Ассалому алайкум! Хурматли ҳайъат аъзолари, телеграм ижтимоий тармоғидаги ИЙМОН деб номлаган каналда мана бу мақолани ўқиб қолдим, буни қандай тушуниш керак:
"Бароат кечаси" номи билан танилган тадбирни ўтказишга Исломда биронта саҳиҳ далил йўқ. Бу ҳақда келган барча гаплар мавзуъ (тўқима) ва ўта заиф ҳадислар бўлиб, ҳужжатликка ярамайди. Демак, Шаъбоннинг 15-кечасини намоз ўқишга, унинг кундузини эса алоҳида рўза тутишга хослаб олишга шаръий асос йўқ.
"Шу кечанинг ўзида намоз ўқиб чиқиш савоб бўлади", деб даъво қилган одам бидъат амални бажараётган бўлади. Бидъатга эса савоб эмас, гуноҳ берилади. Шунинг учун шаръий далили йўқ нарсаларни ибодат, савобли амал деб даъво қилишдан четланиш керак.
Аксинча, ҳар кеча тунда туриб намоз (таҳажжуд) ўқиш, ойнинг ҳар 13-, 14- ва 15-кунларида рўза тутиш суннат бўлиб, буларни асословчи ўнлаб саҳиҳ далиллар бор.
Хўш, унда "Бароат кечаси" ва тунги таҳажжуд ўқиладиган йилнинг ҳар бир кечаси, "Бароат куни" ва рўза тутиш суннат бўлган ҳар ойнинг 15-куни ўртасида қандай фарқ бор? Ҳар икки ҳолатда ҳам айни кечада намоз ўқилиб, айни кунда рўза тутиляпти-ку?
Фарқ аниқ:
1. Ҳар тунда таҳажжуд ўқишга саҳиҳ далиллар бор ва бунда алоҳида бир кеча хос қилиб олинмаган, аксинча, бу намоз йилнинг барча тунларида бир хил ўқилади, бир хил савоб берилади; "Бароат кечаси" учун ваъда қилинган алоҳида ва улкан савобга эса динда далил йўқ.
2. Ҳар ойнинг 15-кунида рўза тутиш (13- ва 14-кунларини ҳам қўшиб) суннат эканлигига саҳиҳ далиллар бор ва бунда ҳам алоҳида ойнинг 15-куни бошқаларидан ажратиб, хослаб олинмаган. "Бароат куни"нига ваъда қилинган савобга эса шаръий далил йўқ.
Бидъатнинг энг катта зарарларидан бири: одатда бидъат амалларга улкан, хаёлга сиғмас ажрлар ваъда қилинади ва бу аксарият илмсиз оммани фарз ва суннатлардан чалғитиб қўяди. Яъни, "Мана шу кечада бедор бўлсак, мана бу куни рўза тутсак, фалон авлиёнинг қабрини зиёрат қилиб, сағанасинм тавоф қилсак, бутун йилга етадиган савоб бўлар экан. Шунда қийналиб, бир ой рўза тутиш (Рамазон), беш вақт намоз ўқиш шарт бўлмас экан", сингари нотўғри тасаввурлар пайдо бўлади.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! Аввало шуни яхши билинки кунларнинг баъзиси баъзисидан, кечаларнинг баъзиси баъзисидан афзал эканлиги ҳақида ҳадислар кўп. Баъзи амаллар баъзисидан афзал эканлиги ҳақида ҳам ҳадислар кўп. Бундай вақтда шайтон ўша амалларни ва кечаларни савобидан бебаҳра қолдириш учун бор ҳийласини ишлатади. Унинг ҳийласи ибодатдан қайтариш илан бўлмайди, балки ўша ибодатларга бидъатни қўшиш билан бўлади. Вафот этганни ортидан ҳаж, умра, садақот, қурбонликлар қилиш шак-шубҳасиз савобли амал. Маййитга фойдаси тегишида шак-шубҳа йўқ. шундай ўринда шайтон бу амалларга бидъатни аралаштириб савобдан бебаҳра қилади. Ўша амалларни учида, йигирмасида ёки йигирмасида қиласан деб кунини тайин қилидириб қўяди. Махсус таомларни қилиш керак деган эътиқодни сингдиради. Шу билан энг афзал ибодат бидъат бўлиб Аллоҳнинг наздида мақбул бўлмай қолади. Бароат кечаси ҳам улуғ кеча, унда қилинган ибодат ва дуо афзаллигига шак-шубҳа йўқ. 16та саҳобийлардан бу кеча ҳақида ривоят келган. Албатта махсус бир намозни тайин қилиб олиш ёки махсус сураларни ўқишни тайин қилиб олиш ёки ҳадисларда келмаган бирор амални қилса савоб бўлади дейиш нотўғри. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кечада уйқуни тарк қилиб зорланиб Аллоҳга дуо қилганлар. Валлоҳу аълам!