Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, сизларни яна безовта қилаётганим учун узр. Мен телеграмдаги каналингизга аъзоман ва ушбу каналдаги савол-жавобларни баъзиларини курсдошларим, ошналарим ва қариндошларим билан очилган бошқа гурухларга ссылка қиб тураман. Минг афсус баъзи гурухдаги баъзи иштирокчилардан «Яна зикр аҳлими», «пффф, ақилли» деган мазмунда жавоб қайтяпти. Менга уларни гаплари умуман ахамиятли эмас, аммо буларнинг харакати, тўғрироғи менинг ссылкаларим уларни эътиқодини баттар сўндириб ташаётгандай. Илтимос менга маслахат беринглар қандай йўл тутай? Каналингиздаги маълумотларни уларга тарқатиб (асли уларга ҳам инсоф кириши мақсадида) улар орасида динни, шариатни оёқ ости қилиб қўймаяпманмикин? Улар (ҳаммаси ҳам эмас) бу нарсаларга панжа ортидан қараб аксинча фикрга бориб қолишяпти. Қош қўяман деб кўз чиқармаяпманмикин.
Ва алайкум ассалом! Инсонлар билмаган нарсасининг душмани ҳисобланади. Улар учун дунё ва охиратига бир тийинлик фойда келтирмайдиган нарсалар жуда муҳим, дунё ва охиратини обод қиладиган нарсалар зекрикарли туюлади. Аслида бу биз ота-оналар фарзандларимизни бемаъни нарсалардан маза қилишдан ўргатиб қўйганимиз, миллатни душманни қўлига топшириб, иймонсиз бўлса, гуноҳи менга, зинокор ва фоҳиша бўлса гуноҳи менга деб айтувчи ўқитувчиларга топширганимизда. Ваҳоланки Аллоҳ таоло “Ҳеч бир юкли жон бошқанинг юкини кўтармас” деб марҳамат қилган. Ўшандай деювчилар қиёмат кунида Ҳашр сурасида келганидек “Бу худди шайтон инсонга «Кофир бўл», деган пайтга ўхшайдир. У куфр келтирганда эса: «Мен сенга алоқадор эмасман, мен оламлар Робби – Аллоҳдан қўрқаман», – деди. Бас, уларнинг оқибатлари бир – албатта, икковлари ҳам оловда бўлурлар, у ерда мангу қолувчидирлар. Ва бу золимларнинг жазосидир” бўлади.(16-оят) Сиз уларга насиҳат қилишда ҳолига мувофиғини ва малол келтирмайдиган даражадагисини жўнатинг. Аммо 1-2 аҳмоқнинг “уфф-пуфф”и фойдаланиши мумкин бўлган кишиларни фойда олишидан қайтариб қўймасин. Бир вақтлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Масад” сураси нозил бўлганида ҳолат шундай бўлган эди. "Тафсири Ҳилол" китобида бу сура ҳақида қуйидагича келади: Бу сураи каримага ўзининг охирги «Масад» сўзи ном бўлиб қолган. Суранинг иккинчи исми «Лаҳаб»дир. Кўпчилик уни суранинг аввалидаги биринчи ибора – «Таббат ядаа» билан ҳам атайди. «Масад» сўзининг маъноси «арқон»дир. Сурада Абу Лаҳабнинг хотини бўйнида арқон ила дўзахга кириши таъкидланган. Ушбу суранинг қаҳрамони Абу Лаҳабнинг асл исми Абдулуззо ибн Абдулмуттолиб бўлиб, икки ёноғи оловдек қизариб тургани учун Абу Лаҳаб деган куня олган эди. Аллоҳ таоло «Ва яқин қариндошларингни огоҳлантир» деган оятни нозил қилганда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалигига чиқиб, баланд овоз билан: – Эй Қурайш жамоаси! – деб нидо қилдилар. Шунда улар тўпланишди. Ул зот уларга қараб: – Агар сизларга ҳозир «Водийда отлиқлар устингизга бостириб келишга тайёр турибдилар», десам, ишонасизларми? – дедилар. Тўпланганлар: – Ишонамиз, сенинг ёлғон гапирганингни ҳеч кўрмаганмиз, – дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Албатта, мен сизларга шиддатли азобдан қўрқитувчи (пайғамбар) бўлиб келдим, – дедилар. Шунда Абу Лаҳаб: – Ҳалок бўлгур! Бизни шунга йиғдингми?! – дегандан сўнг Аллоҳ таоло «Масад» сурасини нозил қилган. Абу Лаҳаб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари ва энг ашаддий душманларидир. Уни бойлиги, мол-мулки ғурурга кетказган. У шундай синф вакилики, улар ўзларига вазифа юкловчи барча ҳаракат ва тузумларга қарши чиқаверишади. Валлоҳу аълам!