3. ИЖТИҲОДГА АҲЛ БЎЛИШ ЁКИ УНИНГ ШАРТЛАРИБаъзи кишилар гумон қилганларидек, ижтиҳод ҳамма одам ҳам қила оладиган умумий иш эмас. Унга ҳар бир инсон журъат қилишга ҳақи йўқ. Ижтиҳод жуда ҳам нозик мутахасислик бўлиб, бу фақат уламолардан жуда ҳам юқори даражага етган оз тоифаларгагина насиб қилади. Ижтиҳод қиладиган уламолар ўзларида муайяян сифатларни баркамол қилган бўладилар. Ўша сифатлар уларга шаръий далилдан шаръий ҳукм истинбот қилиш аҳлиятини беради. Ушбу сифатларга соҳиб уламолар юқори даражадаги энг охирги нуқтагача бўлган илмий жидду жаҳдларини сарф қилган ҳолда шаръий далилдан шаръий ҳукмни олишга эришишларини тақозо қилади. Мазкур уламоларнинг ҳузурида маълум даражада малака, қудрат бўлиш керак. Улар ана шу қудрат малака билан шариатни ҳукмини кенг доирада фаҳмлаб етадилар. Шунинг учун, дунёдаги барча илмий мутахассисликларда бўлгани каби диний ишлардаги ижиҳод ҳам муайяян шартлар мавжуд бўлиши керак. Қандоқ одам мужтаҳид ҳисобланади деган саволга уламоларимиздан баъзилари қуйидаги жавобни берганлар:«Инсон қуйидаги беш илмни жамлаганда мужтаҳид бўлади:1. Аллоҳ таолонинг Китоби илми.2. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам суннати илми.3. Усулул фиқҳ илми.4.Салафларни қавллари, ижмоъ ва ихтилофлари илми.5. Луғат илми.6. Қиёс илми.Қуйида ўша шартларни қисқача айтиб ўтилади; 1. Биринчи шарт Аллоҳ таолонинг Китоби илми.Маълумки, Аллоҳ таолонинг китоби деганда, албатта, Қуръони Карим кўзда тутилади. Қуръони Карим Исломнинг дастури, асосий қонуни ҳисобланади. Ушбу асосий қонунни яхши билмаган одам мужтаҳид бўла олмайди. Бинобарин ундоқ одам Ислом жамиятида олимлик ёки фақиҳлик даъвосини қила олмайди.Қуръони Каримда ворид бўлган шаръий аҳкомларни яхши билсин. Оятлардаги маъноларни, ҳар бир сўзнинг маъносини яхши билсин, улардан таркиб топган арабча жумлаларнинг маъносини яхши билсин. Уларнинг маънони ифода этишдаги хусусиятларини яхши билсин. Шу билан бирга, фақатгина маънони билиб қолмасдан ана шу сўзлар ва жумлаларнинг шаръий маъноларини ҳам яхши билсин. Уларнинг иллатини, сабабини ва нима учун улардан шаръий аҳкомлар чақирилаётганини билсин. Шуниндек, лафзни далолат қилиш тарафларини яхши билсин. Иборат юзасидан далолат қиляптими ёки ишорат юзасиданми, далолат юзасиданми ёки тақозо юзасиданми. Ҳукмни мантуқдан олинадими ёки мафҳумданми. Лафзнинг оми бор, хоси бор, муштараки бор, мужмали бор, муфассали бор, муташобиҳи ва бошқалари бор. Буларнинг ҳаммасини жуда яхши билиш керак. Аҳком оятлари кўп эмас. Уларни қисмларга тақсимлаш ва мажмуаларини осонлик билан билиб олиш мумкин. Ибодат ҳақида келган оятлар, муомалот ҳақида келган оятлар, уқубат ҳақида келган оятлар, жазолар ҳақида келган оятлар ва оилавий ахволлар тўғрисида келган оятлар. Шу билан бирга, Ислом жамиятининг ўзидан бошқа жамиятлар билан ёки якка кишилар билан ичкарида ва ташқарида қиладиган муомалалари, алоқалари тўғрисидаги оятлар бўлади.2. Мужтаҳидга қўйиладиган иккинчи шарт Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам суннати илми.Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Ислом шариатининг Қуръони Каримдан кейинги иккинчи масдаридир. Бу масалаларни яхши билмаган одам ҳам мужтаҳид бўла олмаслиги, бинобарин, мусулмонлар ичида олим ҳам, фақиҳ ҳам бўла олмаслиги турган гап.Мужтаҳид бўладиган одам аҳком ҳадисларини луғат жиҳатдан ҳам, шариат жиҳатидан ҳам худди Қуръоннинг аҳком оятларини ўзлаштиргани каби яхши ўзлаштирган бўлиши керак. Бу ерда Қуръондан зиёда билиш керак бўлган нарса, ҳадиснинг санадини билиш зарурати ҳам бор. Санад дейлганда ҳадиснинг бизгача етиб келиш йўли тушунилади. У мутавотир бўлиши, машҳур бўлиши ёки оҳод бўлиши мумкин. Шу билан бирга, яна ҳадисларнинг ровийлари адолатлими ёки адолатли эмасми эканини билмоғи лозим. Ана шунда ҳадисларнинг саҳиҳини заифидан ажратиб олиш имконига эга бўлади. Ҳозирги замонга келиб аҳком ҳадислар танилиб бўлди. Уларни жамлаб алоҳида китоблар ҳам қилинди. Ёзилган китоблар машҳур бўлди, шарҳ қилинди, турли бобларга бўлинди. Мисол учун, мана шундай китоблардан имоми Санъонийнинг «Субулус Салом» деб номланган, имоми Шавконийнинг «Найлул автор» деб номланган китобилари бор. Ҳанафий мазҳаби бўйича Мулла Али Қори р-ҳ.нинг «Микотул Масобийҳ» номли китоби жуда ҳам машҳур.Қуръонни ва суннатни яхши биламан дейдиган одам носих ва мансух илмини ҳам яхши билиши керак. Мужтаҳид бўлган одам билмасдан мансухга суяниб ҳукм чиқариб қўйса, ҳукми ботил бўлади. Мана шу борада баъзи бир носих мансух тўғрисида келган китобларга назар солиш лозим бўлади. Масалан, Абу Жаъфар Наҳҳаснинг китоби ва Тоҳавийнинг «Мушкилул асор» китоби кабилар.3. Учинчи шарт мужтаҳид бўладиган одам Усули фиқҳ илимига олим бўлишидир. Чунки, Усули фиқҳ илми ижтиҳоднинг устини ва пойдеворидир. Ижтиҳоднинг биноси Усули фиқҳ деб аталмиш илм пойдеворларига қурилади. Чунки, шаръий ҳукмга далолат қилувчи тафсилий далил қайси кайфиятда келгани, амр шаклидами, наҳйи шаклидами, умум шаклидами, хусус шаклидами, мутлақми, муқайяядми ва бошқаларни Усули фиқҳдан олим бўлган кишигина тушуниши, ажратиши мумкин. Шу нарсаларни билиш билан бирга улардан ҳукмларни истинбот қилинади, уларнинг турини ва тарийқатини аниқлашни ифода қиладиган мақсадини тушуниб етилади. Бу эса, фақатгина нодир, оз сонли уламолар яхши биладиган нарсадир ва ҳар кимнинг қўлидан келавермайди.4. Мужтаҳидларга қўйиладиган иккинчи шарт инсон етарли даражада араб тилини яхши билмоғи керак. Унинг хусусиятларини, маънони ифода қилиш йўлларини жуда яхши билмоғи керак. Чунки, мужтаҳидни қиладиган иши араб тилида ворид бўлган шаръий матнларга, яъни Қуръон оятларига ва набавий суннатддаги матнларга назар солишдир. Чунки, Қуръони Карим ҳам, Суннати мутаҳҳара ҳам ва фиқҳ ҳам араб тилидадир. Бу тилни яхши билмаган одам ўзича мазкур илмларда ижтиҳод қила олмайди. Бинобарин, мужтаҳид бўла олмайди.Араб тили ҳақидаги тўлиқ илм ана шу тилда ёзилган адабиётларни, фанга, санаъатга оид илмларни унинг услубларини яхши билган одамларга шеърий бўлсин, насрий бўлсин, хутбалари бўлсин барчасини яхши ўзлаштирган одамгагина нисбат берилади. Бундай одам ўзидаги жамланган илмлар билан бирга араб тилини ҳис қилиш, уни завқ қилиш, ундан ҳузрланиш даражасига етади. Бу худди инсон ўз табиати, сулоласи ила араб тилини тушиниб, ундан завқланиб нозик жойларини ҳис этиш даражасига етгани каби бўлади. 5. Бешинчи шарт мужтаҳид ижмоъни ҳам яхши билиши керак. Қайси масалада ижмоъ содир бўлган. Кимлар ижмоъ қилган. Унинг мавқеъи қаерда, шакли нимадан иборат. Мана шуларни билиб олса, фатвони қилаётган одам ижмоъга қарши фатво қилиб қўймайди. 6. Олтинчи шарт мужтаҳид бўладиган одам қиёснинг турларини ва мўтабар шартларини яхши билиши керак. Қиёс илми деганда, Қуръон ва Суннатдан уларда очиқ-ойдин зикр қилинмаган ҳукмларни қиёслаш орқали чиқариб олиш илмига айтилади. Бу эса усули фиқҳ илми ила амалга ошади. Бу илмни билмаган шахс ҳам мужтаҳид бўла олмайди.Шу билан бирга, ҳукмларнинг иллатини, маслакларини ҳам, яъни уларни шаръий матнлардан чиқариб олиш йўлларини ҳам яхши билмоғи керак. Бу ерда одамларнинг манфаати, шариатнинг мақсадлари ва шариатнинг умумий усуллари риоя қилинади. Шу билан бирга, одамларнинг воқеъликдаги аҳволига кифоя қиладиган даражада назар солиш, уларнинг муомилаларини ўрганиш ва улар наздидаги ҳаёт ташвишлари тўғрисида етарли тажрибага эга бўлиши керак бўлади. Чунки, қиёс ижтиҳоднинг асосидир ва айнан кўпгина тафсилий аҳкомлар қиёс орқали бино қилинади. Қиёсга амал қилиш учун ҳукмнинг иллатини билиш керак ва воқеъликда насс-матн келмаган жойда татбиқга ўтиши керак. Оят ёки ҳадисдан чиққан ҳукмга ҳақида оят ҳам, ҳадис ҳам келмаган ҳодисани қиёслашни тор даражага олиб бормаслик керак. Балки уни кенг маънода фаҳимлаб етиш ва шариат ҳукмига ва руҳига тўғри келадиган фикрни танлаш керак. Ижтиҳод орқали танланган ҳукм шариатнинг асли билан тўқнашиб кетмасин ва шаръий аҳкомлар бино қилган маслаҳатлар тақозосига амал қиладиган бўлсин.