Ваалайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Абаса” сурасида марҳамат қилади.
يَوْمَ يَفِرُّ الْمَرْءُ مِنْ أَخِيهِ وَأُمِّهِ وَأَبِيهِ وَصَاحِبَتِهِ وَبَنِيهِ
34. у Кунда киши ўз ака-укасидан қочадир…
35. ва онаси ва отасидан…
36. ва хотини ва бола-чақасидан.
Яъни қиёматнинг даҳшатидан ҳамма ўзи билан овора бўлиб қолади. Ҳатто ҳеч кимнинг ака-укаси, ота-онаси ва хотинию бола-чақаси билан ҳам иши бўлмай қолади.
Бу дунёда инсон бошига оғирлик тушган хотини, бола-чақаси, ота-онаси ва ака-укасига ёрдамга шошилади. Мазкур кишиларга каттадир-кичикдир мусибат етганда, ёрдам бериш бурч, ёрдам бермаслик эса ор-номус ҳисобланади. Аммо қиёмат қийинчилигида эса инсон мазкур кишиларни ҳам ташлаб қочади.
“Муъминуун” сурасида:
فَإِذَا نُفِخَ فِي الصُّورِ فَلَا أَنسَابَ بَيْنَهُمْ يَوْمَئِذٍ وَلَا يَتَسَاءلُونَ
101. Бас, қачонки дудга пуфланганда, у Кунда ораларида на насаб қолур ва на бир-бирларини суриштирурлар.
Яъни қиёматдан дарак берувчи дудга пуфланган пайтда ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб, одамлар орасида наслу насаб алоқалари қолмайди ва ҳамма отаси, онаси, ака-укаси, бола-чақасидан қочадиган бўлиб қолади.
«...ва на бир-бирларини суриштирурлар».
«Фалончи қаерда қолди? Пистончига нима бўлди?» дейиш ҳам ҳеч кимнинг хаёлига келмай қолади.
فَمَن ثَقُلَتْ مَوَازِينُهُ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
102. Кимнинг тарозиси оғир келса, бас, ана ўшалар зафар топувчилардир.
Бу дунёнинг амаллари охират тарозисига қўйилганда, кимнинг тарозиси оғир келса, ўшаларгина зафар топадилар.
وَمَنْ خَفَّتْ مَوَازِينُهُ فَأُوْلَئِكَ الَّذِينَ خَسِرُوا أَنفُسَهُمْ فِي جَهَنَّمَ خَالِدُونَ
103. Кимнинг тарозиси енгил келса, бас, ана ўшалар – ўзларига зиён қилибдилар. Жаҳаннамда мангу қолувчи бўлибдилар.
تَلْفَحُ وُجُوهَهُمُ النَّارُ وَهُمْ فِيهَا كَالِحُونَ
104. Юзларини ўт куйдирур. Улар унда бадбашара ҳолда бўлурлар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!