Ассалому алайкум! Аёл киши эрига итоат қилмаса, уни бехурмат қилса, жанжаллашкан пайтида эрига бақирса қўпол сўзларни ишлатса, сўкса унинг жазоси қандай бўлади.
– Ва алайкум ассалом! Эрига куфр келтирган бўлади. Аллоҳ таоло Ўз розилигини эрнинг розилигига боғлиқ қилиб қўйган. Албатта, бу шариат рухсат берган ишларда. Ман қилинган ишларда итоат қилиш йўқ. Ундай аёлларни фаришталар дуоибад қилишади.
عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا تُؤْذِي امْرَأَةٌ زَوْجَهَا فِي الدُّنْيَا إِلَّا قَالَتْ زَوْجَتُهُ مِنَ الْحُورِ الْعِينِ: لَا تُؤْذِيهِ قَاتَلَكِ اللهُ، فَإِنَّمَا هُوَ عِنْدَكَ دَخِيلٌ يُوشِكُ أَنْ يُفَارِقَكِ إِلَيْنَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَحَسَّنَهُ
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг «ҳури ийн»дан бўлган хотини «Унга озор берма! Аллоҳ сени ҳалок қилсин! У сенинг олдингда қўноқ бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, биз томон жўнайди», дейдилар», деганлар».
Термизий ривоят қилган ва ҳасан, деган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисаи шариф ҳам аёл киши ўз эри билан доимо яхши муомалада бўлиши кераклигига, эри ундан озор кўрмаслик ҳаққига эга эканлигига далилдир. Бу ҳақни яхшилаб тушуниб олиш ва уни поймол қилмасликка ҳаракат этиш зарур. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!