Ассалому алайкум! Интернетда битта расм кўриб қолдим. Унда "Ким қандай бўлса, унга шундай хотин учрайди" Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам деб ёзилган эди. Бундай ҳадис борми?
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Нур" сурасида марҳамат қилади:
الْخَبِيثَاتُ لِلْخَبِيثِينَ وَالْخَبِيثُونَ لِلْخَبِيثَاتِ وَالطَّيِّبَاتُ لِلطَّيِّبِينَ وَالطَّيِّبُونَ لِلطَّيِّبَاتِ أُوْلَئِكَ مُبَرَّؤُونَ مِمَّا يَقُولُونَ لَهُم مَّغْفِرَةٌ وَرِزْقٌ كَرِيمٌ
26. Нопок хотинлар нопок эркаклар учундир. Нопок эркаклар нопок хотинлар учундир. Покиза аёллар покиза эркаклар учундир. Покиза эркаклар покиза аёллар учундир. Ана ўшалар у(бўҳтончи)лар айтаётган нарсалардан поклангандирлар. Уларга мағфират ва карамли ризқ бордир.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло исломий жамият ҳаётидаги муҳим бир асосни баён қилмоқда. У ҳам бўлса, нопок қалблар ўзларига ўхшаган нопоклар билан топишиши, ўз навбатида, пок қалблар ўзидек покиза қалблар билан топишиб бирлашишидир. Асли нопок инсондан доимо нопоклик содир бўлади. У ўзига ўхшаган нопокларни ёқтиради, улар билан топишади, доим бирга бўлади. Лекин пок кишиларга қўшила олмайди. Шунингдек, пок одам ҳам доимо поклик билан яшайди. Пок кишиларни қидиради, топади, бирга бўлади. Эр-хотин бўлишда ҳам шу. Пок хотинга пок эр, нопок хотинга нопок. Агар нопок билан пок бирлашиб қолса, бу ҳамдамлик узоққа бормайди. Чунки пок билан нопокнинг бирга бўлишлари амри маҳол. Шундай экан, Аллоҳ пок қилиб яратган, пайғамбарликка танлаган зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишаи Сиддиқани ҳамма аёлларидан кўра яхши кўришлари у аёлнинг ниҳоятда поклиги сабабидан эмасми?! Оиша онамизда заррача нопоклик бўлганида, у муҳтарама зотни Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шунчалар яхши кўришлари мумкинмиди?!
Ана ўша пок эр ва аёллар бўҳтончилар уларга қўяётган айблардан покдирлар.
«Уларга мағфират ва карамли ризқ бордир».
Уларга бу дунёда мағфират – гуноҳларини кечиш ва у дунёда гўзал ризқ – жаннат бордир.
Шу билан ифк ҳодисаси – мусулмонлар жамоасини катта мусибатга солган ҳодиса ҳақидаги оятлар ниҳоясига етди. Бу ҳодиса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини, у зотнинг оилаларини, бу оиланинг поклигини Аллоҳнинг Ўзи сақлашини исбот этди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!