Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

"Ҳашр" сураси охиридан уч ояти ҳақидаги мавжуд ҳадисми?

12:39 / 01.10.2019 | Sam Sam | 31492
Ассалому алайкум! "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:" Ким тонг оттирганда уч марта "Аъузу биллаҳис-самийъил алийм минаш шайтонир рожийм" деб туриб, "Ҳашр" сураси охиридан уч оятни тиловат қилса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди. Улар унга кеч киргунча саловот айтадилар. Агар у ўша куни ўлса, шаҳид ҳолида ўлади. Ким ўшаларни кеч кирганда айтса, ҳудди ўшандоқ бўлади", дедилар". Ушбу уч оятнинг тафсири: "У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир, ғайбни ҳам ошкорни ҳам билгувчидир. У Роҳман ва Роҳиймдир", (22-оят). "У-Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир, Маликдир, Қуддусдир, Саломдир, Муъминдир, Муҳайминдир, Азийздир, Жаббордир, Мутакаббирдир. Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир", (23-оят). "У- Аллоҳдир, Холиқдир, Бориъдир, Мусоввирдир. Энг гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этадилар. Ва У Азийздир, Ҳакиймдир", (24-оят). Шундай Хадис борми аввалдан раҳмат.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ҳа бор ҳадис. 

عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَالَ حِينَ يُصْبِحُ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ أَعُوذُ بِاللهِ السَّمِيعِ الْعَلِيمِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ، وَقَرَأَ ثَلَاثَ آيَاتٍ مِنْ آخِرِ سُورَةِ الْحَشْرِ وَكَّلَ اللهُ بِهِ سَبْعِينَ أَلْفَ مَلَكٍ يُصَلُّونَ عَلَيْهِ حَتَّى يُمْسِيَ، وَإِنْ مَاتَ فِي ذَلِكَ الْيَوْمِ مَاتَ شَهِيدًا، وَمَنْ قَالَهَا حِينَ يُمْسِي كَانَ بِتِلْكَ الْمَنْزِلَةِ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ. وَاللهُ أَعْلَمُ  

Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким тонг оттирганда уч марта «Аъузу биллаҳис-самийъил алийм минаш шайтонир рожийм» деб туриб, «Ҳашр» сураси охиридан уч оятни тиловат қилса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди. Улар унга кеч киргунча саловот айтадилар. Агар у ўша куни ўлса, шаҳид ҳолида ўлади.
Ким ўшаларни кеч кирганда айтса, худди ўшандоқ бўлади», дедилар».
Иккисини Термизий ривоят қилганлар. Аллоҳ билгувчироқдир.
Шарҳ: Уламолар ушбу ҳадиси шарифдаги «тонг оттирган пайтда «Аъузу биллаҳис самийъил алийм, минаш шайтонир рожийм» деб уч марта айтиш бундан сўнг мазкур уч оятни ўқиш борлигини таъкидлаш учун тайин қилинган, деганлар.
«Ҳашр» сураси охиридан уч оятни тиловат қилишга берилаётган ваъдалар қуйидагилардан иборат:
1. Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди.
2. Улар унга кеч киргунча саловот айтадилар.
3. Агар у ўша куни ўлса, шаҳид ҳолида ўлади.
«Ҳашр» сурасининг охирги уч оятида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг гўзал исмларидан бир нечтаси зикр қилинади. Баъзи уламолар «Ўша гўзал исмлар ичида Аллоҳ таолонинг «исми Аъзами» ҳам бор», дейдилар. У исмни зикр қилган кишига эса жуда катта ваъдалар берилганлиги ҳаммага маълум ва машҳур.
Қуйида мазкур уч оятнинг маънолари таржимаси ва тафсири эътиборингизга ҳавола этилади.
«У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир, ғайбни ҳам, ошкорни ҳам билувчидир. У Роҳман ва Роҳиймдир», (22-оят).
Ушбу оятдан маълумки, эътиқод ва ибодат фақат ягона Аллоҳнинг Ўзига бўлмоғи керак. Барча қалблар фақат Унгагина талпиниши лозим. Аллоҳ таоло шундай Зотки, биз билган ва билмаган барча нарсаларни билади. Осмонлару ерда Аллоҳ билмаган нарса йўқ. Демак, Унга ибодат қилиш керак.
Аллоҳ таолонинг меҳрибонлик ва раҳмлилик сифатлари ҳақида аввал сўз юритганимиз боис, ҳозир такрорлаб ўтирмаймиз.
«У – Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир, Маликдир, Қуддусдир, Саломдир, Муъминдир, Муҳайминдир, Азийздир, Жаббордир, Мутакаббирдир. Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир», (23-оят).
Аввалги оят каби, бу ояти карима ҳам Аллоҳ ваҳдониятининг исботи ила бошланган ва Унинг бир неча исмларини эслатмоқда. Жумладан:
Малик – ҳақиқий эга, Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун бандалар фақат Унга қул бўладилар. Ҳеч вақтда бир қулга икки хўжа бўлмайди. Шунинг учун инсонлар ўзларига ўхшаган инсонларга эмас, балки ягона Яратганга, ҳақиқий Эгага қул бўлишлари лозим.
Қуддус – барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир.
Салом – нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат берувчи Зот. Аллоҳ «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади.
Мўмин – иймон ва омонликни берувчи.
Муҳаймин – ҳамма нарсани қамраб олувчи. Яъни Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларининг гувоҳи бўлиб туради, Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.
Азиз – барчанинг устидан ғолиб.
Жаббор – олий қадар, улуғ. Унинг олдида ўзгалар ўзларини хор тутадилар.
Мутакаббир – кибриёси ва улуғлиги муболағали Зот.
Ушбу баркамоллик сифатларига эга бўлган айбсиз Зот мушрикларнинг Унга ширк келтиришларидан ҳам покдир.
«У – Аллоҳдир, Холиқдир, Бориъдир, Мусоввирдир. Энг гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этадилар. Ва У Азийздир, Ҳакиймдир», (24-оят).
Суранинг ушбу сўнгги оятида Аллоҳнинг яна бир неча сифати ҳақида сўз бормоқда. Хусусан:
Холиқ – яратувчи.
Бориъ – йўқдан бор қилувчи.
Мусоввир – махлуқотларнинг суратини шакллантирувчи Зот.
Дунёдаги барча чиройли исмлар Аллоҳникидир. Бир ҳадиси шарифда Аллоҳнинг тўқсон тўққизта чиройли исми зикр қилинган. Осмонда бўлсин, ерда бўлсин, дунёдаги барча нарсалар Аллоҳ таолони поклаб ёд этадилар, лекин биз уларнинг тасбеҳларини тушунмаймиз. У Аллоҳ ғолибдир ва ҳаким – барча ишларни ҳикмат билан қилувчи Зотдир.
Имом Байҳақий «Сунан»ларида Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилади:
«Пайғамбар алайҳиссалом Жумъа куни Шом намозда «Қул йаа айюҳал кафируун» ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқир эдилар, Хуфтон намозида эса «Жумъа» сурасини ва «Мунофиқун» сурасини ўқир эдилар».
Бу далил мусаббиҳот сураларидан бири бўлган «Жумъа» сурасининг шарафи нақадар улуғ эканлигини кўрсатади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat