Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Айбини беркитиб сотиш

11:59 / 21.08.2017 | Abdullah | 1203

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, савдо соҳасида иш юритаман, мeбeл магазинда савдогар бўлиб ишлайман. Кeча бир шундай воқeа юз бeрди. Бир мижоз юмшоқ мeбeл сотиб олди ва ёнида журналный столи ҳам бор эди. Уни браки, яъни озгина титилган жойи боракан, ман буни шeрикларимга айтсам “хеч нима қилмайди, обориб бeрурамиз, агар мижоз кўриб қолса алмаштириб бeрамиз” дeйишди. Мижоз хабар топмади, обориб ташлаб кeлдик. Айтингчи устозлар, шундай ҳолатда гуноҳи кимга бўлади? Бошлиғимизга шуни хабарини бeрайми? Агар бошлиқни ўзи ҳам шу ишни қилишига қаршилик қилмаса бизга топганимиз ҳалол бўладими? Бу биринчи марта бўлаётган воқeа эмас, дeярли ҳар доим бўлиб туради. Ҳадисларда ўқиганимда бир жойда ёмонлик бўлса қайтариш кeрак дeганини. Савдода айбини айтиб сотиш кeраклигини биламан, лeкин шeрикларимга ҳар сафар шу нарсани тушунтирмоқчи бўлсам “сан бeрилиб кeтибсан, тақводор бўп кeтибсан” дeб гапимни иноботга олишмайди.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Молдаги айбни олди-сотдида беркитишлик ҳаром амаллардан ҳисобланади. Шунинг учун мусулмон молини айбини айтишлиги ёки ҳеч бўлмаганда молни қараб олинг кейинчалик айби чиқса, мен унга кафил бўлмайман дейиши зарурдир.

لَا يَحِلُّ كِتْمَانُ الْعَيْبِ فِي مَبِيعٍ أَوْ ثَمَنٍ ؛ لِأَنَّ الْغِشَّ حَرَامٌ 

“Мол ёки пулдаги айбни яшириш ҳалол эмас. Чунки, алдов ҳаромдир” (Раддул муҳтор).

إذَا بَاعَ سِلْعَةً مَعِيبَةً، عَلَيْهِ الْبَيَانُ وَإِنْ لَمْ يُبَيِّنْ قَالَ بَعْضُ مَشَايِخِنَا يَفْسُقُ وَتُرَدُّ شَهَادَتُهُ 

“Айбли молни сотаётганда айбини айтиб сотиш вожиб бўлади. Агар баён қилмаса, баъзи машойихларимиз (ўша сотувчи) фосиқ бўлади ва шаҳодати рад этилади деганлар” (Раддул муҳтор).

وَصَحَّ الْبَيْعُ بِشَرْطِ الْبَرَاءَةِ مِنْ كُلِّ عَيْبٍ وَإِنْ لَمْ يُسَمِّ بِأَنْ قَالَ بِعْتُك هَذَا الْعَبْدَ عَلَى أَنِّي بَرِيءٌ مِنْ كُلِّ عَيْبٍ 

