Миср, Сурия, Иордания, Эрон каби давлатларда Ислом 14 асрдан кўп муддат ҳукм сураётган бўлса ҳам туб аҳолининг Исломни қабул қилишни хоҳламаган қисми ҳозиргача ўз динида турганлиги Ислом динининг бошқа динларга нисбатан бағри кенглигидандир. Ҳиндистон ва Ливан каби юртларда мусулмонлар узоқ вақт ҳукм юритганларига қарамай озчиликни ташкил қилишлари эса, фикримизни яна ҳам қувватлайди.Шариатни яхши тушунган Ислом давлатларида турли вазифалар кишининг динига ёки мазҳабига қараб эмас, шахсий қобилиятига, вазифани бажариш савиясига қараб берилар эди. Машҳур халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг шахсий табиби Ибн Ассол исмли насроний табиб бўлган. Халифанинг котиби эса Саҳнун исмли масийҳий бўлган. Халифа Марвон ибн Ҳакам Атанасиюс исмли насроний кишига Мисрда давлат мансабларини берган ва у, охири келиб, давлат девонлари раиси мансабига эга бўлган.Бу ҳақиқатни кўплаб ажнабий тарихчилар ҳам тан олиб, китобларига ҳавас билан ёзганлар. Мисол учун, Марк Сайс Ҳорун ар-Рашид давридаги Ислом давлати васфида қуйидагиларни ёзади: «Масийҳийлар, бутпарастлар, яҳудийлар ва мусулмонлар баб-баробар ҳукумат хизматида ишлар эдилар».Илмий баҳслар, изланишлар ва мансаблар ҳақида ҳам худди юқоридаги фикрни айтиш мумкин. Ислом давлати соясида кишилар дини ва маз-ҳабидан қатъиназар тенг шароитда яшаб, ижод қилишар эдилар. Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳиблари бўлган олимларни тўплаган ҳамда: «Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик мушкулоти келиб чиқмаслиги учун, бирингиз ўз диний китобидан далил келтирмаса, бўлди», деган эди.Исломдаги бундоқ илмий кенгбағирликнинг васфида Америкалик машҳур олим мистер Драбер қуйидагиларни ёзган эди: «Хулафолар давридаги аввалги мусулмонлар Несторий насоролари ва яҳудийлардан бўлган олимларни эҳтиром қилиш билан кифояланиб қолмаганлар. Балки, уларга улкан ишларни ишониб топширганлар. Уларни давлат мансабларига кўтарганлар. Ҳаттоки, Ҳорун ар-Рашид барча мадрасаларни текшириб туришни насроний Ҳално ибн Мосавайҳга топширган. Олимнинг яшаган юртига, унинг динига қаралмас эди. Фақатгина унинг илм ва маърифатдаги маконатига қаралар эди».Бу маънода ҳар қанча гапирсак, шунча оз. Лекин, яна бир нарсага ишора қилмоғимиз лозим. Исломнинг бошқа динларга нисбатан бағрикенглик сиёсати, нафақат бошқа динларнинг бир-бирларига нисбатан, балки бир диннинг турли мазҳаблари орасидаги муносабатларидан ҳам яхши эди. Антокия патриархи Михаил, арабларнинг бизнинг диёримизга келиши Аллоҳнинг иноятидир, деган маънодаги сўзларни айтиб, Геракл кўрсатган зулм ва қувғинларни айтиб ўтгандан сўнг, қуйидагиларни ёзган: «Шу сабабдан қувватли интиқом худосики, давлатни кимга хоҳласа, шунга беради, пастларни юқорига кўтаради, мана шу римликларнинг шаррини, уларнинг қувват ишлатиб каниса ва монастирларимизни талаб, бизга шафқатсиз равишда азоблар берганини кўриб, бизни Рим чангалидан халос қилиш учун жанубий диёрлардан Исмоилнинг фарзандларини юборди. Шаҳар араблар қўлига ўтгандан сўнг, улар ҳар бир тоифага ўз канисасини қайтариб бердилар (ўша вақтда биздан Хилес ва Ҳаррон канисалари тортиб олинган эди). Шу билан бирга, римликларнинг зулми, озори, бизга қарши ҳиқду-ҳасадидан қутулиб, ўзимизни тинчликда кўриш ҳазил гап эмас».Машҳур тарихчи Белазурий эса, ўзининг «Футуҳул Булдон» китобида Абу Ҳафс Димашқий Саъид ибн Абдулазиздан ривоят қилган қуйидаги гапларни келтиради:«Геракл мусулмонларга қарши кўплаб аскар тўплаб, Ярмук томон бостириб келаётганидан хабардор бўлган мусулмонлар Ҳимс аҳлига улардан олинган харожни қайтариб бердилар ва: «Сизларни ҳимоя қилишдан машғул бўлиб қолдик, ўзингиз бир иш кўрарсизлар», дейишди. Ҳимс аҳли эса:–Албатта, сизларнинг волийлигингиз ва адолатингиз биз учун ўзимиз яшаб турган зулм ва истибдоддан яхшидир. Сизга қўшилиб шаҳарни Геракл лашкарларидан мудофаа қиламиз», дедилар.Шунда яҳудийлар ҳам туриб:–Тавротга қасамки, Гераклнинг омили фақат биз мағлуб бўлиб, тугамагунимизча, Ҳимс шаҳрига кирмас», дейишди. Дарвозаларни ёпиб, қўриқлаша бошлашди. Мусулмонлар билан сулҳ тузган бошқа шаҳарларнинг насоро ва яҳудийлари ҳам шундоқ қилишди. Улар, агар румликлар мусулмонлардан ғолиб келса, аввалги ҳол бошимизга яна келади. Шунинг учун, модомики, мусулмонларнинг душмани бор экан, ушбу ишда маҳкам турамиз, дейишди.