Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Куръон тиловати савоби хакида

00:00 / 19.09.2010 | eski savollar | 5947

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Ҳурматли Шайх ҳазратлари! Аллоҳ сиздан рози бўлсин, илмингизни зиёда қилсин! Ижозатингиз билан иккита саволимни берсам:

1. Масалан, онаси ёки отаси ёхуд яқин қариндошлари оламдан ўтган бўлса, қабристонга бориб, қабрнинг ёнида ўтириб, Қуръон тиловат қилиб, савобини уларга бағишласа бўладими? Бизнинг (ҳанафий) мазҳабимизда тиловатнинг савоби ўликларга етадими?

2. Намоз ўқиб бўлиб, ўқилган намознинг савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва саҳобаларга, мазҳаббошимиз ва азиз, авлиё, анбиёларга, деб бағишланади, бунга шариатимизда рухсат берилганми? Саволларим ноўрин бўлса, сиздан олдиндан узр сўрайман ва Аллоҳдан тўғри йўлга солишини умид қиламан, иншааллоҳ! Жавоб учун олдиндан катта рахмат!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

- Ва алайкум ассалом!

1. «Баданий ибодатнинг савоби ўлганга етадими, йўқми?» деган масалада ихтилоф бўлган. Баданий ибодат рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикрга ўхшаган нарсалардан иборат.

Абу Ҳанифа, Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур (кўпчилик) уламолар: «Баданий ибодатнинг савоби марҳумга етади», деганлар.

Марҳумга ўзидан бошқанинг амалининг савоби етишига далил Қуръонда, суннатда, ижмоъда ва қиёсда бордир:

1. Қуръондан далил:

وَالَّذِينَ جَاءُوا مِن بَعْدِهِمْ يَقُولُونَ رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلِإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالْإِيمَانِ

 «Улардан кейин келганлар: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин… дерлар» (Ҳашр сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни мадҳ қилмоқда. Бу эса ўлганлар тирикларнинг истиғфоридан манфаат олишига далолат қилади.

2. Суннатдан далил:

عَنْعُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ قَالَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا فَرَغَمِنْ دَفْنِ الْمَيِّتِ وَقَفَ عَلَيْهِ، فَقَالَ: «اسْتَغْفِرُوا لِأَخِيكُمْ، وَسَلُوا لَهُ بِالتَّثْبِيتِ، فَإِنَّهُ الْآنَ يُسْأَلُ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

 Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлик дафн қилиб бўлинганидан кейин устида туриб: «Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки у ҳозир сўроқ қилинади», дер эдилар».

Шунингдек, марҳумлар ҳаққига дуо қилиш ҳақида ҳам алоҳида ҳадислар келган.

Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» китобларида келган ҳадис бунга мисол бўлади:

«Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

قُلْتُ: كَيْفَ أَقُولُ لَهُمْ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ «قُولِي: السَّلَامُ عَلَى أَهْلِ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ، وَيَرْحَمُ اللهُ الْمُسْتَقْدِمِينَ مِنَّا وَالْمُسْتَأْخِرِينَ، وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ بِكُمْ لَلَاحِقُونَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ

«(Қабр аҳлларига истиғфор айтсам,) нима дейман?» деб сўрадилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ассалому алайкум, эй мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли. Аллоҳ биздан ва сиздан олдин ўтганларни-ю, кейин қолганларни раҳм қилсин. Ва биз ҳам сизларга келиб қўшиламиз», деб жавоб бердилар.

3. Ижмоъдан далил:

Ислом умматининг эътиборли асосий қисми жам бўлиб, жаноза намозидаги маййитнинг ҳаққига ўқиладиган дуони далил қилиб: «Маййит тирикларнинг дуосидан манфаат олади», деганлар. Жаноза намозидаги дуолар маълум ва машҳурдир.

4. Қиёсдан далил:

Баданий ибодат бўлмиш дуо ўлганга манфаат бергандан кейин, рўза, намоз каби бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши турган гап. Чунки орада фарқ йўқ. Бунинг устига, бошқа баданий ибодатлар ҳам манфаат бериши ҳақида ҳужжат ва далиллар бор.

Садақанинг савоби етишига далил:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَ؛ أَنَّ رَجُلًا قَالَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ أُمِّيَ افْتُلِتَتْ نَفْسُهَا، وَإِنِّي أَظُنُّهَا لَوْ تَكَلَّمَتْ تَصَدَّقَتْ، فَلِي أَجْرٌ أَنْ أَتَصَدَّقَ عَنْهَا؟ قَالَ: «نَعَمْ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ 

1. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Онам тўсатдан вафот этди. Ўйлайманки, агар гапирса, садақа қилар эди. Унинг номидан садақа қилсам, унга ажру савоб бўладими?» деб сўраганида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», деб жавоб бердилар.

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

ابْنُ عَبَّاسٍرَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا، ‏‏‏‏‏‏أَنَّ سَعْدَ بْنَ عُبَادَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ تُوُفِّيَتْ أُمُّهُ وَهُوَ غَائِبٌ عَنْهَا، ‏‏‏‏‏‏فَقَالَ:‏‏‏‏ يَا رَسُولَ اللَّهِ، ‏‏‏‏‏‏إِنَّ أُمِّي تُوُفِّيَتْ وَأَنَا غَائِبٌ عَنْهَا، ‏‏‏‏‏‏أَيَنْفَعُهَا شَيْءٌ إِنْ تَصَدَّقْتُ بِهِ عَنْهَا؟ قَالَ:‏‏‏‏ نَعَمْ، ‏‏‏‏‏‏قَالَ:‏‏‏‏ فَإِنِّي أُشْهِدُكَ أَنَّ حَائِطِيَ الْمِخْرَافَ صَدَقَةٌ عَلَيْهَا.

 2. Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу (Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан): «Эй Аллоҳнинг Расули, онам менинг йўқлигимда вафот этди. У кишининг номидан садақа қилсам, у кишига манфаат берадими?» деб сўраганида у зот: «Ҳа», дедилар. У: «Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, Михроф чорбоғим унинг учун садақадир», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat