- «ТАфсири Ҳилол»ни ўқисангиз, ўзингизни ҳам бизни ҳам овора қилмаган бўлар эдингиз«Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.Бу васфлар мунофиқлар ҳақида келган васфга тамоман зид эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Мунофиқларнинг бир хил эканликлари, улар доимо бир-бирларига ўхшашлари таъкидланган бўлса, мўминларнинг ўзаро дўст-валий эканликлари айтилмоқда. «Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар». Яъни, мунофиқлар бир-бирларига қанчалик ўхшасалар ҳам, ҳеч қачон ўзаро валий-дўст бўла олмайдилар. Чунки валийлик-дўстликнинг ўзига яраша вазифалари бўлади. Валий одам дўстига ёрдам бериши, оғир ҳолларда қутқариши, уни деб ўзини ўтга-чўққа уриши ва кўпгина машаққатлар чекиши лозим. Мунофиқ ҳеч қачон бу ишларни қила олмайди. У доимо ўзини ўйлайди, қўрқоқ бўлади, қийинчиликлардан қочади.Мунофиқлар ёмонликка буюриб, яхшиликдан қайтаришар эди. Ўзларининг ёмонлик ва қабоҳатлари етмагандек, бошқаларни ҳам ёмонликка буюриб, яхшиликдан қайтаришарди.Мўминлар эса, бир-бирларига дўст бўлиш билан бирга:«Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарурлар».Яъни, жамоат шаклида яхшилик қилишга уринардилар, кўплашиб ёмонликка қарши курашадилар. Аллоҳ таоло уларга яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни фарз қилиб қўйган.Мунофиқлар намозга доимо дангасалик билан келадилар, рағбат ва ихлос билан ўқимайдилар. Мўминлар эса:«Намозни тўкис адо этурлар».Ихлос билан, хушу-хузуъ билан намоз ўқийдилар. Бу ҳам уларнинг кўзга кўринган сифатларидан бири. Намозни дангасалик билан ўқиш мунофиқларнинг сифати. Намозни ўқимаслик эса, кофирларнинг сифати.Мунофиқларнинг «Қўллари маҳкам юмилган» эди. Улар молу мулкларидан бошқаларга беришни истамас эдилар. Мўминлар эса:«закотни берурлар».Бу уларга Аллоҳ тарафидан фарз қилинган. Молларидан биродарларига маълум миқдорда беришни ибодат деб биладилар.Мунофиқлар «Аллоҳни унутган», Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилмас эдилар. Мўминлар эса:«Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар».Улар Аллоҳ ва Пайғамбарнинг амридан бошқанинг амрига бўйинсунмайдилар. Аллоҳ ва Расулининг шариатидан бошқа дастурлари йўқ. Ислом таълимотидан бошқа таълимотлари ҳам йўқ.«Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир».Бу ҳам мунофиқларга бериладиган жазога қарама-қарши бир ҳолдир. Мунофиқлир жаҳаннам оташига киритилиб, Аллоҳ томонидан лаъатланиб, доимий азобда қолишлари айтилган эди. Мўминларни эса, Аллоҳ таоло тезда раҳм қилиши таъкиланмоқда.Бошқа мукофотлар эса, келаси оятда васф қилинади.Аллоҳ мўмин эр ва мўмина аёлларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни, уларда абадий қолишни ва барқарорлик жаннатидан покиза масканларни ваъда қилди. Аллоҳдан бўладиган розилик эса, энг улуғидир. Ана ўша улкан ютуқдир.