Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх ҳазратлари. Бу саволни беришимга бир инсоннинг мендан сўраган саволи мажбур қилди. Шайх ҳазратлари, Ғарбда «разговор духами» деган гап бор, яъни руҳлар билан мулоқот. Мана шу касб ҳар бир одамга ҳам берилавермас экан. У инсоннинг фикрига нима дея оласиз? Ислом динимизда бунга қандай қаралади? Мусулмон инсон бундай касбга эга бўлиши мумкинми? Агар нотўғри савол берган бўлсам, мени кечиринг. Аллоҳ таоло илмингизга илм, умрингизга умр қўшсин. Ҳурмат ва эҳтиром билан мухлисингиз Сарвар.
- Ва алайкум ассалом! Бу гап қуруқ хурофотдан бошқа нарса эмас. Уни 1848 йилда америкалик опа-сингиллар ўйлаб топишган ва шундан кейин ўша ўлкаларда ривожланиб кетган. Бу аслида жин ва шайтонларга боғлиқ нарса.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الرُّوحِ ۖ قُلِ الرُّوحُ مِنْ أَمْرِ رَبِّي وَمَا أُوتِيتُم مِّنَ الْعِلْمِ إِلَّا قَلِيلًا
«Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт» (Исро сураси, 85-оят).
Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабаби ҳақида иккита ривоят келтирилади.
عَنِعَبْدِ اللهِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَتْ قُرَيْشٌ لِلْيَهُودِ: أَعْطُونَا شَيْئًا نَسْأَلُ عَنْهُ هَذَا الرَّجُلَ، فَقَالُوا: سَلُوهُ عَنِ الرُّوحِ، فَسَأَلُوهُ، فَنَزَلَتْ: وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الرُّوحِ ۖ قُلِ الرُّوحُ مِنْ أَمْرِ رَبِّي وَمَا أُوتِيتُم مِّنَ الْعِلْمِ إِلَّا قَلِيلًا. رَوَاهُأَحْمَدُ وَالنَّسَائِيُّ وَالْحَاكِمُ وَابْنُ حِبَّانَ
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади:
«Қурайшликлар яҳудийларга: «Бизга бир нарса ўргатинг, манави одамдан сўрайлик», дейишди. Улар: «Руҳ ҳақида сўранглар», дедилар. Шунда қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрадилар. Бу сўроққа жавобан «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар...» ояти нозил бўлди».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Насоий, Ҳоким ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар.
عَنِابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيحَرْثٍ بِالْمَدِينَةِ، وَهْوَ يَتَوَكَّأُ عَلَى عَسِيبٍ، فَمَرَّ بِنَفَرٍ مِنَ الْيَهُودِ، فَقَالَ بَعْضُهُمْ: سَلُوهُ عَنِ الرُّوحِ. وَقَالَ بَعْضُهُمْ: لَا تَسْأَلُوهُ، لَا يُسْمِعْكُمْ مَا تَكْرَهُونَ. فَقَامُوا إِلَيْهِ فَقَالُوا: يَا أَبَا الْقَاسِمِ، حَدِّثْنَا عَنِ الرُّوحِ. فَقَامَ سَاعَةً يَنْظُرُ فَعَرَفْتُ أَنَّهُ يُوحَى إِلَيْهِ، فَتَأَخَّرْتُ عَنْهُ حَتَّى صَعِدَ الْوَحْيُ، ثُمَّ قَالَ: ﮋﯮ ﯯ ﯰﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶﮊ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Мадинадаги бир экинзорда эдим. Хурмо шоҳига таяниб кетаётган эдилар. Бир неча яҳудийларнинг олдидан ўтдилар. Шунда улардан бири: «Ундан руҳ ҳақида сўранглар‑чи», деди. Яна бири эса: «Ундан сўраманглар, яна ўзларингизга ёқмайдиган нарсани айтмасин», деди. Улар у зотнинг олдиларига келиб, «Эй Абул Қосим, бизга руҳ ҳақида айтиб бер», дейишди. У зот бир муддат жим туриб қолдилар. Билдимки, у зотга ваҳий юбориляпти. Ваҳий кўтарилгунча у зотдан нарироқ турдим. Кейин: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. «Руҳ Роббимнинг ишидир», деб айт», дедилар» (Исро сураси, 85‑ояти).
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар.
Шунинг учун ҳам тафсирчи уламоларимиз: «Ушбу ояти карима икки марта, яъни Маккада бир, Мадинада бир нозил бўлган», дейдилар.
Шу масалада келган бошқа ривоятларга кўра яҳудийлар руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳдан бошқа ҳеч ким жавоб бера олмаслигини аввалдан билганлар. Тавротда шу ҳақда маълумот бўлган. Улар қурайшликларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрашни ўргатишлари билан бирга, агар жавоб берса, расул эмас, жавоб бермаса, ҳақиқий расул бўлади, дейишган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий Расул бўлганликлари учун ҳам руҳ ва унинг моҳияти ҳақидаги саволларга жавоб бермадилар. Аллоҳ таоло берган жавобни уларга ўқиб бердилар. Бу жавоб: «Руҳ Роббимнинг ишидир»,дейиш эди. Руҳ, унинг моҳияти ва унга тегишли бошқа нарсалар Аллоҳнинг иши, банданинг иши эмас. Банда қанчалик мақтанмасин, илми оздир.
«Сизга жуда оз илм берилгандир».
Банданинг ана шу оз илм билан гердайиши ҳам оламни олади. Аслида эса ўз идроки етадиган, ўзига фойда келтирадиган нарсаларни билдирган Аллоҳга шукр қилиб, қолганини Аллоҳ таолога ҳавола этиши керак эди. Инсоннинг ҳамма нарсаси чеклангандир. Жумладан, ақли, идроки ҳам чегараланган. У ақли, идроки доирасидаги ишлар билан шуғулланиб, ундан ташқаридаги нарсалар хусусида беҳуда бош қотирмаслиги керак. Ана шундай нарсалар қаторига руҳ масаласи ҳам киради. Ҳозиргача инсоннинг руҳ ҳақида бирор нарса билиш учун қилган барча ҳаракатлари беҳуда кетди. Бу ҳақда ҳеч нарса била олмади. Инсон руҳ ҳақида билган бирдан-бир нарса – Аллоҳ юборган ваҳий, холос.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077