Ўнг ва Чап тарафдаги фаришталар инсондан ажралмайдилар ва улардан ташқари яна битта фаришта борми?Қуйидаги ишлар уларга озор етказадими:-Инсон бутунлай ҳожати учун ечинса,-Инсон аёли билан яқинлик қилганда,-Ғусл қилганда ва ҳакозалар...Умуман, уларга озор бермаслик ва аввалом бор кузатиб тургувчи Аллоҳдан ҳаё қилиш одобларини айтсангиз.
Ассалому алайкум! Одамлардан ажралмайдиган фаришталарнинг бир неча вазифалари бор.
1. Одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб бориш вазифаси.
Аллоҳ таоло «Қоф» сурасида: «Вақтики, икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар», деган (17-18 - оятлар).
Демак, инсоннинг икки тарафида икки фаришта жойлашган ва улар инсоннинг ҳар бир амали ва сўзларини кутиб олади. Оятда уларни «икки кутиб олувчи», деб айтмоқда.
«Вақтики, икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар».
Мазкур фаришталар содир бўлган барча ҳодисаларни ёзиб боришга вакил қилинганлар.
«Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар».
Биз «ҳозиру нозир» деб таржима қилган икки фариштанинг арабча номи «Рақиб ва Атийд»дир. Инсоннинг оғзидан чиққан битта лафз ҳам уларнинг назарларидан четда қолмайди. Улар ҳамиша ҳозиру нозирдирлар, дарров ёзиб қўядилар.
Таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таоло бандасининг амалларини ҳисоб-китоб қилишда бу икки фариштанинг ишига муҳтож эмас. Ўзи ҳамма нарсани комил илми ила билиб туради. Ҳаттоки, аввалги оятларда айтилганидек, одамнинг хаёлидан ўтган нарсаларни ҳам билади. Мазкур фаришталар ёзиб боришининг бошқа ҳикмати бор, қиёмат куни инсонга ҳужжат сифатида кўрсатиладиган номаи аъмол ушбу фаришталар ёзган ёзувлар бўлади. Бунга иймон келтириш эса ҳар бир банданинг кўпроқ яхшилик қилишига, ёмонликдан янада кўпроқ четланишига боис бўлади.
Ушбу мавзуда кўплаб ривоятлар келган, шулардан баъзилари билан танишиб чиқсак, тушунчаларимиз мукаммалроқ бўлади.
Али ибн Абу Толҳа Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладики, у зот: «Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар» ояти ҳақида: «Ҳар бир яхши ёмон гапи ёзиб борилади. Ҳаттоки, едим, ичдим, бордим, келдим, кўрдим кабиларни ҳам. Пайшанба куни унинг иши ва гапи арз қилинади, яхшилиги, ёмонлиги бори қолдирилиб, қолгани ташлаб юборилади», деган эканлар.
Имом Ҳасан Басрий «...ўнгда ва чапда ўтирган ҳолда» оятини ўқиб туриб: «Эй, одам боласи, сенинг саҳифанг очилди, икки ҳур-матли фаришта сенга вакил қилинди, биттаси ўнг тарафингдаги яхшиликларингни ёзади, иккинчиси чап тарафингдаги ёмонликларингни ёзади, нимани хоҳласанг қилавер, озми, кўпми. Вафот этганингда, саҳифанг беркитилади, қабрингда бўйнингга осиб қўйилади. Қиёмат куни шундай ҳолда қабрингдан чиқасан...» деган эканлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўлим тўшагида инграб ётганларида, Товус розияллоҳу анҳудан: «Фаришта ҳар бир нарсани, ҳатто инграшни ҳам ёзади», деган ривоятни эшитибдилару дарҳол инграшни тарк этиб, шу билан то жон таслим қилгунларича инграмаган эканлар.
2. Инсонни доимий равишда муҳофаза қилиб юриш вазифаси.
Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида: «Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчилар бор. Улар уни Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар», деган (11 - оят).
Яъни, ҳар бир одам боласининг «олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчилар бор».
