Ассалому алайкум! Биз машинамизми бўлиб тўлаш учун сотган эдик, лекин машина урилганини айтмаган эдик. Орамизда маълум бир сумма қолган, сўрасак беришни ҳоҳламаяпди. Алдаб сотганингиз учун бермиман деяпди. Бунда нима қилиш керак? Икки тараф рози ризочилик қилиб ўртани ислоҳ қилайликми? Судга бериб бериб олсак ҳам бўлади, лекин қиёмат кунидан қўрқяпмиз?
– Ва алайкум ассалом! Шариатимизда “хиёрул айб” деган масала бор.
Агар ийжобдан кейин орада савдодан бошқа масалага ўтиш содир бўлса, ихтиёр ҳаққи қолмайди.
عَنْ حَكِيمِ بْنِ حِزَامٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ الْبَيِّعَانِ بِالْخِيَارِ مَا لَمْ يَتَفَرَّقَا، فَإِنْ صَدَقَا وَبَيَّنَا، بُورِكَ لَهُمَا فِي بَيْعِهِمَا، وَإِنْ كَتَمَا وَكَذَبَا، مُحِقَتْ بَرَكَةُ بَيْعِهِمَا
Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сотувчи ва олувчи, модомики айрилиб кетмасалар, ихтиёрлари ўзлари биландир. Агар улар рост гапириб, очиқ-ойдин баён қилсалар, икковларига ҳам савдоларида барака бўлади. Агар ёлғон гапирсалар ва беркитсалар, савдоларининг баракаси ўчирилади», дедилар».
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ كُلُّ بَيِّعَيْنِ لَا بَيْعَ بَيْنَهُمَا حَتَّى يَتَفَرَّقَا إِلَّا بَيْعَ الْخِيَارِ رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир сотувчи ва олувчи ажралгунларича ораларида савдо йўқ, фақат хиёр савдоси мустасно», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ва шунга ўхшаш ҳадислардаги ихтиёр ҳаққи ҳам ҳанафий мазҳаби бўйича, қабул қилиш ихтиёридир, мажлис тамом бўлгунча чўзиладиган ихтиёр эмас.
Аллоҳ таоло Моида сурасида:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَوْفُواْ بِالْعُقُودِ
«Эй иймон келтирганлар! Аҳдномаларга вафо қилинг!» деган (1-оят).
Ийжоб ва қабул собит бўлганидан кейин савдо аҳдномаси охирига етган бўлади. Бу ҳолдан кейин айниган одам аҳдномага вафо қилмаган бўлади. Мўмин кишининг бу ишни қилиши дуруст эмас.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلاَّ أَن تَكُونَ تِجَارَةً عَن تَرَاضٍ مِّنكُمْ
«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли», деган (29-оят).
Ўзаро розилик ила ийжоб ва қабул орқали бажарилган тижоратдан кейин айниш ушбу ояти каримага хилоф бўлади.
Шунинг учун ийжоб ва қабулдан кейин фақат савдо молидаги айб, уни кўрмаганлик ёки шарт вужудга келмагани туфайлигина байъни бузиш мумкин. Бошқа ҳолатларда байъ лозим бўлади.
Савдо моли ва баҳони аниқ билиш лозим. (“Кифоя” китобидан).
Сотилган молни айби чиқиб қолса
Бир киши бирор нарсани сотиб олганидан кейин, унинг айби чиқиб қолса ва у айб сотувчининг хузурида ҳам мавжуд айб эканлиги маълум бўлса харидор уни сотиб олаётган вақтда унинг айби бор эканини билмаган бўлса ёки мукаммал билмаган бўлса, сотиб олаётган вақтда айбига розилигини изҳор қилмаган бўлса, икки нарсадан бирини ихтиёр қилиш ҳаққига эга бўлади.
Хоҳласа қийматининг барчасини эвазига молни ўз ҳузурида олиб қолади ёки пулни олиб молни қайтариб беради. Айбининг эвазига қийматидан камайтиришликка ҳаққи йўқ. Лекин сотувчи молни харидорда қолдириб, айбининг эвазига қийматидан кечиб беришликка рози бўлса харидор молни қайтариб бермай айбининг эвазини олиши мумкин.
