Ассалому алайкум! Яқинда бир киши билан телефон орқали келишган эдик. У менга уй қуриш учун уста топиб бериши керак эди. Телефонда гаплашганимизда унинг хизматини 300,000 сўм деб тушунган эканман, у эса 300 долларни назарда тутган экан. Пул бериш вақтида нотўғри тушунганимиз билинди. Агар 300 долларлигини билганимда бу келишувга кўнмаган бўлардим. Энди қандай йўл тутишни билмаяпман. Илтимос, йўл кўрсатинглар. У одам майли қўяверинг деяпти, лекин мен хижолатдаман. Олдиндан раҳмат!
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Бундай суратда шу иш учун бошқалар қанча оладиган бўлса ўша пулни бериш керак. Буни шариатимизда ажри мисл дейилади. Валлоҳу аълам!