Ассалому алайкум ҳурматли шайх! Савол: Кўрган, сифатларидан хабардор қизни бир йигит ёқтирди ва у қизни яна ҳам чуқурроқ ўрганмоқчи, лекин у қиз турмушга чиққан. Шундай бўлса ҳам агар у йигит ушбу ўрганишида қизнинг унга энг муносиб умр йўлдош эканлигига амин бўлса, шунингдек, қиз ҳам у йигит ҳақида шундай фикрга келса йигит қизни ҳозирги оиласидан ажратиб унга уйланмоқчи. Йигит тутаётган йўл тўғрими?
– Ва алайкум ассалом! Бировнинг оиласини бузиш катта гуноҳ. Эри бор аёлга уйланишни хаёлга ҳам келтирмаслик керак. Бу иш мутлақо мумкин эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир аёлни эри билан ёки қулни хожаси билан орасини бузса биздан эмас», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Хотин киши ишонувчи бўлади. Унга эри ҳақида бўлмағур гапларни айтиб, уриштириб оилани бузишга олиб келадиган шахс мусулмонлардан бўлмас экан. Муфҳумул мухолафа, қоидасига биноан эрга хотин ҳақида турли бўлмағур гапларни айтиб уни хотинга қарши қайрайдиган кишилар ҳам мусулмонларга хос бўлмаган ишни қилган бўлади. Аксинча мусулмон инсон нима қилиб бўлса ҳам эру хотиннинг орасини яхшилашга ҳаракат қилмоғи лозим. Бу маънода шариатимиз ҳатто ёлғон гапиришга ҳам изн берган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳеч бир аёл ўз синглисининг товоғини бўш қолдириб, ўзи никоҳланиб олиш учун унинг талоғини сўрамасин. Албатта, унга ҳам тақдир қилингани бўлур», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Аёл кишилардан ким бўлишидан қатъий назар ҳеч ким бой-бадавлат, мансабли, обрўли эркакни ўзиники қилиб олиш учун аввалги хотинини талоқ қилдиришга урунмаслиги лозим. Ризқу рўз, оилавий бахт масалалари тақдирга қараб бўлади. Бировнинг оиласини бузишга урингандан кўра, уларга бахт-саодат тилаб, ўзига ҳам худди ўшандоқ, балки ундан ҳам яхшироқ оила бўлишини тилаш, шунинг учун ҳам ҳалол-пок йўл билан ҳаракат қилиш керак.
Афсуски, баъзи бир аёллар бу ҳақиқатни тушуниб етмайдилар, тўғрироғи тушиниб етишга уринмайдилар ҳам. Улар учун тайёр оилага осон йўл билан кириб олиш бахт-саодат манбаъси бўлиб кўринади. Ҳадиси шарифга яхшилаб эътибор берадиган бўлсак, бировнинг хотинини талоқ қилдириб, демасдан, ўз синглисини, дейилмоқда. Ўша аёл ким бўлишидан қатъий назар, мазкура ёмон ниятли аёл учун Ислом бўйича сингил бўлади. Бу сингиллик эса, насаб йўли бўйичалик сингилдан кўра яқинроқ бўлади. Чунки, ўртада иймон ва Ислом ҳурмати бор. Ҳар бир мўмина-муслима аёл ушбу ҳақиқатни англаб етмоғи керак.
Муфҳумул мухолафа, қоидасига биноан хотинни эрдан айнитиб ўзиники қилиб олган одам ҳам гуноҳкор бўлади.