Яъни, унинг ҳар тарафида кузатиб юрувчи фаришталар мавжуд. Ушбу фаришталар ҳақида Имом Бухорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Улар сизлар учун алмашиб, кетма-кет келиб турадилар. Кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир хил фаришталар келади. Улар бомдод ва аср намозида жам бўладилар. Аллоҳнинг ҳузурига сиз билан тунни ўтказувчилар кўтарилганларида, улардан, Ўзи сизларнинг ҳолингизни жуда яхши билса ҳам: «Бандаларимни қайси ҳолда тарк қилдингиз?» деб сўрайди. Фаришталар: «Уларнинг ҳузурига борганимизда намоз ўқиётган экан, уларни тарк қилганимизда ҳам намоз ўқишаётган эди», дейишади», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда эса:
«Албатта, сиз билан бирга, сизни хало ва жимоъ пайтидан бошқа вақтда тарк этмайдиган зотлар бор. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни ҳурмат этинглар», дейилган.
Мазкур фаришталарнинг вазифаларини ояти кариманинг кейинги жумласи баён қилади:
«Улар уни Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар».
Яъни, ўша фаришталар у бандани Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар. Ушбу жумладаги «ҳифз» сўзи «сақлаш» ва «ёдлаб, эслаб қолиш» маъноларини билдиради. Бандага бириктирилган фаришталар ушбу икки ишни бажарадилар. Яъни, бандани турли ёмонликлардан сақлаб турадилар ҳамда қилаётган амалларини ёзиб, ёдда сақлаб борадилар.
Ушбу оят ва ҳадисларга ҳамда шу маънодаги яна бошқа ҳужжатларга суянган ҳолда уламоларимиз қуйидагиларни таъкидлайдилар:
Бандани турли ҳодиса ва ёмонликлардан ҳимоя этиш учун фаришталар навбат билан қўриқчилик қиладилар. Шунингдек, унинг амалларини ёзиб бориш учун ҳам кечаю кундуз маълум фаришталар алмашиб турадилар. Иккитаси ўнг ва чап тарафда туриб, ўнг тарафда турган фаришта яхши амалларни, чап тарафда тургани гуноҳ амалларини ёзиб боради. Яна икки фаришта олд ва орқадан уни қўриқлаб турадилар. Демак, банда доимо тўрт фариштанинг ўртасида юради. Улар кундузи ва кечаси алмашиб туришади.
Аллоҳ Ўзи юқорида зикр қилганидек, ҳамма нарсаларни, ҳатто бандалар учун ўта махфий бўлган ҳолатларни ҳам жуда аниқлик ила билиб туришига қарамай, ҳар бир бандага тўрттадан фариштани бириктириб қўйгандир. Улардан иккитаси банданинг ҳар бир қилган амалини ўша вақтнинг ўзидаёқ ёзиб қўяди. Бу ҳар бир бандага катта масъулият юклайди. Фаришталардан иккитасининг бандани қўриқлаб туриши эса Аллоҳ уни мукаррам қилганини кўрсатади. Демак, ҳар бир инсон ўша икромга лойиқ бўлиб, ўша масъулиятни ҳис этмоғи керак. Ўзини ўнглашга, тузатишга, Аллоҳнинг розилигини қозонтирадиган амалларни бажаришга уриниши лозим.
Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида: «У бандалари устидан ғолибдир. У устингизга ҳафазаларини юборадир», деган (61 - оят).
Аллоҳ таоло доимо бандалари устидан ғолибдир, Ўз иродасини ўтказиб тургувчидир.
«У бандалари устидан ғолибдир».
Аллоҳ таоло ғолиблигидан бандаларининг ҳар бир ҳаракат ва саканотларини кузатиб, ҳисоб-китобини қилиб туради.
«У устингизга ҳафазаларини юборадир».
