- Эй, иймон келтирганлар! Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнгра уларни қўл теккизмай туриб, талоқ қилсангиз, улар зиммасида сиз учун идда ўтириш бўлмас. Бас, сиз уларни баҳраманд қилинг ва гўзал бўшатиш ила бўшатиб юборинг.Бу ояти каримада ақди никоҳдан кейин эру хотинлик қилмай туриб бўладиган талоқ ҳақида сўз кетмоқда. Бу ҳолат оз бўлса-да, ҳаётда учраб туради. Куёв билан келин ўртасида никоҳ ўқилганидан сўнг, улар бир-бирлари билан эру хотин сифатида хилват жойда ёлғиз қолгунларича ҳукмлар бир хил бўлади. Хилватда қолганларидан кейинги ҳукмлар эса, бошқача бўлади. Бу оятда биринчи ҳолат муолажа қилинмоқда.Эй, иймон келтирганлар! Қачонки мўминаларни никоҳлаб олсангиз, сўнгра уларни қўл теккизмай туриб, талоқ қилсангиз, улар зиммасида сиз учун идда ўтириш бўлмас.Никоҳдан сўнг, қўл теккизмай туриб, яъни, эру хотин сифатида хилватда ёлғиз қолмай туриб талоқ қилса, келин идда ўтирмайди. Чунки, идда эру хотинликдаги ҳаёт ҳурмати ва бошқа нарсалар сабабидан жорий қилингандир. Ушбу ҳолатда эса, мазкур мулоҳаза йўқ. Чунки, улар эр-хотин бўлиб, бир лаҳза ҳам бирга яшаганлари йўқ.Бу ҳолатда аввалги бир талоқ боин бўлади ва кейинги уч талоқ тушмайди.