Аллоҳ кофирларни мағлуб, мусулмонларни ғолиб қилгандан сўнг, улар шаҳарларининг дарвозаларини очишиб, харожни ўтадилар».Ҳа, Исломга амал қилмаслик фақат мусулмонларга эмас, балки бутун дунёга зарар келтиришини шу мавзудан фаҳмлаб олсак ҳам бўлади. Бу ҳақиқатни эса, аввало, мусулмонлар тушуниб етмоқликлари лозим.Тавба сурасидаги икки оятга келсак, аввало 9-оят ҳарамдаги мушрикларга қаратилган ва уларнинг қилмишига яраша муомаладир:«Бас, ҳаром ойлар чиққанда, мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар, тутинглар, қамал қилинглар ва уларни ҳар жойда пойланглар. Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларига қўйиб юборинглар. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир».Сиртдан қаралса, ўта шафқатсиз амрга ўхшайди. Кўпчилик, жумладан, мусулмонлар ҳам оятнинг фақат биринчи ярмига эътибор берадилар. «Бас, ҳаром ойлар чиққанда, мушрикларни қаерда топсангиз, ўлдиринглар, тутинглар, қамал қилинглар ва уларни ҳар жойда пойланглар».Аллоҳ мушрикларни қаерда учратсангиз, ўлдиринглар, асир олинг-лар, қамал қилинглар ва уларни ҳар жойда пойлаб туринглар, деган, ундай ёки бундай қилиш лозим, дея кўп гапирадилар. Лекин воқеликни ҳамда оятнинг иккинчи ярмини эсдан чиқарадилар.Маълумки, мушриклар билан урушлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан кейин бошланган, жами ўттизга яқин уруш ва тўқнашув бўлган, уларда икки юзга яқин мушрик ўлган. Тарих китобларида уларнинг номлари ҳам айтиб ўтилган. Яъни, ҳамма нарса аниқ ва ҳужжатли. Қолаверса, бу оятдаги амр йигирма икки йиллик сабр-чидам натижасидир. Бошқача айтганда, тушунтириш, турли йўлларни ахтариш ва аҳднома тузишлар наф бермаганидан сўнг, шунингдек, чор атрофни хавф-хатар ўраб олгандан кейин Ислом марказини ички душмандан тозалаш ниятида қилинган буйруқдир. Бу амрдан мақсад қириб ташлаш эмас, балки ҳақиқатни яхшилик билан тушунмаганларга бир оз таъсир ўтказиш эканлиги оятнинг иккинчи ярмидан ҳам билиниб турибди.«Агар тавба қилсалар, намозни тўкис адо этсалар ва закотни берсалар, йўлларига қўйиб юборинглар».Демак, бунда йигирма икки йиллик азоб-уқубат, мушриклар етказган жароҳатлар учун ўч олиш фикри йўқ. Улар тавба этиб, ширк-дан қайтсалар, иймон келтириб, мусулмонлик амалларини қилсалар, жумладан, намоз ўқиб, закот берсалар, бўлди, ўз йўлларида кетаверадилар, уларга ҳеч ким тегмайди. Улар ҳам исломий жамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзолари бўладилар.«Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳимли Зотдир».Аллоҳ уларнинг аввалги гуноҳларини кечиради, уларга раҳим-шафқат кўрсатади.Шундай жиддий ҳукм чиқариш баробарида мушриклар учун омонликка эришишнинг бошқа йўли ҳам кўрсатиб қўйилган:«Агар мушриклардан биронтаси паноҳ сўраса, унга паноҳ бер, токи у, Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра, уни омонлик жойига етказиб қўй. Бу, уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир».Яна такрор айтиш лозимки, мазкур қатъий ҳукмлардан мақсад мушрикларни қириб ташлаш эмас, балки тўғри йўлга солиш, кўзларини очишдир. Йўқса, шундай қаттиқ ҳукм бўла туриб, бирон мушрик паноҳ сўраб келса, унга ёрдам беришликка буюрилмас эди. «Агар мушриклардан биронтаси паноҳ сўраса, унга паноҳ бер». Демак, мақсад жамики мушрикларни қириб ташлаш эмас, балки уларнинг кўзини очишдир: «...токи у, Аллоҳнинг каломини эшитсин» ва ҳидоятга юрсин. Ҳа, ҳар бир мушрик ўзининг фойдасини билсин. Агар билмаса, ўзига зарар, лекин сен аҳдингга вафо қилиб:«...уни омонлик жойига етказиб қўй».Уларга бундай муомала қилинишининг сабаби:«...уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир».Билмайдиган одамга билдириш учун ҳаракат қилиш керак. Агар у душман бўлса ҳам, илоҳий каломни эшитиши учун шароит яратиб бериш лозим.29-оятга келсак, у ўша вақтдаги халқаро ҳолатга мос бўлган. Ҳозир ҳамма давлатлар тинчлик шартномаларини тузган, мусулмонлар ҳам ҳамма билан тинч яшамоқдалар.