مطلق البيع يقتضي سلامة المبيع و كل ما اوجب نقصان الثمن في عادة التجار فهو عيب إذا علم المشتري بالعيب عند الشراء او عند القبض و سكت فقد رضي به و إذا اطلع المشترى على عيب فإن شاء اخذ المبيع بجميع الثمن و ان شاء رده و ليس له اخذه و اخذ النقصان إلا برضاء البائع لأن الأوصاف لا يقابلها شيءٌ من الثمن بالعقد. الإختيار لتعليل المحتار للمصلي
Мутлоқ (шартлар қўйилмаган) байъ сотилган молни саломат ҳолда бўлишини тақозо қилади. Савдогарлар одатича қийматини тушириб юборадиган камчиликлар молнинг айби саналади. Харидор молни сотиб олаётган ёки қўлга олаётган вақтида молнинг айбини билиб сукут қилса, айбига рози бўлган саналади. Агар харидор (кейинчалик) молни айбини билиб қолса хоҳласа берган пулини барчаси эвазига молни ўзида олиб қолади, агар хоҳласа молни қайтариб беради. Молдаги айб туфайли молнинг қийматини бир қисмини камайтиришга ҳаққи йўқ. Чунки келишув битимини тузиш билан молни баъзи бир сифатлари эвазига қиймат белгиланмайди. Лекин сотувчи ўз ихтиёри билан молнинг нуқсони эвазига пулидан ўтиб берса жоиз.
Харидор молнинг айби чиқиб қолганлиги туфайли сотувчига қайтариб бериш ҳуқуқига эга бўлиши учун бир неча қайдлар мавжуд.
1-сотиб олаётган вақтида айби бор эканлигини билмаган бўлсин. Айби борлигини билатуриб сотиб олиб кейин “айбини тўғрилаб бер” деб қайтариб беришга ҳаққи йўқ.
2-молни қўлга олаётган пайтда айби борлигини билмаган бўлсин.
3-молнинг айби туфайли қайтариб бериши учун айб савдогарлар наздида молнинг қийматини туширадиган даражада бўлсин. Мисол учун кийимга қон ёки доғ теккан бўлиб, уни ювиш ила қиймати тушадиган бўлса, қайтариб бериш ҳаққига эга. Агар ювганидан кейин қиймати ўзгармаса қайтариб бериш ҳаққига эга бўлмайди.
4-харидор молнинг айбини билган захоти молдан фойдаланишни тўхтатади. Айбини билгандан кейин ҳам фойдаланса қайтариб бериш ҳаққи бекор бўлади. Уламоларимиз бунга мисол қилиб, “Бир киши улов сотиб олиб, айбини билганидан кейин уни хайдашда давом этса, ўша нуқсони туфайли сотувчига қайтариб бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Эгасига қайтариб олиб бориш учун хайдаса бундан мустасно” деганлар.
5-ҳаридор молни қайтариб бергунигача ўша молга сотувчи хузуридаги нуқсондан ташқари бошқа, нархини туширадиган нуқсон етказиши керак эмас. Мисол учун тикувчи бир матони олиб, кийим учун бичиб қўйганидан кейин унинг айби чиқиб қолса қайтариб бериш ҳуқуқига эга бўлмайди. Лекин айбни эвазига матога тўлаган нархдан маълум қисмини қайтариб олса бўлади.
Сотувчи бирор молни сотаётган вақтда харидорга уни кўрсатиб “Кейинчалик молни айби чиқиб қолса мен уни зиммамга олмайман” деб сотишлиги шаръан жоиз. Сотувчининг бу сўзидан кейин харидорга молнинг айби маълум бўлса, қайтариб беришга ҳеч қандай ҳаққи бўлмайди. Юқоридаги масалада эса сотувчи ушбу сўзни айтмаган суврат кўзда тутилган.
Ҳадисларда, сотувчи молнинг айбини айтмасдан сотса фаришталар уни лаънатлашлиги зикр қилинган.
“Баҳрурройиқ” китобида : “Молнинг айбини айтмасдан сотишлик ҳаром. Ҳамда бу ишни қилган киши фосиқликка ҳукм қилиниб, гувоҳлиги қабул қилинмайди” дейилган. Баъзилар уламолар эса “Фосиққа ҳукм қилиниб гувоҳлиги қабул қилинмаслиги учун сотувчи билиб туриб қасддан сотган бўлса” дейишган. Валлоҳу аълам!