- Ва алайкум ассалом! Динимиз ҳар бир ишнинг баракотли, Аллоҳнинг розилигига сабаб бўладиган, раҳматини жалб қилувчи, келгусидаги самараси бениҳоя фойдали бўлиши учун аввалини Аллоҳ номи билан, намозлар ўқиб, йиғлаб, садақотлар қилиб, имкони бўлса ҳаж ва умра қилиб бошлашга тарғиб қилади ва бунга эришмоқчи бўлганлар шунга астойдил ҳаракат қиладилар. Ҳар бир улуғ ишни, буюк шахсларни аввалида шундай ниятдаги зотлар бор. Сиз эса Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган, лаънатини ёғилишига сабаб бўладиган, Аллоҳ жуда ёмон кўрган зино билан бошлабсиз. Мусулмон ҳам шундай бўладими? Келажакда солиҳ ва солиҳа фарзандлардан умидингиз йўқми? Бахтли саодатли оиладан умидингиз йўқми? Ҳаммасини 10 дақиқали лаззатга сотиб юборасизми? Ҳали ҳам кеч эмас, тавба қилинг. Юқорида зикр қилганимиздек бошлашга ҳаракат қилинг. Аввалингиз шу бўлса охирингиз бундан баттар бўлишидан қўрқинг. Гуноҳ билан Аллоҳнинг раҳматига эришилмайди. Тирноққа зор бўлиб йиғлаб юришлардан, бола кўрсам бўлди деб аёлингизни авратини докторман деган ҳар бир эркакка очиб беришга муҳтож бўлиб қолишдан қўрқинг. Гуноҳнинг давоси астойдил тавба қилиш, шояд шу тавбангиз ҳақиқий бўлиб келгусидаги раҳмат дарвозаларини очилишига сабаб бўлса. Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 222-оятида
إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ التَّوَّابِينَ وَيُحِبُّ الْمُتَطَهِّرِينَ
“Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севадир ва покланувчиларни севадир», – деб айт” деб марҳамат қилган. Ушбу оятнинг хулосаси гуноҳ қилиб, гуноҳида давом этмай, надомат қилиб ва тавба қилган киши Аллоҳ таолонинг наздида мақоми кўтарилади. Тавба қилувчи ҳабибуллоҳга айланади. Яъни Аллоҳнинг энг суюкли бандалари қаторига қўшилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бир қўшиқчини олдидан ўтиб қолдилар ва унинг овозини эшитиб “Қани энди шу овоз билан Қуръон ўқиса эди” дедилар. Аллоҳ таоло бу сўзни унинг қулоғига етказди. Шу заҳоти қўшиқ айтишни тўхтатиб “Бу ким” деди. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дейишди. Шунда ўша қўшиқчи асбобини синдириб, чопиб бориб оёғига ёпишди ва тавба қилганини айтиб йиғлади. Одамлар “Нега йиғлаяпсиз” дейишган эди, “Ат тааибу ҳабибуллоҳ” яъни тавба қилувчи Аллоҳ таолонинг суюкли бандаси бўлади. Уни Аллоҳ таоло яхши кўрганда мен яхши кўрмайми, у йиғлаганда мен йиғламайми” дедилар. Валлоҳу аълам!