Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, намозни янги бошлаган ўқувчи сифатида савол бераяпман, алҳамдилуллаҳ бир йилдан буён намозни ўрганиб ўқиб келмоқдаман. Намозни асосан Абдулҳаким қори Комилжон ўғлининг «Намоз ибодати арконлари» китобидан ўргандим. Ушбу китобда Витр вожиб намозини қисқача баён қилинганлиги сабабли, бир йилдан буён Витр намозини уч раъкат ўқиб, ҳар бир раъкатда фотиҳа ва зам сура, 3-раъкатда Қунут дуосини ҳам ўқиб, сажда, ташаҳҳуд, салавот ва дуоларни ўқиб салом билан витр намозини тугуатганман. Яъни, менинг хатоим витр намозининг 2-раъкатидан кейин ташаҳҳуд ўқилишини билмаган эканман. Яқинда тасодифан билиб қолдим, чунки бу китобда тўлиқ баён этилмаган экан. Саволим шуки, бир йилдан буён 2-раъкат сўнгида ташаҳҳуд ўқимасдан Витр намозини ўқиб келаётган эканман, ушбу бир йиллик Витр намозларим зиммамдан адо бўлганми ёки қайтадан ўқишим керакми?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Зиммангиздан адо бўлган. Чунки икки ракъатдан кейинги ташаҳҳуд вожиб амал эди, уни тарк қилиш билан намоз камчилик билан бўлса ҳам адо бўлган ҳисобланади. Энди ундай қилманг. Валлоҳу аълам!