1285. Шаҳр ибн Хавшаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Мен тоғам ила Оишанинг ҳузурига кирдим. Бас, у:«Биримизнинг кўнглида агар уни гапирса, охирати куядиган нарса пайдо бўлади. Агар юзага чиқса, у сабабли қатл қилинади», деди. У (Оиша) уч марта такбир айтди. Сўнг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўша нарса ҳақида сўралган эди. Шунда у зот «Агар бирингизда ўша нарса бўлса, уч марта такбир айтсин. Зотан буни фақат мўмингина ҳис қилади», дедилар». Шарҳ: Яъни, кўнгилга келаётган васвасанинг ёмонлигини ва уни айтса охрати куйишини ҳис қилиш ҳақийқий мўминга хос ҳолатдир.Ўша пайтда мўмин кишини шайтон васваса қилаётган бўлади. Агар у дадил бўлиб, уч марта «Аллоҳу Акбар!» деса, шайтон орқа – олдига қарамай қочади.1286. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Одамлар бўлмаган нарсаларни сўрайверадилар. Ҳаттоки, «Аллоҳ ҳамма нарсани яратувчи. Бас, Аллоҳни ким яратган?» дейишади», дедилар». Шарҳ: Шунинг учун бизда воқеъликда йўқ нарсани сўраш мумкин эмас. Воқеъликда йўқ нарсани сўрайвериш ўша нарсанинг воқеъ бўлишини сўраш, исташ бўлиб қолади. Тарихдан маълумки, шундай бўлди ҳам. Инсон ўзига ана шу кулфатни тили билан сотиб олди. Шунинг учун бундан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак.Бу ҳам шайтоннинг катта ва кучли васвасаси доирасига киради. Бундай ҳолатдан мўмин банда эҳтиёт бўлиши керак.Ибн Касир ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан нақл қилади. У киши Аллоҳ таолонинг «Нас» сурасидаги «ал-Васвас ал-Хоннас» деган қавлини тафсир қилиб: «Шайтон одам боласининг қалбида чўккалаб ўтирган бўлади. Қачон у унитса ва ғофил бўлса, васваса қилади. Қачон зикр қилса, беркинади», деган.Васвасанинг зарарларидан:1. Васваса шакка йўлдир. Аллоҳ таоло ҳақидаги шак куфрдир.2. Васваса инсоннинг ўзига ва ўзгаларга бўлган ишончини йўққа чиқаради.3. Васваса одамларни васвасачидан нафратини қўзитади ва улардан уни узоқлаштиради.4. Васвасачининг ибодати мукаммал ва фикри барқарор бўлмайди.5. Васвасачи ўзига ўзи шиддатли ишлари танлаб, охири ману қилинган нарсаларга ҳам ўтади.6. Васвасачи охири ваҳиймачи ва жинни бўлиши ҳам бор.