Кофир ва мунофиқларни жаҳаннам кутиб турган бўлса, мўмин ва мўминаларни ажойиб жаннатлар кутиб турибди. Кофирлар ва мунофиқлар дўзахда абадий азоб чексалар, мўмин ва мўминалар жаннатда абадий маза қиладилар. Уларнинг доимий истиқомат қиладиган жаннатларида покиза масканлар кутиб турибди. Лекин бу мўмин ва мўминаларга берилган мукофотнинг охирги даражаси эмас. Уларга бериладиган мукофотнинг энг улуғи Аллоҳнинг розилигидир. Бу мукофотнинг олдида жаннатлар ва уларнинг битмас-туганмас неъматлари ҳам ҳеч гап бўлмай қолади. Яъни, Аллоҳнинг розилигига эришиш:- «Ана ўша улкан ютуқдир».Бу оятга гап эр-хотин ҳақида эмас, умумийдир.- Аллоҳ таоло «Балад» фсурасида айтади:«Биз унга икки кўзни. Ва тилни ва икки лабни бермадикми? Ва Биз уни икки йўлга йўллаб қўймадикми?Ушбу уч оят тафсирида уламоларимиз қуйидаги ҳадиси қудсийни келтирадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дебдурлар: «Аллоҳ таоло айтади: «Эй Одам боласи! Мен сенга саноғига етмайдиган ва шукрига тоқатинг келмайдиган улкан неъматларни бердим. Сенга берган неъматларимдан бири–кўриш учун икки кўзни берганим, шу билан бирга икковини ёпадиган қовоқ ҳам бердим. Икки кўзинг билан мен ҳалол қилган нарсаларни кўр. Агар мен ҳаром қилган нарсаларга кўзинг тушиб қолса, пардасини, қовоқларингни ёп. Мен сенга тил бердим ва унга ғилоф ҳам қилиб қўйдим. Мен амр қилган ва ҳалол қилган нарсаларни гапир. Агар мен ҳаром қилган нарсалар ориз бўлса, тилингни тий. Мен сенга жинсий аъзо бердим ва уни сақлаш йўлини ҳам бердим. Бу аъзони ҳалолга ишлат. Агар ҳаром нарса ориз бўлса сақлан. Эй Одам боласи! Менинг азобимга чидамайсан ва менинг ўч олишимга тоқат қила олмайсан».Бу оятларда Аллоҳ таоло Ўз бандасига берган баъзи неъматларини зикр қилади. Жумладан, икки кўз. Бу энг улкан неъматлардан бўлиб, жуда ҳам дақиқ нарсалардир, улар билан кўриб инсон ҳаётини ўтказади, гўзалликларни кўриб лаззатланади, бундай улкан неъматни фақат Аллоҳ беради, холос. Бошқа ҳеч ким қодир эмас. Кўзнинг тузилишини, унинг кўриш жараёнини яхши тушунган шахс Аллоҳга сиғинмай иложи йўқ. Демак, бу кўзни берган Аллоҳнинг йўлида юриш, бу кўзлар билан ҳалолни кўриш, ҳаромдан қочиш керак бўлади. Шундагина инсон кўз неъматининг шукрини келтирган бўлади.Шунингдек, икки лаб ва тил ҳам бошқа аъзолар каби Аллоҳнинг улкан неъмати. Тилнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳаммага маълум. Ким инсонга бу неъматни бериши мумкин? Ҳеч ким! Агар тилга боғлиқ бирор томир лат еб қолса, бутун дунё бирлашиб ҳаракат қилса ҳам, фойда бера олмай қолади. Икки лабнинг хизматини, уларни Аллоҳ таоло барча қулайликларга мослаб қўйганини, агар улар бўлмаса ёки бироз бошқача бўлиб қолса, қанчалик ноқулайликлар келиб чиқишини тасаввур қилиб кўрган одам бу неъматлар учунАллоҳ таолога шукур айтишдан ўзга иложи қолмайди. Демак, бу неъматларнинг ҳам қадрига етиб, уларни берган эгасига тоат-ибодат қилиб, бўйсуниб, айтганидан чиқмай юриш лозим.Аллоҳнинг энг улуғ неъмати–инсонга яхши-ёмонни, оқу қорани, савоб-гуноҳни ажратиш хусусиятини бериб қўйгани ҳамда яхшилик йўлини ва у қаёққа олиб боришини, ёмонлик йўлини ва у қаёққа олиб боришини кўрсатиб қўйганидир. Демак, инсон ёмонлик йўлини тарк этиб, доимо яхшилик йўлида юриб, ҳавои нафсга эрк бермай, тўғри йўлдан қийинчиликларни енгиб бормоғи лозим.