Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Диндан манфаат

23:10 / 10.07.2020 | bobur | 1224

Ассалому алайкум! Диндан ўз манфаати йўлида фойдаланиш ҳақида сўзлаб берсангиз? Нўмон Алихон марузасида қисқа баён қилинган, бу мавзу коп китобларда ёритилмаган. Шунга кўпроқ малумот бўлса яхши бўларди. Масалан: ота-оналар болалари айтганини қилишмаса улар диндан оғиз очишади. Яъни ота-онага бўйин сунинг, итоат этинг каби лекин бошқа мавзуда умуман оғиз очишмайди. Шунга ўхшаш ҳолатлар......


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло буни Ўзининг каломида баён қилиб қўйган. Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида марҳамат қилади:  

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ ادْخُلُواْ فِي السِّلْمِ كَآفَّةً وَلاَ تَتَّبِعُواْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ۝ 

208. Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир.
Маълумки, «Ислом» сўзи «Аллоҳга бўйсуниш» маъносини билдиради. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси «Аллоҳга бутун борлиғингиз ила бўйсунинг», дегани бўлади. Яъни Аллоҳга бўйсуниш тўлалигича бўлсин. Тили билан бўйсуниб, дили билан бўйсунмасдан ёки бадани билан бўйсунмасдан қолиш керак эмас. Хулласи калом, бўйсуниш тўлалигича, ҳамма томондан бўлиши керак.
«Ислом» сўзининг маъноларидан яна бири – «тинчлик»дир. У ҳолда оятнинг умумий маъноси «Тинчликка тўлиғича киринг», дегани бўлади. Тинчликка тўлиғича кириш эса Исломни татбиқ қилиш билан амалга ошади. Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Фақат банда ва Парвардигор, борлиқ ва охират ҳақидаги Ислом ақийдаларигина ҳар бир инсон қалбига тинчликни солиши мумкин. Сўнгра қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оилалардаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади. Исломда қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар билан тинч яшашнинг йўл-йўриқлари батафсил кўрсатиб қўйилган. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Исломда ҳар бир жамият ўзаро тинчликда яшаш учун нималар қилиши лозимлиги ҳам белгилаб қўйилган. Давлат миқёсида тинч яшашга эса қалб тинч, оила тинч, қўни-қўшни, қариндош-уруғ тинч, жамият тинч бўлганда эришилади. Исломда давлат билан фуқаролар орасидаги тинч-тотувлик асослари ҳам, давлатлараро тинч-тотувлик йўл-йўриқлари ҳам мукаммал йўлга қўйилган. Охири келиб, Ислом кўзлаган тинчликда бутун дунё тинчлигига эришилади. Унда барча қалблар тинч, оилалар тинч, қўни-қўшнилар тинч, қариндош-уруғлар тинч, жамиятлар тинч, давлатлар тинч, ҳайвонот, наботот ва бутун борлиқ тинч бўлади, иншааллоҳ.
«Ислом»нинг машҳур маъноларидан бири Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган диндир. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси – «Ислом динига тўлиғича киринг» бўлади. Ислом инсоннинг ҳаётини тўлиғича қамраб олган диндир. Инсоннинг онадан туғилиб, қабрга киргунгача бўлган даврдаги ҳар бир нафаси ва ҳаракати Исломнинг ихотаси доирасидадир. Исломга тўлиғича кириш оралиқ даврда, яъни бутун ҳаёт давомида бутунлигича мусулмонча яшаш, демакдир. Инсоннинг туғилишидан тортиб, то озуқаланиши, тарбияланиши, вояга етиши мусулмонча бўлиши керак. Балоғат ёшига етганда, дин таклиф қилган барча нарсаларга тўлиқ амал қилиши лозим. Инсон ўзининг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, сиёсий ва яна ҳаётининг бошқа соҳаларида Исломга амал қилгандагина, Ислом буюрган ҳамма нарсага юриб, у қайтарган ҳамма нарсадан қайтгандагина унга тўлиқ кирган бўлади. Шундагина бахт-саодатга эришади. Бугун халқимиз орасида кўпларимиз нима қиляпмиз? Номларимизга, насл-насабимизга қаралса, ҳамма мусулмон. Кимлиги суриштирилса, «Мен мусулмонман», дейди-ю, аммо ўзи ғайри муслимларнинг ишини қилиб юради. Яна: «Нимага мусулмон бўлсак ҳам, ишимиз юришмаяпти?» – дея нолийди. Динга, Аллоҳга туҳмат қилади. Кўраётган кўргиликлари ўзи мусулмон бўла туриб, Исломда яшамаётганининг оқибати эканини хаёлига ҳам келтирмайди. Ҳолбуки, айб ўзида. Бошига тушган омадсизликларни Исломдан кўришга ҳеч бир мусулмоннинг ҳаққи йўқ. Ислом бир-бирини тўлдириб келувчи турли таълимотлар ва амалларнинг мажмуасидир. Намоз ўқиб туриб, закотни инкор қилса бўлмайди. Ақийдани мусулмонча қилиб туриб, оилада христианча яшаса бўлмайди. Ҳамма-ҳаммаси мусулмонча бўлиши керак.
Оятнинг охири Исломдан бошқа йўлга юриш шайтоннинг изидан эргашишдан бошқа нарса эмаслигини ва у очиқ душман эканини таъкидлаяпти:
«…ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир».
Демак, Исломга тўлалигича кирилмаганда, шайтоннинг изидан эргашилган бўлар экан.
Кейинги оятда ушбу баёнотдан сўнг ҳам бошқа йўлга мойил бўлишнинг оқибати тушунтирилади:

 فَإِن زَلَلْتُمْ مِّن بَعْدِ مَا جَاءتْكُمُ الْبَيِّنَاتُ فَاعْلَمُواْ أَنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ۝ 

209. Агар очиқ-ойдин ҳужжатлар келганидан кейин ҳам тойилсангиз, билинг¬ки, албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир.
Шунчалик тушунтиришлар, ҳужжат, далиллар келганидан кейин ҳам Исломга тўлиғича кирмасдан, йўлдан тойиб, бошқа ёққа кириб кетсангиз, билиб қўйингки, Аллоҳ Ўзининг азиз (яъни қувватли, қудратли ва ғолиб) сифати ила сизни азобига олса, ҳолингиз чатоқ бўлади. Аллоҳ ҳикматлидир. Борлиқни ҳикмат билан яратган. Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган инсон бахтли яшаши учун йўл кўрсатувчи таълимотларни ҳам ҳикмат билан Ўзи нозил қилган. Бандаларини Исломга тўлиғича киришга амр қилиши ҳам айни ҳикмат. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat