Ассалому алайкум! Мани битта дўстим ҳожи бадал ҳақида гапириб қолди. Эмишки, ҳаж сафарига қурби етиб, аммо соғлиги ёки ҳаётдан кўз юмиши туфайли бора олмаган мусулмон кишининг яқинлари ҳаж зиёратига кетадиган микдордаги пулни бошқа бировга бериб, ҳаж фарзини ўша бора олмаган ёки ўтиб кетган одамни ҳақига ўтаб келишни сўрашса, савоби ва фарз амали ўша сабабли бора олмаган ёки майитга ёзиладими?
Ва алайкум ассалом! Бунинг учун ҳажга кетаётган одамнинг ўзига эмас, балки алоҳида одам ёллаб ҳажжи бадал қилдириш керак. ўзи учун ҳаж қилишга кетаётган ҳам ўзига ҳам бошқа одамга ҳажжи бадал қилолмайди.
Бадал ҳажи
Исломда ибодатлар уч хил бўлади. 1-соф бадан ибодати. Масалан, намоз, рўза. Биров бировнинг номидан қилолмайди. 2-соф молиявий ибодатлар. Масалан, садақа, закот. Бундай ибодатларни адо этиб қўйишни мол эгаси бировдан сўраса қилса бўлади. 3-бадан ва мол аралашган ибодат. Ҳаж шундай ибодат бўлиб, унда инсон машаққат чекади, ибодатларни жон койитиб, ҳаракат ила бажаради. Айни чоғда пул, мол ҳам сарфлайди. Ҳажни бировнинг номидан бажариш ҳақида мазҳаб уламолари турлича фикр билдирганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳажни бировни номидан адо этса бўладиган ибодатлардан деб, бир неча шарт қўйганлар. Булар тўққизта бўлиб, қуйидагилардир: 1. Кишининг ожизлиги умр бўйи давом этадиган бўлиши. Масалан, тузалмайдиган касал, кўзи ожиз. 2. Ҳажга буюрган одамнинг номидан ният қилиниши шарт. 3. Кетадиган маблағнинг кўп қисми буюрувчининг молидан бўлиши керак, агар у васият қилган бўлса. Васият қилмаган бўлса, бошқа одамнинг маблағи бўлса ҳам бўлади. 4. Бадал ҳажини қилувчини ижарага олинган деб шарт қилмаслик керак. 5. Буюрган одамнинг шартини бузмаслик лозим. Масалан, ифродга буюрса қирон қилмаслик лозим. 6. Фақат бир ҳажни ният қилиш шарт. Масалан, бир неча кишини номидан ё ўзи билан буюрувчини номидан ният қилмаслик. 7. Ҳар икки тараф буюрувчи ва бажарувчи ҳам мусулмон ва оқил бўлиши шарт. Бирортаси кофир ё жинни бўлса бўлмайди. 8. Бадал ҳажини бажарувчи эсини таниган бўлиши шарт. Балоғатга етмаган ёш бола бировни номидан ҳаж қилса жоиз эмас. 9. Бадал ҳажини қилувчи киши ўзини номидан ҳаж фарзини адо этган бўлиши шарт.Бадал ҳажининг далили
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаждан қайтаётганларида Ҳасам қабиласидан бир аёл туяларининг олдини тўсиб чиқди ва: “Эй, Аллоҳнинг расули, менинг отамга ҳаж фарз бўлган эди, адо эта олмай вафот этиб қолди. Унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?” деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Отангнинг бирор кишидан қарзи бўлса, адо қилсанг бўладими?” дедилар. “Бўлади” деди у. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Аллоҳнинг қарзини адо этмоғинг афзалроқдир” дедилар. Валлоҳу аълам!