- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Кўз тегиши ҳақдир», дедилар».Тўртовлари ривоят қилишган. Муслим ва Термизий қуйидагиларни зиёда қилишган:«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта, кўз тегиши ўтар эди. Қачонки сиздан ғуслга ёрдам сўралса, ғуслга ёрдам беринг», дедилар».Ғуслнинг баёни Аҳмад, Насаий ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилган ҳадисда қуйидагича баён қилинади:«Кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳни тўнтарилиб қўйилади. Аллоҳнинг изни ила тузалиб кетади».Шу жойда аввало кўз тегиши ҳақида бир оз тўхталиб ўтишга тўғри келади.Баъзи тоифалар, хусусан, замонамиз моддапарастлари кўз тегиши деган нарсани умуман инкор қиладилар. Улар бу гапни бидъат, дейдилар.Аммо барча элат ва миллатларнинг оқиллари кўз тегишини инкор қилмайдилар. Биз мусулмонларга бу ҳақдаги билим шариатимиз таълимотларидир. Ана ўша нарсалардан баъзиларини ҳозир ўрганмоқчи бўлиб турибмиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Кўз тегиши ҳақдир», дедилар».Яъни, бу нарсани инкор қилиб бўлмайди. Агар ақлни бир оз ишлатилса, тадаббур қилинса, бу масала ойдинлашади.Аллоҳ таоло инсонларнинг жисмларида ва руҳларида турли қувватларни яратгандир. Баъзи жисм¬ларга заҳар таъсир қилмайди. Ҳозирда ҳам заҳарли илонлар ёки чаёнлар ичида ухлайдиган, уларга ўзини чақтирса ҳам ҳеч таъсирланмайдиган кишилар ҳақидаги хабарлар тез-тез чиқиб туради. Бунга ўхшаш Аллоҳ таоло ғаройиб хусусиятли жисмга эга қилган турли бандаларни кўп учратамиз.Шунингдек, кишиларни Аллоҳ таоло руҳий қобилиятларини ҳам турли қувватларга эга қилиб яратган. Агар кўпчилик оддий ҳолатда бўлса ҳам баъзи кишилар одатдан ташқари руҳий қувватга эга бўладилар. Оқил инсон руҳий таъсирни ҳеч инкор қилмайди. Бу оддий ҳақиқатдир. Ўзи уяладиган одамни унга назар солиб турганини кўрган шахснинг юзи ўз-ўзидан қизара бошлайди. Ўзи қўрқадиган одамнинг унга тикилиб турганини сезган одамнинг юзи ўз-ўзидан оқариб кетади. Ўша пайтда таъсирланган одамнинг эс-ҳуши йўқолиб, қуввати кетиб оёғи қалтираб қолишига нима дейсиз?Ҳайвонлар ичида илонларнинг баъзи турлари ана шу таъсирга эга. Ўзи тегмаса ҳам, чақмаса ҳам назари ила таъсирини ўтказиши мумкин. Буни халқ ичида, илон авраши дейилади. Ўшандоқ илонлар нафақат ўзи учун ов ҳисобланган ҳайвонларга, балки, кези келса, инсонларга ҳам таъсирини ўтказади. Ҳомиладор аёлларнинг ҳомиласини тушишига, баъзида инсоннинг кўзига зарар етказишга сабаб бўлади.Шундоқ экан, инсонлардан маълум руҳий қувватга эга бўлганлари ўзлари узоқдан туриб бош¬қаларга таъсир ўтказиши мумкин эмасми? Одамларга қараб туриб ухлатиб қўядиган, турли ҳаракатлар қилдирадиган кишиларни ҳамма кўриб-билди-ку!Ана шундоқ ишларни бўлиши учун фақат жисм жисмга тегиши ёки яқиндан тикилиб қараш шарт эмас. Балки, кўзи тегадиган киши кўр бўлиши ҳам мумкин. Унга бир киши васф қилинганда ундаги ҳасад руҳи ёмонлик ила қўзиса, мазкур кишига кўзи тегиши мумкин. Аслида кўз тегишнинг асосида ҳасад бор.Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:«Ва кофирлар зикрни эшитаётганларида сени кўзлари билан тойдирмоқчи бўлдилар ва, албатта, у жиннидур, дерлар», деган.