- Ўзи мусулмон бўлиб дангасалик қилиб юрган одам бўлса, яхшилик умиди бўлади. Иши Аллоҳ таолога ҳавола бўлади. Умуман тавба қилмай юрганлар ва Исломдан бехабарлар бўлса, ўлимга кўзи етгандаги тавбаси ва иймони фойда бермайди.Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади.“Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз”.Кофир ҳолида ўлганларнинг иши ўз-ўзидан маълум: улар тўппа-тўғри дўзахга равона бўладилар. Уларнинг тавбалари ботил ва ҳеч қачон қабул бўлмайди. Аммо мўмин бўлиб туриб, мўминликка тўғри келмайдиган иш қилганларчи? Уларга иймонлари ҳурматидан ўзини ўнглаб олиш имкони берилган эди. Тавба эшиги очилган эди. Улар гуноҳлардан тавба қилишлари, яъни, қайтишлари лозим эди. Арабчада «тавба» сўзи «қайтиш» маъносини англатади. Гуноҳдан қайтиб, савобга юриш керак эди. Аммо вақтида бу ишни қилмади. Энди ўлим кўзига кўриниб қолганда, тавба қилдим, деганидан нима фойда?