Ассалому алайкум! Мен Имом ал-Бухорий (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) нинг Ал жоме ас-саҳиҳ китобидаги қуйидаги ҳадис ҳақида Абу Идрис ал-Хавалоний Ҳузайфа ибн ал-Ямондан нақл қиладилар: “Одамлар Жаноб Расулуллоҳдан яхшилик ҳақида, мен бўлсам, бошимга тушишидан хавотирланиб ёмонлик ҳақида сўрар эдим. Шунда мен: “Ё Расулуллоҳ, биз илгари жаҳолатда (жоҳилиятда) эдик маълумки у ёмонлик эди, кейин Аллоҳ таоло бизга марҳамат қилиб ушбу яхшиликни (исломни) ато этди, айтингизчи, шу яхшиликдан сўнг ёмонлик келами?” - дедим. Жаноб Расулуллоҳ “Ҳа!” - дедилар. Мен: “Ўша ёмонликдан кейин яна яхшилик келадими?” - дедим. Жаноб Расулуллоҳ: “Ҳа, аммо унинг тутуни бўлади!” - дедилар. Мен: “Унинг тутуни нимадир?” - дедим. Жаноб Расулуллоҳ: “Одамлар менинг суннатимдан ўзга дастурга риоя қиладилар, улардан яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам кутиш мумкин”, - дедилар. Мен: “Ана шу яхшиликдан кейин ҳам ёмонлик келадими?” - дедим. Жаноб Расулуллоҳ: “Ҳа, жаҳаннам дарвозасига даъват қилувчилар пайдо бўлади, кимки уларнинг даъватига жавоб қилса, уни жаҳаннам қаърига улоқтирадилар!” - дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, ўша кишиларни бизга тавсифлаб беринг!” - дедим. Жаноб Расулуллоҳ: “Улар ўз уруғимиздан бўлиб, бизнинг тилимиздан сўзлайдилар”, - дедилар. Мен: “Агар мен ўша даврда ҳаёт бўлсам, нима қилишимни буюрасиз?” - дедим. Жаноб Расулуллоҳ.: “Мусулмонлар жамоасидан айрилмагин, уларнинг имомларига эргашгин!” - дедилар. Мен: “Башарти, ўша замонда на мусулмонлар жамоаси ва на имомлар бўлмасачи?” - дедим. Жаноб Расулуллоҳ: “Гарчи дарахт томирини кемириб кун кўришингга тўғри келса ҳам сени сабр қилишга даъват қилувчи Аллоҳ таолони қалбингга маҳкам тугиб олгинда, ўла-ўлгунингча ўша замон фитначиларидан йироқ бўлгин!” - дедилар. Шу ҳадисдаги "тутуни бор" давр келадими, мусулмонлар яна ривожланиши башорат қилинганми? Саволим нотўғри ёки ўринсиз бўлса Аллоҳ кечирсин.
– Ва алайкум ассалом! Мусулмонлар, Ийсо алайҳиссалом келгач ва имом Маҳдий чиққач яна шону шавкатга эга бўладилар. Шунингдек ҳар даврда иззатга сабаб бўладиган инсонларни ҳам чиқариб туради. Валлоҳу аълам!