«Кўз билан тойдириш»нинг икки хил маъноси бор.Биринчиси, адоват ва душманлик назари билан ҳақ йўлдан тойдириш, адаштириш. Кофирлар Пайғамбар алайҳиссаломга маънавий зарар етказишни хоҳлаганлар.Иккинчиси, кўз теккизиш билан Пайғамбар алайҳиссаломга жисмоний зарар етказиш, у кишини йиқитиш, ҳалок қилиш маъноси.Бу оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги ривоятларда, мушриклар Қурайш қабиласида кўзи бор бир кишини олиб келиб, Пайғамбар алай¬ҳиссаломга ёмон кўз билан қаратиб зарар етказмоқчи бўлганлар. Шундоқ кўзли одамлар Бани Асад қабиласида бўлар экан.Агар улардан бирортаси семиз туяни кўрганда ёмон кўз билан қараб қўйиб, «ҳой қиз, идишни олиб бориб манавининг гўштидан олиб кел», деса, туя тезда касал бўлиб йиқилар, эгаси уни сўйиб юборишга мажбур бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта, кўз тегиши ўтар эди», деганлари ҳам шунга ўхшаш нарсаларнинг бўлиши мумкинлигини тасдиқлайди.Кўз тегиши, ундан баъзи кишилар зарарланиб хаста бўлиб қолиши мумкинлиги баён қилингандан кейин, уни даволаш васфига ўтилмоқда.«Қачонки сиздан ғуслга ёрдам сўралса, ғуслга ёрдам беринг».Имом Термизийнинг зиёдаларида келган бу жумланинг маъносини тўғри тушуниш учун кўз текканни давоси учун қилинадиган ғуслнинг баёни келган Имом Аҳмад, Насаий ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилган ҳадисни ўрганишимиз лозим:«Кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳни тўнтарилиб қўйилади. Аллоҳнинг изни ила тузалиб кетади».Демак, ғуслга ёрдам бериш кўзи теккан одамдан сўралади. У юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади ва ўша сувни кўз тегиб хаста бўлган кишига беради. Бемор ўша сув ила ғусл қилса, Аллоҳ таолонинг изни ила тузалади.Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:«Кўзи текканга амр қилинарди. У таҳорат қиларди. Кейин ўша сув ила кўз теккан ғусл қиларди».Абу Довуд ривоят қилган.Бу ерда ҳам сирни тушунмаганларимиз, бемор бошқа бўлса-ю, унинг бемор бўлишига сабаб бўлганни таҳорат қилдиришдан нима фойда бор, дейишимиз мумкин. Уламоларимиз бу шубҳага ҳам қониқарли жавоб берганлар.Илоннинг заҳарига қарши дори тайёрлаш учун ўша илоннинг гўшти ишлатилар экан. Заҳарли нарса чаққанда уни ўлдирилса, чаққани алами кесилиши ҳаммага маълум.Кўз тегиши ҳам худди шунга ўхшаган нарса. Кўзи бор одам қўлида бировни куйдириш учун олов ушлаб турган одамга ўхшайди. Унинг қўлидаги оловни ўчирсанг хавф-хатар кетади. Бир нарсанинг давоси унга зид нарса ила бўлади. Модомики кўз тегиш ила пайдо бўлган хасталик кўзи бор одамнинг ёмон руҳий таъсиридан келиб чиққан экан, унинг ўзидаги ўша ёмон руҳиятни ўзгартишга ҳаракат қилинади. Аввало, ундан беморнинг ҳақига дуо қилиш сўралади. Бу билан унинг беморга нисбатан бўлган руҳий ҳолати яхшилик томон бурила бошлайди. Сўнгра ундан ушбу ривоятда айтилган жойларини ювиш ва таҳорат қилиш сўралади. Эътибор берадиган бўлсак, ўша ювишда унинг баданидаги энг ҳассос, қалбга таъсир қиладиган жойлари ювилади. Шу билан қалбидаги ёмонлик ўти ўчади ва беморга таъсири тугайди. Ана ўша сувни беморнинг устидан қуйилса, худди дорини қуйгандек бўлади.