Ассалому алайкум! Устозлар бeраётган жавоблариз учун раҳмат. Муаллиф Аллоуддин Мансур 1992-йилни Қуръон китоби таржимаси қўлимга тушган. Ўқиб бораяпман. Саволим, ушбу сажда ояти дeйиладиган жойида 2 ракат намоз ўқиш вожибми ёки шундай ўша ҳолатда ўтириб сажда қилиш кeракми?
Ва алайкум ассалом! Тиловат саждаси намоздан ташқари алоҳида бир сажда қилишдан иборатдир, унга бош қўйилаётганда бир такбир ва ундан бош кўтарилаётганда яна бир такбир айтилади. Тиловат саждасини қилиш вожибдир. Тиловат саждасини қилиш учун шартлар намоз ўқиш учун қўйилган шартларнинг айни ўзидир: мусулмонлик, оқиллик, балоғатга етганлик ва ҳайзу нифосдан пок бўлиш. Тиловат саждаси тўғри бўлиши учун таҳоратли бўлиш, бадан, кийим ва маконнинг поклиги, қиблага юзланиш, сатри аврат ва ният шарт. Унда қўл кўтарилмайди, ташаҳҳуд ва салом ҳам йўқ, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тиловат саждасини қилганларида бу нарсаларни қилмаганлар. Унда саждада айтиладиган тасбеҳ бор. Яъни тиловат саждасида турганда намоз саждасида айтиладиган тасбеҳ айтилади. У қуйидаги ўн тўрт оятдан бирини тиловат қилган кишига ёки эшитган кишига вожиб бўлади. 1. Аъроф сурасининг охиридаги 206-оят. 2. Раъд сурасидаги 15-оят. 3. Наҳл сурасидаги 49-оят. 4. «Бану Исроил» (Исро) сурасидаги 109-оят. 5. Марям сурасидаги 58-оят. 6. Ҳаж сурасидаги биринчи сажда ояти, яъни 18-оят (бу сурадаги иккинчи сажда ояти, яъни 77-оят ҳанафий мазҳабига кўра вожиб эмас). 7. Фурқон сурасидаги 60-оят. 8. Намл сурасидаги 26-оят. 9. Сажда сурасидаги 15-оят. 10. Сод сурасидаги 24-оят. 11. Фуссилат сурасидаги 37-оят. 12. Нажм сурасидаги 62-оят. 13. Иншиқоқ сурасидаги 21-оят. 14. Алақ сурасидаги 19-оят. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!