«Ҳафаза» – ҳар бир инсонга бириктирилган фаришталарнинг номи бўлиб, улар қиладиган ишнинг маъносини англатади. Биринчи маъно – муҳофаза қилиш, сақлаш маъноси бўлиб, ўша фаришталар ўзлари бириктирилган одамни муҳофаза қилиб турадилар. Иккинчи маъно – ёд олиш маъноси бўлиб, мазкур фаришталар ўзлари бириктирилган инсоннинг ҳамма қилган иши ва айтган сўзларини ёдлаб боради. Хулоса қилиб айтганда, инсон бир лаҳза ҳам Аллоҳ таолонинг кузатувидан четда қолмайди. Буни англаган инсон фақат яхшилик қилиб, доимо ёмонликдан четланади.
Баҳз ибн Ҳакийм отасидан, у эса бобосидан ривоят қилади:
«Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?» дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил», дедилар. Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?» дедим. У зот: «Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин», дедилар. Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?» дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлардан кўра, Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган. Бухорий баъзисини ривоят қилган.
Аввало, ҳадиснинг ровийси Баҳз ибн Ҳакийм розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Баҳз ибн Ҳакийм ибн Муовия ал-Қушайрий ал-Басрий. Ҳадисларни боболари ва оталаридан ривоят қилдилар. Бу кишидан Саврий, Химода ибн Салама, Маъмур, Абу Осим, Марвон ибн Мубораклар ривоят қилишган.Баҳз ибн Ҳакиймнинг оталари Ҳакийм ибн Муовиядирлар. У киши тобеъинлардан бўлиб, ишончли одам бўлган. Баҳз ибн Ҳакиймнинг боболари Муовия ибн Ҳайдата бўлиб, у киши саҳобийлардан бўлганлар. Бу ҳадисда ўша Муовия ибн Ҳайдата розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган бир неча масалалар ва уларга берилган жавоблар келтирилмоқда: «Эй, Аллоҳнинг Расули, авратларимиздан қайси бирини тўсайлик, қайси бирини қўяйлик?»
«Авратингни хотининг ва чўрингдан бошқадан муҳофаза қил».
Демак, эркак киши тиззаси билан киндиги орасидаги аъзоларини ўз хотини ва чўрисидан беркитмаса ҳам бўлар экан. Аммо бошқалардан тўсмоғи вожибдир.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, агар одам бир қавмнинг ичида бўлса-чи?» унда нима қилади? Баъзи вақтларда беихтиёр баъзи жойлар кўриниб қолиши мумкин-ку?
«Агар уни бирор киши зинҳор кўрмаслигига қодир бўлсанг, зинҳор кўрмасин».
Яъни, кўпчиликнинг ичида, ноқулай ҳолатда бўл- санг ҳам авратингни бировга зинҳор кўрсатмасликка ҳаракат қил.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, бирортамиз ўзи холи бўлганда-чи?»
«Одамлардан кўра, Аллоҳдан ҳаё қилинмоғи ҳақлироқдир».
Яъни, авратни тўсиш масаласида одамлардан кўра кўпроқ Аллоҳдан ҳаё қилмоқ зарур. Шунга биноан, холи одам ўзини тўсмай ғусл қилганидан кўра, авратини тўсиб, ғусл қилгани афзал дейилган. Имом Бухорий «Ўзи ёлғиз, холи жойда яланғоч ғусл қилган ва тўсиниб ғусл қилган одам. Тўсмоқлик афзаллиги ҳақида боб» номли боб очганлар.
Бошқа ҳадисларда, хусусан, Мусо ва Айюб алайҳиссаломларнинг яланғоч ҳолда ғусл қилганларини васф қилувчи ҳадисларни далил қилиб, барча фақиҳлар ғусл вақтида холи бўлган одам авратини тўсиши мустаҳабдир, деганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аврат ҳақида савол бериб, билиб олиш яхшилиги.
2. Эркак киши ўз хотини ва чўрисидан авратини тўсмаса жоизлиги.
3. Хотин ва чўридан бошқадан авратни тўсиш лозимлиги.
4. Одамлар ичида бўлганда ҳам зинҳор авратни ўзгага кўрсатмасликка ҳаракат қилиш зарурлиги.
5. Холи бўлган одам авратини тўсиб ғусл қилиши афзаллиги.