Ассалому алайкум! Яхши одамлар жуда кўп, лекин бази одамлар озгина бефаҳмлик қилмоқда. Улар кўчаларни ахлат уюмлари билан тўлдиришмоқда. Бу хақида озгина муносабат билдирсангиз хурсанд бўлар эдим.
– Ва алайкум ассалом! Кўчада йўловчиларга озор берадиган нарсаларни ташлаш шаръан қораланган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ أَوْ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً، فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ وَالْحَيَاءُ شُعْبَةٌ مِنَ الْإِيمَانِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ» демоқ ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шуъбасидир», дедилар».
Шарҳ: Улар йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашни иймон шуъбаси даражасига кўтарган Ислом динига муҳтожлар. Бу эҳтиёж кундан-кунга ўсиб бормоқда. Чунки дунёда, инсонлар ичида кундан-кунга иймонсизлар, иймони заифлар кўпаймоқда, ҳаёсизлар кўпаймоқда. Инсоният йўлига озор берувчи нарсаларни ташловчилар кўпаймоқда.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اتَّقُوا اللَّاعِنَيْنِ قَالُوا: وَمَا اللَّاعِنَانِ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: الَّذِي يَتَخَلَّى فِي طَرِيقِ النَّاسِ أَوْ فِي ظِلِّهِمْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَمُسْلِمٌ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки лаънат келтирувчи (иш)дан сақланинглар», дедилар.
Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, икки лаънат келтирувчи (иш) нима?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамларнинг йўлига ва соя жойига хало қилган», дедилар».
Абу Довуд ва Муслим ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кўпчилик фойда оладиган жойларни эҳтиром қилиш, бундай жамоатчилик жойларини озода сақлаш ҳақида сўз бормоқда.
Йўл – кўпчилик фойдаланадиган жой. Унда кишиларга озор берадиган, кўнгилларини ғаш қиладиган нарсалар бўлмаслиги керак. Агар бирор киши йўлга қазои ҳожат қилиб қўйса, ўтган-кетган одам унга лаънат айтади. Одамлар ўтириб, дам оладиган, нафасини ростлайдиган жойлар ҳам худди шундай! Ундай жойлар ҳам доимо озода сақланиши лозим, бундай жойга қазои ҳожат қилиб қўйган кишини ҳам одамлар лаънатлайдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки ишни «икки лаънат келтирувчи (иш)» деб атамоқдалар.
Мусулмон киши йўлга, соя жойга ва бошқа шунга ўхшаш кўпчилик фойдаланадиган жойларга нафақат қазои ҳожат қилмаслиги, балки ундан бошқа халал берувчи ишларни ҳам қилмаслиги керак. Аксинча, ундай жойларни доимо тоза ва озода сақлашга, кўпчиликка озор берадиган нарсалар бўлса, олиб ташлашга одатланиш лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлдан кўпчиликка озор берувчи нарсани олиб ташлашни иймоннинг шўъбаларидан бири, деганлар. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!