Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Рамазон ойи ва аёлига яқинлик қилиш

12:36 / 17.05.2018 | Yunus | 33322
Ассалому алайкум! Рўзадор одам аёлига яқинлик қилиши мумкин эмас экан, қазо ва каффорат лозим бўлар экан. Бу яқинлик қилиш деганда кундузи оғиз ёпилган пайти назарда тутиляптими ёки Рамазон ойининг барча кеча ва кундузи назарда тутилганми? Демоқчи бўлганим оғиз очилгандан кейин яқинлик қилишга рухсат борми? Мен динда унчалик ҳам билимли эмасман шунинг учун саволим ноўрин бўлиб қолган бўлса узр сўрайман.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ваалайкум ассалом! Бу таъқиқ рўза тутилган кундузи назарда тутилган. Яъни оғиз ёпилиб то очилгунича тийилиш буюрилган. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади: 

 أُحِلَّ لَكُمْ لَيْلَةَ الصِّيَامِ الرَّفَثُ إِلَى نِسَآئِكُمْ هُنَّ لِبَاسٌ لَّكُمْ وَأَنتُمْ لِبَاسٌ لَّهُنَّ عَلِمَ اللّهُ أَنَّكُمْ كُنتُمْ تَخْتانُونَ أَنفُسَكُمْ فَتَابَ عَلَيْكُمْ وَعَفَا عَنكُمْ فَالآنَ بَاشِرُوهُنَّ وَابْتَغُواْ مَا كَتَبَ اللّهُ لَكُمْ وَكُلُواْ وَاشْرَبُواْ حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الأَبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الأَسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ ثُمَّ أَتِمُّواْ الصِّيَامَ إِلَى الَّليْلِ وَلاَ تُبَاشِرُوهُنَّ وَأَنتُمْ عَاكِفُونَ فِي الْمَسَاجِدِ تِلْكَ حُدُودُ اللّهِ فَلاَ تَقْرَبُوهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ آيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ۝ 

187. Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул қилди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ойдинлашгунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини ана шундай баён этадир. Шоядки, тақво қилсалар.
Рўза тутиш янги фарз қилинган даврда ифтордан кейин рўза тутган одам ухлаб қолса-ю, кейин уйғонса, унга емоқ, ичмоқ ва хотинига яқинлик қилмоқ мумкин бўлмай қолар эди. Ансорийлардан Қайс ибн Сарма исмли киши кундузи рўза тутиб, хурмо боғида ишлаб, чарчаб, ифтор пайтида хотинининг ҳузурига келиб:
– Таоминг борми? – дебди. Хотини:
– Йўқ, ҳозир бориб, бирон нарса топиб келаман, – деб чиқиб кетибди. Кундузи ишлагани учун Қайс чарчаб, ухлаб қолибди. Хотини келиб, эрининг ухлаб ётганини кўриб, «Шўринг қурисин», дебди-ю, уйғотмабди. Эртасига куннинг ярмида Қайс розияллоҳу анҳу ҳушидан кетиб йиқилибди. Бу ҳодиса Набий алайҳиссаломга етибди. Сўнгра Аллоҳ таоло:
«Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди» деб бошланувчи оятини нозил қилди. Шу билан рўза кечасида, яъни кун ботгандан кейин, то тонг отгунча муддат орасида таом ейиш ва аёлига яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Шу билан бирга, Аллоҳ Исломда эркак киши билан унинг хотинининг алоқаси фақат жинс масаласи эмас, балки ундан анча катта масала эканини англатиш учун
«Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз», – деди.
Одатда либос баданни тўсиш, уни иссиқ-совуқдан, чанг-ғуборлардан сақлаш ҳамда зийнат учун ишлатилади. Шунингдек, Исломда эру хотин бир-бирларининг айбларини тўсадилар, бир-бирларини ёмонликдан сақлайдилар ва бир-бирларини зийнатлайдилар.
Кейин эса бандаларининг кўнглида нима кечаётганини ҳам билиб туришининг хабарини беради:
«Аллоҳ ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул қилди ва сизларни афв этди».
Ушбу жумлада зикр этилган «хиёнат» рўза кечасида кўнгилдан ўтган аёлга яқинлик қилиш ҳақидаги истакдан иборат. Айрим ривоятларда келишича, баъзилар бу ишни қилган эканлар. Нима бўлса ҳам, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилиб, гуноҳларини афв этди. Шу билан бирга, кўнгилларидан ўтган истакка йўл очди, рухсат берди:
«Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг».
Яъни «Энди рухсат бўлди. Сиз хотинларингизга яқинлик қилиб, Аллоҳ ёзган нарсани фарзандни талаб қилинг».
Аллоҳ таоло рўза кечасида аёлларга яқинлик қилишга рухсат бериш билан бирга, еб-ичишга ҳам рухсат берди:
«Тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ойдинлашгунча еб-ичаверинг».
Имом Бухорий Адий ибн Хотимдан ривоят қиладиларки, у киши:
«Тонг пайтида сизга оқ ип қора ипдан ойдинлашгунча еб-ичаверинг» деган оят нозил бўлганда, битта оқ, битта қора ипни олдим-да, ёстиғимнинг остига қўйдим. Уларга қараб-қараб туриб, оқи қорасидан аён бўлганда, оғзимни беркитдим. Тонг отиб, кундузи бўлганда, Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, қилган ишимни айтиб бердим. У киши:
«Ундай бўлса, ёстиғинг кенг экан-да, у гап кундузнинг оқи билан кечанинг қораси ҳақида эди», – дедилар».
Бу пайт фажри содиқ дейилади ва ёруғликнинг уфқда тарқалишини билдиради.
Келаси жумлада хотинига яқинлик истисно қилинган ҳолат зикр этилади:
«Масжидларда эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг».
«Эътикоф» сўзи «бир нарсани лозим тутиш» маъносини билдиради. Шариатда эса Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида масжидда ибодатни лозим тутишга айтилади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Эътикоф ўтирган одам иложи борича масжиддан чиқмай, ибодат билан машғул бўлади. Бунда банда Аллоҳ учун ҳамма нарсадан ажраб чиқади. Шунинг учун аёлларга яқинлик қилишдан ҳам ўзини тияди.
«Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг».
Ушбу зикр қилинган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолога боғлиқ нарсалар, унинг чегараларидир. Аллоҳ уларга яқинлашмасликка буюрмоқда, чунки чегарага қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.
«Аллоҳ одамларга Ўз оятларини ана шундай баён этадир. Шоядки, тақво қилсалар».
Эътибор берадиган бўлсак, рўза ҳақидаги оятлар мажмуасининг биринчисида ҳам тақвога урғу берилган эди. Энди мана шу охирги оятда ҳам тақвога урғу берилмоқда. Ҳа, рўзанинг сон-саноқсиз фойдалари ичида унинг рўзадорда тақво ҳиссини мустаҳкамлаши биринчи ўринда туради.
Энди рўза ҳақидаги оятлар тамом бўлиб, Аллоҳ таоло мўминларга молиявий алоқаларни ҳам ҳалол, пок равишда олиб бориш зарурлиги тўғрисида кўрсатмалар беради. Тақво нафақат Аллоҳ таоло билан банда орасидаги муомалаларда, балки банда билан банда орасидага муомалаларда ҳам бўлиши зарурлигини таъкидлайди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat