Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Фарз намозини жамоат билан ўқиш

19:54 / 31.05.2018 | Абдусаид | 6810

Ассалому алайкум! Мен кўпича уйда ўзим ёлғиз намоз ўқийман. Кеча қуйида келтирилган фатвога дуч келдим. «43-ФАТВО Фарз намозларни жамоат билан адо этиш таъкидланган суннатлар сирасига киради. Уни узрсиз тарк этиш гуноҳ ҳисобланади. Лекин бир неча узр саналган ишлар борки, улар боис масжидга ва жамоатга чиқмаслик жоиз ҳисобланади. Масалан, бемор, оёқлари шол бўлган, кексалик сабабли бедармонликка учраган, кўзи ожиз кишилар жамоатга чиқмасдан, уйларида ўқишлари мумкин. Шунингдек, ёмғир, йўлнинг лойлиги, қаттиқ совуқ ҳаво, қалин қоронғилик, тундаги шамол кабилар ҳам узр ҳисобланади. «Оламгирия», «Сирожул-ваҳҳож». Айтингчи юқоридагилардан келиб чиқиб узрсиз уйда фарз намозини ўқиш гунохми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ваалайкум ассалом! Жамоат билан намоз ўқиш баъзилар наздида таъкидланган суннат, баъзилар наздида вожиб ҳам дейилган. Бизнинг мазҳабда муаккада суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоатга чиқмайдиганлар ҳақида қуйидагиларни айтганлар. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَدَ نَاسًا فِي بَعْضِ الصَّلَوَاتِ فَقَالَ: لَقَدْ هَمَمْتُ أَنْ آمُرَ رَجُلًا يُصَلِّي بِالنَّاسِ، ثُمَّ أُخَالِفَ إِلَى رِجَالٍ يَتَخَلَّفُونَ عَنْهَا، فَآمُرَ بِهِمْ فَيُحَرِّقُوا عَلَيْهِمْ بِحُزَمِ الْحَطَبِ بُيُوتَهُمْ، وَلَوْ عَلِمَ أَحَدُهُمْ أَنَّهُ يَجِدُ عَظْمًا سَمِينًا لَشَهِدَهَا يَعْنِي الْعِشَاءَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
وَفي رِوَايَةٍ: إِنَّ أَثْقَلَ صَلَاةٍ عَلَى الْمُنَافِقِينَ صَلَاةُ الْعِشَاءِ وَصَلَاةُ الْفَجْرِ، وَلَوْ يَعْلَمُونَ مَا فِيهِمَا لَأَتَوْهُمَا وَلَوْ حَبْوًا، وَلَقَدْ هَمَمْتُ أَنْ آمُرَ بِالصَّلَاةِ فَتُقَامَ، ثُمَّ آمُرَ رَجُلًا فَيُصَلِّيَ بِالنَّاسِ ثُمَّ أَنْطَلِقَ مَعِي بِرِجَالٍ مَعَهُمْ حُزَمٌ مِنْ حَطَبٍ إِلَى قَوْمٍ لَا يَشْهَدُونَ الصَّلَاةَ فَأُحَرِّقَ عَلَيْهِمْ بُيُوتَهُمْ بِالنَّارِ
 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи намозларда бир қанча одамларнинг йўқ бўлганини билиб:
«Батаҳқиқ, мен бир кишини одамларга намозга ўтиб беришини, намозга келмай, орқада қолаётганларга ўзим бориб, уларнинг уйларига ўтин боғламларини қалаб туриб, устиларидан ёқиб юборишларини амр қилишга қасд қилдим. Агар бирлари семиз гўштли суяк топсалар, унга ҳозир бўлар эдилар», дедилар. Яъни, Хуфтонга, демоқчилар.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Бошқа ривоятда:
«Мунофиқларга энг оғир намоз Хуфтон ва Бомдод намозларидир. Агар у иккисидаги нарсани билганларида, эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар. Батаҳқиқ, намозга амр қилиб, у қоим қилинганда бир кишини одамларга намоз ўқиб беришини буюриб, сўнгра ўзим ўтин боғламларини кўтарган одамлар билан намозга ҳозир бўлмаган одамларнинг олдига бориб, устиларидан уйларига ўт қўйиб юборишни қасд қилдим», деганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан жамоат намозига бормаслик қанчалар ёмон эканлиги кўриниб турибди. Акс ҳолда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундайларни уйига қамаб туриб, устидан ўт қўйиб юборишга қасд қилмас эдилар. Хуфтон ва Бомдод жамоатларига ҳозир бўлмаганлар бир ўринда мунофиқ деб аталиши ҳам жамоат намозининг шариатимиздаги аҳамиятини кўрсатади.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар», дейишлари ҳам қаттиқ гапдир.
Буни Хуфтон ва Бомдод намозларини жамоат билан ўқиганларга бериладиган савобни билганларида ёхуд бу икки намоз жамоатини тарк этганларнинг гуноҳи ва унинг оқибати нима бўлишини билганларида, эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар, деб тушунмоқ лозим. 

