Ассалому алайкум! Мен мусулмон қизман. Насроний йигитга турмушга чиқишим мумкинми? У Худо борлигига ва Ийсо алайхиссалом Унинг ўғли эмас балки пайғамбари эканлигига ишонади. Аммо исломни қабул қилмокчи эмас. Бирор кишининг мўмин мусулмон бўлишига кимдир даъват қиладику, кимдир сабабчи бўлади. Балки унинг хам мусулмон бўлишига сабабчи бўларман. Маслахатингиз керак.
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло Қуръони каримда муслима аёлни Ислом динидан бошқа бирорта диндаги эркакка турмушга чиқишини ҳаром қилган. Мабодо эрга тексангиз ҳам никоҳингиз боғланмайди, ҳаётингиз зино бўлади, фарзандларингиз валадизино бўлишади. Мусулмон бўлмаган киши жаннатга кирмаслигини ҳам Аллоҳ таоло Қуръонда баён қилган. Нечадир йиллик бирга яшашни деб абадий охиратингизни барбод қилмоқчи бўлсангиз шунчаликка Аллоҳ танлаш имконини берган. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади :
وَلاَ تَنكِحُواْ الْمُشْرِكَاتِ حَتَّى يُؤْمِنَّ وَلأَمَةٌ مُّؤْمِنَةٌ خَيْرٌ مِّن مُّشْرِكَةٍ وَلَوْ أَعْجَبَتْكُمْ وَلاَ تُنكِحُواْ الْمُشِرِكِينَ حَتَّى يُؤْمِنُواْ وَلَعَبْدٌ مُّؤْمِنٌ خَيْرٌ مِّن مُّشْرِكٍ وَلَوْ أَعْجَبَكُمْ أُوْلَئِكَ يَدْعُونَ إِلَى النَّارِ وَاللّهُ يَدْعُوَ إِلَى الْجَنَّةِ وَالْمَغْفِرَةِ بِإِذْنِهِ وَيُبَيِّنُ آيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ
221. Мушрикаларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гар у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг. Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир. Анавилар ўт-оловга чақирарлар. Аллоҳ эса Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақирар ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қиладир. Шоядки, эслатма олсалар.
Никоҳ инсоний алоқалар ичида энг муқаддас ва аҳамиятлисидир. Бу алоқа одам боласининг кўплаб хоҳиш-истакларига жавоб беради. Никоҳдаги икки шахс бир-бирига энг яқин шахслар ҳисобланадилар. Бу ҳолга эришиш аввало, қалбларнинг бирлашмоғини, қалбларнинг бирлашмоғи эса ақийда бирлигини тақозо этади. Чунки ҳар бир инсоннинг ҳаётий йўлини белгилайдиган ўлчов унинг диний нуқтаи назари бўлади. Шу боисдан Исломда ақийдасида бузуқ аёлларга уйланиш, мушрик эркакларга турмушга чиқиш ман этилади.
«Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг».
Яъни мўминаларни уларнинг никоҳига берманг. Муслима-мўмина аёллар мусулмон динидаги эркакдан бошқа эркакка турмушга чиқишлари мутлақо мумкин эмас. Агар у эркак Исломга кириб, мўмин бўлсагина, рухсат бўлади. Ҳатто эркак яҳудий ёки масиҳий динида бўлса ҳам, муслима аёлнинг унга никоҳланиши ҳаром. Фақат мусулмон эркак бўлиши шарт. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом:
«Биз аҳли китобнинг аёлларига уйланамиз, улар бизнинг аёлларимизга уйланмайдилар», – деганлар.
Шунинг учун Аллоҳ таолонинг баён қилиб берган оятларига амал қилиб яшаш керак. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!