Ассалому алайкум! Хурматли устозлар, Аллоҳ сизлардан рози бўлсин бизга катта ёрдамингиз тегмоқда. Танишларим истихора қилишнинг турли хил йўлларини айтишмоқда. Масалан: Қуръонни қўлига олиб иккиланаётган муаммоси ҳақида ўйлаб сўнг Қуръонни очиб қайси оятга кўзи тушса ўша оят бўйича хулоса чиқариш керак экан. Мен сахих ҳадис келтирмаса ишонмаслигимни айтсам бобомиз Амир Темур ҳам шундай қилган деп туриб олди. Бундан ташқари бошқа танишим хам қогозлардан фойдаланиб хайрли еки хайрли эмаслигини билиб олса бўлади деди. Яна туш кўпинча белги бермайди шу осонроқ йўли деди, катта уламолардан бири айтган буни деди. Лекин мен мана шу сайтдан ва «Исми Аъзам» китобдан ўқидим бунақа йўллари у ерда йўк. Илтимос бу ҳақда маълумот берсангиз бидъат эмасми бу? Олдиндан раҳмат!
Ва алайкум ассалом! Cиз кейинда келтирган барча ишларни бекор қилиб Аллоҳ таоло расулига истихора намози ва истихора дуосини таълим берди, у зот умматларига таълим бердилар. Биз учун ўша таълимот кифоя қилади. Шу ерда бир нарсани яхши тушиниб олиш керак, Амур Темир, Мирзо Бобур ва бошқа шу каби инсонлар ҳақида ёзилган китобларнинг аксари тарихий, ҳужжатга асосланган ибодат ва тақвони мустаҳкам ушлаб, ёлғон тўқишдан, тўқима хабар тарқатиб қўйишдан қўрққан инсонларнинг ёзган асарлари эмас. Аксинча романлардан иборат бўлиб юқоридаги сифатлардан ҳоли бўлган кишилар ёзган. Уларга эътироз билдирсангиз улар “Бу роман, роман тўқилади, бадийлаштириш учун йўқ нарсалар қўшилади ва қолаверса биз диний олим ҳам эмасмиз” дейишади. Ўзбек халқи севиб ардоқлаган Ўткир Хошимовдек ёзувчи ҳам : “Эски ўзбек ёзувидаги ҳамда араб тилидаги китобларни ўқиш ва уни яхши тушиниш учун араб тили, форс тилидан ташқари тафсир ва ҳадис илмларини ҳам яхши билиш керак” деган. Валлоҳу аълам!