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ ثَلَاثَةٍ فِي قَرْيَةٍ وَلَا بَدْوٍ لَا تُقَامُ فِيهِمُ الصَّلَاةُ إِلَّا قَدِ اسْتَحْوَذَ عَلَيْهِمُ الشَّيْطَانُ، فَعَلَيْكَ بِالْجَمَاعَةِ، فَإِنَّمَا يَأْكُلُ الذِّئْبُ الْقَاصِيَةَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ  

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қишлоқдами, саҳродами, уч киши бўлса-ю, улар ичида жамоат намози қоим қилинмаса, албатта, шайтон уларга эга чиқар. Жамоатни лозим тут. Айрилганни бўри ер», дедилар».
Абу Довуд, Насаий ва Аҳмад ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ деган.
Шарҳ: Демак, қаерда учта ва ундан кўп мусулмон одам тўпланса, ўша ерда жамоат намози ўқилиши керак. Ҳатто икки киши бўлса ҳам, намозларни жамоат бўлиб ўқишлари лозим. Жамоат намози ўқимаганларга шайтон эга чиқиб, уларни ўз қулларига айлантириб олади. Жамоат намозига қўшилмаган одам мусулмонларнинг жамоатидан айрилади. Жамоатдан айрилиш ҳеч қачон яхшилик келтирмайди. Қўрадаги қўйлардан ажраган қўй бўрига ем бўлади, жамоатдан ажраган одам эса шайтонга қул бўлади.
Бу ҳикмат доимо юзага чиқиб келган. Мусулмонлар ичидаги обрў-эътибор уларнинг жамоат намозига қатнашишларига қараб бўлган. Жамоат намозига қатнашмайдиганлар эса хонасалот (уйда намоз ўқувчи) лақабини олиб, обрўсиз кишилар ҳисобланганлар.
Мусулмонлар қаерда бўлмасинлар, икки-уч киши бўлсалар ҳам, ҳамиша жамоат намози ўқишга ҳаракат қилганлар. Ўзлари қандай ҳолатда яшамасинлар, биринчи галда жамоат намози ўқиш учун масжид қуришни ўзларининг муқаддас бурчлари деб билганлар.
Ушбу сатрлар муаллифи Гана давлатига қилган сафарида ўрмонларда эски ҳолда яшаб келаётган қабилалар билан учрашганида ўша васанийлар (бутпарастлар) бир кичик хоначани кўрсатишди. У ердаги пўстак ва тасбеҳ ўша жойнинг масжид эканлигидан дарак берар эди. Ерлик аҳоли авваллари бу ерда бир неча мусулмон яшаганлиги, кейинчалик кўчиб кетганликлари ҳақида сўзладилар. Ўша кичик масжид бепоён ўрмондаги энг кўркам бино эди. Ўша икки-уч нафар мусулмон ўзлари яшашлари учун уй қурмаган бўлсалар ҳам, намоз ўқийдиган масжид қурган эдилар…
Мисрнинг бепоён чўллари... Катта тезликда         бораётган автомашина ойнасидан аҳён-аҳёнда тўкилиб тушган кичик уйларнинг харобалари кўринади. Уларнинг ўртасида эса кичик, аммо бутун масжид кўринди. Саҳровий мусулмонлар ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, уч-тўрт киши бўлсалар ҳам жамоат намози ўқиш учун масжид қурган эканлар.
Аксинча, баъзи жойларда шаҳар-қишлоқлар оралаб бир неча кун юрсанг ҳам бир дона масжид топа олмайсан. Шайтон ана ўшандоқ юртларнинг одамларига эга чиқмай, кимга эга чиқсин?! Ўшаларни залолатга кетказмай, кимни кетказсин?! ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat