Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Турмуш ўртоғим билан яшолмайман

00:27 / 10.05.2018 | Фарохат | 5689
Ассалому алайкум! Сизларни Аллоҳ ниятларизга етказсин. Амин Мени саволим шундан иборатки ёшим 40да. Хўжайним билан хеч хам яшолмаяпман. Мен мана 2 йил бўлдики Қуръон харфларини ўқиб ўргандим ва мени умуман хаётим ва дунёқаришим ўзгарди. Мен Аллоҳни олдига болларим хам қийналмасин деб уларга хам ўргатдим. Ўғлимни бири 20 ёш бири 17 ёш, қизим 11 ёш. Аллоҳга шукр, лекин хўжайними хечам тўғри йўлга сололмаяпман. Номозни бир махал ўқирди, шуни хам ўқимай қўйди. У инсон мени ёмон кўряпти, мен бу инсон билан яшашим жуда хам қийин бўлиб кетди. Биз хозир Россия давлатига келдик ишлагани. Мени саволим мен бу одамни ташлаб болларимни олиб ўз юртимга кетсам бўладим? Мен қолган умримни хўжайними дуо қилиб ўзим яшаб ўтмоқчиман. Шундай қилсам тўғри қилган бўламанми? Мен у одам билан уришиб оиламни бузгим йўқ, лекин у одам билан ҳам яшолмаяпман. Агар бу ишим тўғри бўлса мен кетардим уйга. Рахмат сизларга.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ваалайкум ассалом! Ундай қилманг, ундан кўра эрингизни ҳаққига дуо қилинг, чиройли муомалада бўлинг. Фарзандлар ҳамма ҳолатда отага тегишли бўлади. 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ امْرَأَةَ ثَابِتِ بْنِ قَيْسٍ أَتَتِ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ يَا رَسُولَ اللهِ، مَا أَعْتِبُ عَلَيْهِ فِي خُلُقٍ، وَلَا دِينٍ، وَلَكِنِّي أَكْرَهُ الْكُفْرَ فِي الْإِسْلَامِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  أَتَرُدِّينَ عَلَيْهِ حَدِيقَتَهُ؟  قَالَتْ نَعَمْ، قَالَ  اقْبَلِ الْحَدِيقَةَ، وَطَلِّقْهَا تَطْلِيقَةً  رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Собит ибн Қайснинг хотини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мен унга хулқда ҳам, динда ҳам бир айб қўя олмайман, лекин Исломда куфрон бўлишини ёқтирмайман», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга боғини қайтариб берасанми?» дедилар.
«Ҳа», деди аёл.
«Боғни қабул қилиб ол-да, уни бир талоқ қил», дедилар».
Бухорий ва Насоий ривоят қилишган.
Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қилди ва шу тариқа Исломда биринчи хулуъ собит бўлди.
Хулуъ боин талоқдир.
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулуъни бир боин талоқ ҳисоблаганлар.
Бадалини бериш аёлга вожиб бўлади.
Яъни эридан хулуъ қилаётган аёлга хулуънинг бадалини эрига бериш вожиб бўлади.
Агар айб эрнинг ўзида бўлса, бадални олиш, агар айб аёлда бўлса, ортиғини олиш макруҳдир.
Яъни эр ўзининг айби билан хотинни хулуъ қилишга олиб келган ва хулуъ эвазига хотин маҳрнинг бадалини қайтариб бераётган бўлса, уни олиш эрга макруҳдир. Аммо айб хотинда бўлса ва у маҳрнинг бадали устига ортиғини ҳам бераётган бўлса, эрга ўша ортиғини олиш макруҳ бўлади.
Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Жамила розияллоҳу анҳога бир боғни маҳр қилиб берган эди. Собит розияллоҳу анҳу ўзлари одобли, диндор бўлсалар ҳам, чиройли эмас эканлар. Шунинг учун хотинлари Жамилага ёқмаганлар.
Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, Жамила розияллоҳу анҳо Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бир куни пардани кўтариб кўчага қарасам, у бир гуруҳ одамлар билан келаётган экан, ичларида ундан кўримсизи, ундан хунуги йўқ экан!» деган.
Шунинг учун куфрони аъшир, яъни эрга итоатсизлик бўлишидан қўрққан. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамиланинг ажраш истагини Собитга айтганларида у: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен унга энг яхши молимни – боғимни маҳр қилиб берган эдим», деган.
Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жамила розияллоҳу анҳога: «Унга боғини қайтариб берасанми?» деганлар. Бу саволнинг жавобига Жамила розияллоҳу анҳо:
«Ҳа, устига бошқа нарса ҳам бераман», деган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Зиёданинг кераги йўқ», деганлар.
Хулуъга маҳр бўлиши жоиз нарса берилса ҳам бўлади. Уламоларимиз: «Хулуънинг миқдори ўша аёлга берилган маҳрдан ортиқ бўлмагани маъқул», дейишади.
Хулуъ Исломда аёл киши учун эрдан ажрашишга очиб берилган йўлдир. Эр ажрашишни хоҳласа, талоқ қилади. Хотин ажрашишни хоҳласа, қозига арз қилиб, хулуъ қилади.
Агар мол эвазига ёки мол бериш шарти билан талоқ қилса-ю, аёл қабул қилса, боин талоқ тушади. Хамр ва тўнғиз эвазига бўлса, эрга ҳеч нарса лозим бўлмайди. Хулуъда боин, талоқда ражъий тушади.
«Сени минг тилла эвазига талоқ қилдим», деганда ёки «Сени минг тилла бериш шарти билан талоқ қилдим», деганда хотин «Шартни қабул қилдим», деса, орага бир боин талоқ тушади. Чунки икки ҳолатда ҳам талоқ хотиннинг қабулига боғлиқдир.
Хамр ва тўнғиз мусулмон шахс учун қийматга эга мол эмас. Шунинг учун уларни бериши ҳам лозим бўлмайди. Буларга ўлимтик ва ҳур инсон кабилар ҳам киради. Ана шу пайтда хулуъда боин, талоқда ражъий тушади. Чунки бериладиган эваз ботил бўлганидан сўнг лафзларга эътибор қилиш лозим бўлади. Хулуъ боин талоқни, талоқ эса раж­ъийни тақозо қилади.
Агар аёл мингнинг эвазига уч талоқни сўраса-ю, эр бир талоқ қўйса, бир боин талоқ тушади ва мингнинг учдан бири лозим бўлади. Минг бериш шарти билан бўлганда Абу Ҳанифанинг наздида бир ражъий талоқ тушади ва ҳеч нарса бериш лозим бўлмайди.
Араб тилида эваз билан шартнинг орасида катта фарқ бўлади. Шунинг учун бу икки маъно ишлатилганда ҳукмлар икки хил бўлади.
Хулуъ аёлнинг ҳақида эваз олди-бердиси ҳисобланади. У мажлис билан чегараланади. Шунинг учун у айтганидан қайтиши ва ихтиёр қилиш шарти тўғри бўлади.
Хулуъ қилишни хоҳлаган аёл мол бериши лозим бўлгани сабабли бу иш унинг учун савдога ўхшаш нарсага айланиб қолади. Хулуъ масаласини ўша мажлиснинг ўзида ҳал қилиши лозим. Ундан кейинга қолдиришга ҳаққи йўқ. Шунинг учун у хулуъни таклиф қилганидан кейин эр қабул қилишидан олдин гапини қайтариб олишга ҳақлидир. Эр «Минг тилла бериш шарти ила сен талоқсан», деганида аёл «уч кун ичида ўйлаб кўраман» деса, уч кунгача унинг ихтиёр ҳаққи собит бўлади. Бу муддат ичида аёл рад қилса, талоқ ботил бўлади. Аёл талоқни ихтиёр қилса, талоқ тушади ва эрга минг тилла бериши вожиб бўлади.
Хулуъ эрнинг ҳақида қасамдир. Шунинг учун ҳукмлар аксинча бўлади.
Яъни эр қайтиши мумкин эмас ва унга ихтиёр ҳаққи ҳам берилмайди. Хотин ғойиб бўлганида масалани ўша мажлиснинг ўзида ҳал қилмасдан кейинга қолдирса ҳам бўлади. Бошқа ҳукмларда ҳам шундай.
Қул аёлнинг ўрнидадир.
Қулни хожаси мол эвазига озод қилганда икковлари юқоридаги масаладаги хотин ва эр ўрнига қўйиладилар. Қулга ихтиёр ҳаққи берилади. Хожага эса бу ҳақ берилмайди.
Хулуъ ва бир-биридан воз кечиш икковларидан никоҳ ҳақларини соқит қилади.
Аммо никоҳдан бошқа ҳақлар собит туради. Мисол учун, иккиси бир-бири билан савдо қилган бўлсалар, бу ишдаги ҳақлари соқит бўлмайди. Маҳр, нафақа каби никоҳга оид ҳақлар эса соқит бўлади.
Агар ота кичик ёшдаги қизини қизнинг моли эвазига хулуъ қилса, бу иш талоқ тушишидан бошқа нарсаларда беҳуда бўлади.
Яъни бу ҳолда талоқ тушади ва мол бериш ботил бўлади.
Шунингдек, ўша кичик ёшдаги қиз эрнинг хулуъсини қабул қилганда ва отаси зомин бўлганда ҳам. Бас, мол унинг зиммасига тушади.
Яъни балоғатга етмаган қизнинг эри «Мен сени мол эвазига талоқ қиламан», деганда бу таклифни қабул қилса, талоқ тушади ва молни бериш қизга вожиб бўлмайди. Шунингдек, қизнинг отаси «Молни мен бераман», деб хулуъни талаб қилганда ҳам талоқ тушади. Бу ҳолда унинг отаси тўлов тўлайди. Шу сабабли қизга мол бериш вожиб бўлмайди.  ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).  Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat