Ва алайкум ассалом.Сиз айтаётган белги вақф аломатларидан бири ҳисобланади. Уни "Вақфи муонақа белгиси" дейилади. Бу тур вақф "Вақфи муроқоба", "Вақфи тажозуб" каби номлар билан ҳам аталади. Бу сўзларнинг мазмуни деярли бир бирига яқин бўлиб, умуман олганда, "ўзаро яқинлашиш" деган маънони англатади. Бу белги одатда бир сўз ёки иборанинг икки тарафига қўйилади ва улардан бирида вақф қилинса, иккинчисида васл қилиш лозимлигини, яъни уларнинг ҳар иккисида вақф қилиб ўтиш жоиз эмаслигини англатади. Аммо, уларнинг бирида вақф қилиш афзал бўлсада, ҳар иккисида ҳам васл қилиб ўқиш мумкин. Бу белги ўртага олган калима ёки ибора маъно жиҳатидан шундай бўладики, уни ё юқоридаги жумлага, ёки пастидаги жумлага уланмаса, унинг ўзи мустақил маъно англата олмагани эътиборидан, оятнинг маъноси ноаниқ, мубҳам бўлиб қолади. Шу боис, уни имом Олусий: "У олдинги жумладан ҳам, кейинги жумладан ҳам бўлиш эҳтимоли бўлган сўздир" деб таърифлаган. Демак, "ва аҳсину" калимасининг икки тарафида вақф қилиб, уни ёлғиз ўқиш мумкин эмас экан. Имом Жазарийнинг таъкидлашича, бу вақфни биринчи бўлиб кўтарган киши қироат илми устозларидан бири Абулфазл Абдурраҳмон ибн Аҳмад Розий бўлган. Вақф илми уламолари бу тур вақфга алоҳида эътибор берганлар. Ҳатто замонамиз олимларидан Абдулазиз ибн Аҳмад Ҳарбий жаноблари ушбу мавзуга бағишлаб "Қуръони Каримдаги тажозуб (муонақа) вақфи" деган алоҳида рисола ёзган ва унда Қуръони Каримдаги ушбу тур вақфларни бир чеккадан баён қилган. Валлоҳу аълам.