- Ва алайкум ассалом! Шариатимизда икки нарса асосий қоида қилиб олинган.
Биринчиси: Асли ҳаром бўлган нарсанинг шаръий йўл билан ҳалол қилингани собит бўлмагунича у ҳаромлигича қолади. Масалан, гўшти ейиладиган ҳайвонлар шариатга мувофиқ сўйилмаса, уларнинг қони чиқиб кетмагани ва Аллоҳнинг исмларидан бирортаси зикр қилинмагани учун гўшти ҳаромлигича қолади. Тасмия айтиб сўйилгани аниқ бўлгачгина ҳалол деб ҳукм қилинади.
Иккинчиси: Асли ҳалол бўлган нарсаларнинг бирор йўл билан ҳаром қилингани собит бўлмаса, улар ҳалоллигича қолади.
“Фалон тиш пастасида чўчқа ёғи бор, шунинг учун уни ишлатиш ҳаром” дейиш учун аниқ далил-ҳужжатлар етарли бўлиши керак. Етарли бўмаган ва исботини топмаган хабарларга асосланиб бирор махсулотни ҳаром ёки ҳалол дейиш эса жоиз эмас. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
وَلَا تَقُولُوا لِمَا تَصِفُ أَلْسِنَتُكُمُ الْكَذِبَ هَذَا حَلَالٌ وَهَذَا حَرَامٌ لِتَفْتَرُوا عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ إِنَّ الَّذِينَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ لَا يُفْلِحُونَ
“Аллоҳ номидан ёлғон тўқиб, тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром» деявермангиз! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар сира нажот топмагайлар” (Наҳл сураси, 116-оят). Валлоҳу аълам!