Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ўзбек тилидаги тафсирларга танқид

17:36 / 24.04.2018 | Bahrom Bakirov | 3352
Ассалому алайкум! Муҳтарам диндош биродарлар. Мен Ўзбек тилидаги тафсирлар ва таржималарни ўқиб ҳалигача ўзимга келолмайман. Нега бунчалик бир-бирига қарама-қарши сўзлари кўп? Оддий бир мусулмон киши ўқиганда саволлардан боши чиқмай қолади. Ахир бу китоб ҳамма нарсани очиқлаб берувчи эмасми? Таржимада арабчадан арабчага ёки арабчадан форсчага таржима ва изоҳсиз кўчириб қўйилган? Айниқса иймонга алоқақдор бўлган оятларга умуман изоҳ ва тушунтириш берилмаган. Мен Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Фотиҳа” сураси ва “Бақара” сурасининг 1-7 оятларининг таржима ва тафсирида 15га яқин танқидга арзигулик хатоларни ўртага қўйдим ва Шайхнинг етук талабаларига буни баён қилдим, аммо улардан сас-садо келмади ва ижтимоий тармоқлардан бу ҳақдаги маълумотларимни вақтинчалик ёпиб туришимни илтимос қилишди. Мен бу ҳақда айнан ким билан суҳбат қура оламан?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ваалайкум ассалом! Биз динимиздан шунчалик даражада узоқлашдикки бундан бир қанча йиллар муқаддам оддий мусулмон ота-онасидан эшитиб тушунган гапларни зиёли бўлатуриб ҳам тушуна олмайдиган ҳолатга келиб қолдик. Ачинарли томони илм эшигини йўқотиб қўйдик ва ҳамма чанқоғини ўзи қондириш ҳаракатида бўлиб қолди. Оддий мактабни олиб қаралса 7 ёшли бола 1-синфга кириб алифбо китобини ўқийди. 4-синфгача ўша алифбони ўқишни такомиллаштиради. 4-синфдан кейин фанлар кўпайтирилади. 10 йил ўқиган ўқувчини ўрта мактабни битирган деган шаҳодатнома беради. Бу ўқиган нарсаларидан ўртача маълумотга эга бўлди деган гувоҳномадир. Энди шу нарсани диний илм томонидан олиб қарасак Қуръон ва ҳадиснинг алифбосини қанча инсон билади? Мадрасаларда алифбо билганларга 4 йил дарс берилади. Бу дегани улар мактабни 4-синфини битирди деган бўлади. Жуда тиришқоқлик билан ҳаракат қилганлар 11-синф маълумотини узуқ-юлиқ эгаллаган бўлади. Шулар араб тилида тафсир ўқисалар тушинишадиган бўлишади. Лекин улар ҳам бир соҳанинг мутахассиси даражадалигини даъво қилишмайди. Авваллари 4-синфгача бўлган маълумотни ҳар бир мусулмон хонадони аҳлининг илми бўлар эди. Араб тилидагисини билмасаларда ўша масалаларни ўз тилларида ёдлаб олар эдилар. Ҳозир эса оддий бир ғижжакчи етти ёшидан махсус мусиқа мактабига ўқишга кирмоқда. 10 йил ўқиб биргина ғижжак чалишни тахсил олмоқда. Ўша мактабни ўқимаганларга сиз ҳам ғижжак чалиб беринг дейилса очиқ-ойдин мен бу соҳада ўқиган эмасман, бунга ақлим етмайди деб айтишади. Ҳолбуки Ислом дини илмлари ғижжак чалиш эмас. Қандай қилиб соҳа мутахассиси бўлмасангиз у ерда ёзилганларга нисбатан “хато” сўзини ишлатасиз? “Шу ерларига ақлим етмади” десангиз тўғри бўлар ва инсоф билан гапирилган бўлар эди. Агар хато бўлганида аҳли илм инсонлар хатога рози бўлишлари динга хиёнат эканлигини жуда яхши биладилар. Шунчадан бери тўғрилаб ҳам қўйган бўлардилар. Қолаверса 1400 йилдан буён юз минлаб тафсирлар ёзилди, ҳар бири бошқаси баён қилмаган жиҳатни баён қилишга ҳаракат қилди. Бирида топилган маълумот бошқасида топилмайди. Ҳазрат раҳимаҳуллоҳнинг ҳам китоблари ўша минглаб китоблардан бир жиҳатини баён қилган бир китоб ҳисобланади. Агар шу жиҳатларини ҳам ёритилса оддий халқ учун янада фойдали бўлади – дейилса бу гап тўғри. Ҳимматли аҳли илмларимиздан шундай тафсирларни ёзишларини умид қилиб қоламиз. 

Бизнинг ҳолимиз ой кўргани чиқишган аёлларнинг ҳолига ўхшайди. Унда бир аёл боласини ҳожатини чиқараётган эди. Аёллар янги ойни кўрганларини айтиб қолишди. У аёл ҳам боласини қўйиб, улар билан ой кўришга чиқди. Одатда аёллар осмонга қарасалар қўлларини соябон қилиб пешоналарига қўяди. У аёл ҳам қўлини пешонасига қўйиб ойга қаради ва “Бу ой сассиқ ҳид таратиб чиқибдими” деди. Ёнидагилар қўлингизни тушириб ҳам қарангчи ҳид келармикин дейишди. Аёл қўлини тушириб ойга қаради ва ҳидни сезмади. Шунда аёллар ҳид қўлингиздан келаётган бўлса керак дейишди. Аёл қўлига қараса боласини ҳожатидан нажосати қўлига ёпишиб қолган экан. 

Сиз билан биз ҳам ўшандай аёлларга шерик бўлиб айбни ойдан қидирмай ўзимиздан қидирайлик. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat