- Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Анъом” сурасида марҳамат қилади:
وَإِذَا رَأَيْتَ الَّذِينَ يَخُوضُونَ فِي آيَاتِنَا فَأَعْرِضْ عَنْهُمْ حَتَّى يَخُوضُواْ فِي حَدِيثٍ غَيْرِهِ وَإِمَّا يُنسِيَنَّكَ الشَّيْطَانُ فَلاَ تَقْعُدْ بَعْدَ الذِّكْرَى مَعَ الْقَوْمِ الظَّالِمِينَ
68. Оятларимизни (истеҳзо қилишга) шўнғиётганларни кўрган чоғингда, то ундан бошқа гапга шўнғигунларига қадар улардан юз ўгир. Агар шайтон эсингдан чиқарган бўлса, эслаганингдан сўнг золим қавмлар билан ўтирма!
Иймон масаласида зид бўлган қавм билан бирга ўтириш, унс-улфат топиш осон иш эмас. Айниқса, ўша кофирлар мажлисда Аллоҳнинг оятларини масхара қилаётган бўлсалар, уларнинг бу истеҳзоларини тинглаб ўтириш ҳеч тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «золим қавмлар» – мушрикларнинг ўшандай мажлисларида ўтиришларини ман қилмоқда.
«Оятларимизни (истеҳзо қилишга) шўнғиётганларни кўрган чоғингда, то ундан бошқа гапга шўнғигунларига қадар улардан юз ўгир».
Демак, ундай қавм қурган мажлисга яқинлашиш ҳам мутлақо мумкин эмас. Агар гап нима ҳақида кетаётганидан бехабар ҳолда ёки ушбу амри илоҳийни унутиб қўйиб, улар билан ўтириб қолинган бўлса,
«Агар шайтон эсингдан чиқарган бўлса, эслаганингдан сўнг золим қавмлар билан ўтирма!» деган кўрсатмага биноан, у мажлисдан дарҳол туриб кетиш лозим. ("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Инсон насиҳат қилмоқчи бўлган барча кишиларнинг олдида суюкли бўлиши керак. Ўзгаларга насиҳат қиладиган, таълим берадиган ва уларни айтган гапларига амал қилишини хоҳлайдиган инсон аввало яхши илмга эга бўлиши керак. Ҳар бир билган нарсасига амал қилишга ҳаракат қилиши керак. Энг муҳими уларга яхши гапириб, муҳаббатини қозона олиши керак. Чунки ҳикматларда “Кимни яхши кўрсанг уни ҳар бир сўзи ва амаллари сенга чиройли бўлиб кўринаверади” дейилган. Қолаверса банда Аллоҳ билан ўзининг ўртасини ислоҳ қилса Аллоҳ у билан бошқа бандалар орасини ҳам ислоҳ қилиб қўяди. Бунинг учун бироз вақт ҳам керак бўлади. Сурункали касаллик даволаниши қийин ва узоқ муддат талаб қилганидек гуноҳлар ҳам сурункали бўлиб қолади, тарк қилиши учун узоқроқ муддат керак бўлади. Бунинг учун ёнидаги табиблик вазифасини бажараётганлар бироз сабр қилишлар керак бўлади. Оддий касалликни даволаш учун табобатдан илм ва тажриба зарур бўлганидек, гуноҳ касалини даволамоқчи бўлганларда ҳам даволаш илми ва тажрибаси бўлиши керак. Акс ҳолда сизга ўхшаб қўполлик қилиб қўяди, гуноҳ касаллигини зўрайтириб юборади. Сиз илм ўқинг. Валлоҳу аълам!