“Номларини айтмай ҳар бир айбдан бароатни шарт қилиб олди-сотди қилиш дуруст бўлади. Масалан, бу қулни барча айбидан бариъман (яхшилаб кўриб олинг кейин айби чиқса, тан олмайман) деб сотиш каби”. (Раддул муҳтор). Ҳаромни кўриб туриб қайтариш керак эди. Қайтармасангиз сиз ҳам шерик бўлиб қоласиз.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَذَلِكَ أَضْعَفُ الْإِيمَانِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Бошқа муҳаддислар бу ҳадиси шарифни кўпроқ амри маъруф ва наҳйи мункар бобида келтирадилар. Бизнинг муаллифимиз эса иймоннинг зиёда ва кам бўлиши бобида келтирибдилар. Бунинг фарқи йўқ, иккиси ҳам баробар. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин-мусулмон кишининг мункар, Ислом дини томонидан инкор қилинган ишларга нисбатан муносабатига қараб, иймони кучли ёки заиф бўлишини баён қилмоқдалар. «Мункар иш» деганда дин, шариат томонидан инкор қилинган ёмон иш тушунилади. Чин мўмин инсон ўз жамиятида бўлаётган мункар ишни кўриб-билиб туриб, бефарқ қола олмайди. Мўмин киши мункар ишни кўрганида уч ҳолатдан бирида бўлиши мумкин, холос:
1. «Мункар ишни қўли билан қайтариш».  Бу «куч ишлатиб» деган маънони билдиради. Яъни бўлаётган ёмон ишни тўхтатиш, уни қайтариш учун куч сарфласин. Бу кўпроқ қўлида ҳукми бор, имкони бор мўминларга тегишли бўлади. Яна мункарни қайтаришдан олдин ҳолатга қаралади. Ҳар қандай шахс аралашса бўладиган, кучи етадиган иш бўлса, албатта, ўша одамга бу мункарни куч билан қайтариш вожиб бўлади.
2. Мункар ишни тили билан қайтариш.  Бу қўли билан қайтаришга қодир бўлмаганларнинг иши. Бу иш иккинчи навбатда, биринчисига қодир бўлмаган тақдирдагина жорий бўлади. У вақтда мўмин-мусулмон одам тили билан гапириб, мункар ишнинг ёмонлигини баён этади, уни қилмасликка чақиради. Бу иш ҳар бир имкони бор мўминга вожибдир. Иймони тақозо қилган бурчдир. Лекин гоҳи вақтларда зулм, тазйиқ ҳаддан ошиб, оғиз билан гапирган мўминга зарар етиши, унинг жонига, шахсига ва бошқа томонларига таҳдид солиниши мумкин. Бундай ноилож ҳолда қолган одам сўнгги, учинчи даражага тушишга мажбур бўлади.
3. Мункар ишни дили билан қайтариш. Чин дилдан «шу иш бўлмаслиги керак эди, аммо, минг афсуски, бўлди. Бу ишни қўлим билан ўзгартиришим керак эди, аммо қила олмадим. Бу ишни ҳеч бўлмаса тилим билан ўзгартиришим керак эди. Аммо буни ҳам қила олмадим. Энди дилим билан инкор қилишдан бошқа чорам қолмади», дейилади. Бу эса энг заиф иймон бўлади. Бундан ҳам заиф иймон бўлиши мумкин эмас. Буни ҳам қилмаса, ўша заиф иймон ҳам қолмайди. Иймони кучли мўминлар эса ҳеч нарсадан қўрқмай, мункар ишни ўз вақтида инкор қиладилар. Аллоҳ хоҳласа, «Амри маъруф ва наҳйи мункар» бобида бу ҳақда батафсил сўз юритамиз. Ушбу бобда эса ёмонликни инкор қилиш иймонга тааллуқли иш эканлигини яхшилаб тушуниб олишимиз лозим. Киши ёмонликни қанчалик кўп инкор қилса, қайтарса, шунчалик иймони зиёда ва бақувват бўлишини тушуниб олишимиз керак. Аксинча, ёмонликни инкор қилиши қанчалик оз ва кучсиз бўлса, иймони ҳам шунчалик заифлашиб боришини билмоғимиз лозим. Ана ўшанда нима учун иймонсиз жамиятда, иймон билан иши йўқ, иймон қадрланмайдиган жамиятда ёмонлик кўпайиб кетишини англаб етамиз. Ана шундагина Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини – Исломда мункар ишни ўзгартиришга, инкор қилишга бунчалар катта аҳамият берилганини тушуниб етамиз. Ана шундагина нима учун мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қилган даврларида дунёдаги пешқадам миллат бўлганларини англаб етамиз. Ана ўшандагина нима учун мусулмонлар бу ҳадисга амал қилмай қўйганларида тушкунлик томон юз тутганларини тўғри фаҳмлаймиз. Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Мункар ишларга нисбатан муросасиз бўлиш. 2. Имкони бўлса, мункар ишни қўл билан қайтариш, ўзгартириш. 3. Қўл билан қайтаришнинг имкони бўлмаганда мункар ишни тил билан қайтариш. 4. Қўл билан ҳам, тил билан ҳам қайтаришнинг имкони бўлмаганда дил билан қайтариш. 5. Мункар ишни дил билан қайтариш энг заиф иймон эканлигини англаш. Бу ҳадиснинг ҳикматлари ва инсониятнинг мазкур ҳикматларга эҳтиёжи ҳақида қанча гапирсак, шунча оз. Чунки, ёмонни ёмонлик қилишдан қайтармаслик ҳар қандай жамиятни, бора-бора бутун инсониятни ҳалокатга олиб бориши турган гап. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat