ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ОНАЛАРИ ҚАБРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛГАНЛАРИАбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оналарининг қабрини зиёрат қилдилар. Ўзлари йиғладилар, атрофидагиларни ҳам йиғлатдилар. Кейин: «Роббимдан у(онам)га истиғфор айтишга изн сўрадим, изн берилмади. Унинг қабрини зиёрат қилишга изн сўрадим. Изн берилди. Бас, қабрларни зиёрат қилинглар. Чунки, у, албатта, охиратни эслатади», дедилар».Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламниг оналарига истиғфор айтишга изн сўраганлари фарзандлик бурчларини чуқур ҳис қилганликларидандир. Изн берилмагани эса, У зотнинг оналари Омина бинти Ваҳбнинг Исломдан олдин ўлиб кетганларидир. Истиғфорнинг шарти Исломдир. Шунинг учун Исломда ўтган ота-оналарга фарзандлари истиғфор айтсалар яхши бўлади.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламниг оналари қабрини зиёрат қилишга изн сўраганлари, зиёрат қилиб йиғлаганлари ва ўз атрофидагиларни йиғлатганлари ҳам фарзандлик бурчларини чуқур ҳис этганларидандир. Бундан ҳамма фарзандлар ўрнак олишлари керак.Аҳли сунна ва жамоа уламолари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламниг оналари жаннатидир. Чунки у киши аҳли фитратдир. Аҳли фитрат жаннати бўлишида шубҳа йўқ, дейишади.