улардан уч тоифаси зикр қилинмоқда. Биринчиси - Ўз қариндоши зиддига дуо қиладиган одамнинг дуоси қабул бўлмайди.Қариндошлик бурчи, вазифаси – унга силаи-раҳм қилиш, яхшилик қилиш керак эди. Бу одам эса қариндошини зиддига дуо қилаяпти. Шунинг учун бу одам Аллоҳнинг амрига хилоф иш қилганлигидан дуоси қабул бўлмади.Иккинчиси - бир одам бор хотинини дуои-бад қилаяпти. Эй худо, шундан мени қутқаргин, деяпти. Бу одамни ҳам дуоси қабул бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло талоқни унинг қўлига бериб қўйган. Хоҳламасанг қўйвор буни, қарғаб нима қиласан. Худо буни олгин, мени бундан қутқаргин, дейишнинг нима кераги бор? Аллоҳ сенинг қўлингга талоқни бериб қўйибди. Бировни қарғаб, унга ёмонлик тилаб дуо қилишдан кўра, шундай номаъқул даражага етган бўлсанг ажраш, аёл ҳам кунини кўрсин. Демак, бир осон йўли туриб туриб, бировга ёмонликни ният қилиб дуо қилиш ҳам дуони қабул бўлмаслигига олиб келар экан.Яна бир одам бор экан бошқа бировга қарзга мол берган. Ўша қарзни ёзиб ҳам қўймаган, гувоҳ ҳам қилмаган. Молимни еб кетди, деб шикоят қилиб, дуоибад қилиб юрибди. Ахир шуни ёзиб қўйса бўлармиди?! Гувоҳ бўлса, гувоҳ билан бориб сўрайсан. Ёзиб қўйган бўлсанг, ёзганингни кўрсатиб, мана қарзингга имзо қўйгансан, бер дейсан. Яъни чорасини, тадбирини кўрмай қўйиб орқасидан дуо қилиш ўринсиз.Мана шу ерда бир ишора, ота-оналарга, болаларингизни ҳаққига дуои-бад қилмаларингиз, чунки сизларнинг болаларингиз, уларга доим яхшилик қилиш, тарбия бериш сизларнинг ўзларингизга топширилган эди, энди боладан бир нарса ўтаётган бўлса ўзингларда ҳам бир гап бордир-ки мана шу нарса келаётгандир, маъносидаги эслатма ҳисобланади.Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:1. Дуоси қабул бўлмайдиган одамлар борлиги.2. Қариндоши зиддига қилинган дуо қабул бўлмаслиги.3. Қариндошларга силаи раҳм қилиш зарурлиги.4. Эрнинг хотини зиддига қилган дуоси қабул бўлмаслиги.5. Бировга қарз бергандан уни ёзиб қўймаган ёки гувоҳ қилмаган одамнинг қарздор зиддига қилган доси қабул бўмаслиги.6. Қарз олди-бердисини ёзиб қўйиш ва бу ишни гувоҳлар иштирокида қилиш кераклиги.