Шу билан бирга, кўз тегишини олдини олиш ҳам тавсия қилинади. Бунинг учун кўзга яқин жойларни тўсиб юриш маслаҳат берилади.Имом Бағавий «Шарҳи Сунна» китобида қу¬йидаги ривоятни келтирган эканлар:«Усмон розияллоҳу анҳу бир хушсурат болани кўриб қолиб, бунга кўз тегмаслиги учун кулдиргичини беркитиб қўйинглар, деди».Яна кўз тегишининг олдини оладиган нарсалардан бири бирор нарсани кўриб ажабланган одамнинг, машааллоҳу, ла қуввата илла биллаҳи, демоғлигидир.Ҳишом ибн Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши ўзларини ажаблантирадиган бирор нарсани кўрсалар ёки ўз боғларидан бирига кирсалар, машааллоҳу, ла қуввата илла биллаҳи, дер эканлар.Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўз боғи ила фахрланган кофирга насиҳат қилган банда тилидан:«Боғингга кирганингда: «Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада қувват йўқ», десайдинг», деган. Эй кофир, сен фахрланаётган боғни сенга Аллоҳ берган, агар Аллоҳ бермаганида, сенинг қўлингдан ҳеч нарса келмас эди. Шунинг учун боғингга кирсанг:«Машааллоҳу, ла қуввата илла биллаҳи» — «Аллоҳнинг хоҳлагани, Аллоҳдан бошқада қувват йўқ», десайдинг».Бундай дейишинг сенга неъмат берган Зотни тан олишингни ва Унинг қувватига ишонишингни билдиради. Шу билан бирга, ожизлигингни ҳам тан олишинг бўлади. Ана шунда сенга Аллоҳ берган неъмат ҳам бардавом бўлади.Шу оят маъносига биноан мусулмонлар ўзларини ажаблантирадиган, хурсанд қиладиган бир нарсани кўрсалар ёки эшитсалар, хабар топсалар кўз тегмасин деган мақсадда: «Машааллоҳу, ла қуввата илла биллаҳи», дерлар. Бу ҳам мусулмон инсон маданиятининг белгисидир.Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг уйларида юзи қорамтир қизариб кетган бир жорияни кўриб:«Бунга дам солдириб юборинглар. Унга назар тегибди», дедилар».Икки Шайх ривоят қилишган.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида, бинобарин, саҳобаи киромлар истилоҳида, китобларимизда «назар тегиш» истилоҳи жиннинг кўзи текканини билдиради. Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинаётган жорияга жиннинг кўзи теккан экан.Асма бинти Умайс розияллоҳу анҳо:«Эй Аллоҳнинг Расули, Жаъфарнинг болаларига бирпасда кўз тегиб қолаверади. Уларга дам солдириб юборайми?» деди. У зот:«Ҳа, агар бирор нарса қадардан ўтувчи бўлса, кўз тегиши ўтар эди», дедилар».Термизий ва Муслим ривоят қилишган.Албатта, дам солиш коҳин, фолбинлар орқали ва турли хурофот йўллари билан эмас, исломий тариқада бўлади.Имом Абу Довуд қилган ривоятда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:«Бир селхона олдидан ўтдик. Шунда кириб ғусл қилдим. Иситмалаб чиқдим. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганда у зот: «Абу Собитга айтинглар, унга дам солиб қўйсин», дедилар. Мен:«Эй саййидим, дам солиш мумкинми?» дедим.«Кўз теккан, илон ёки чаён чаққандан бошқада дам солиш йўқ», дедилар у зот.Бундай пайтларда икки «қул ауъзу» сураларини ва оятул курсийни ўқиш тавсия қилинади. Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир қанча дуолар бор.