Ассалому алайкум! Қарз олган киши вафот этиб қолса ва унинг бўйнидаги қарзини унинг опасининг ўғли ўз бўйнига олиб ўзидан тўласа марҳумнинг қарзи соқит бўладими ёки марҳумнинг дўконларини машинасини сотиб тўлаши керакми? Лекин марҳумнинг уйида сағир(етим) ҳам бор.
– Ва алайкум ассалом! Бирор инсон вафот топса, кафан ва қабрдан ошган молни аввало қарзларга тўланади. Бирор инсон бировнинг қарзини бўйнига олиб қўйишнинг ўзи билан маййитдан қарз соқит бўлмайди. Бўйнига олган ваъдасида туриб қарзни узсин ёки маййитнинг молидан узилиши шарт бўлади. Баъзи кишилар айтганидек кимдир бўйнига олиш билан маййит қарздан қутилиб қолмайди. Қачон узса кейин қутилади. Узмаса, маййит жаннатий бўлгандаям жаннатга киролмай туради. Бўйнига олган узмаса меросхўрлари узиши шарт. Шунинг учун ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйнига олган саҳобийдан бир неча бор уздингми деб сўраганлар.
وَلِلنَّسَائِيِّ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ رَجُلًا قُتِلَ فِي سَبِيلِ اللهِ، ثُمَّ أُحْيِيَ ثُمَّ قُتِلَ، ثُمَّ أُحْيِيَ ثُمَّ قُتِلَ وَعَلَيْهِ دَيْنٌ مَا دَخَلَ الْجَنَّةَ حَتَّى يُقْضَى عَنْهُ دَيْنُهُ
Насаий қилган ривоятда:
«Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас», дейилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасам ичиб туриб айтишлари ҳам бу иш қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатади.
Аллоҳ таолонинг йўлида шаҳид бўлиш қанчалик улуғ мақом. Шаҳид учун жаннат эшиклари доимо катта очиқ. Лекин қарз иши оғир. Агар инсон Аллоҳнинг йўлида бир эмас, уч марта шаҳид бўлса ҳам, қарзини адо қилмаган бўлса, жаннатга кира олмайди. Ундай одамнинг жаннатга кириши олган қарзининг узилишига боғлиқ бўлиб қолади. Қарзи узилса, жаннатга киради, бўлмаса йўқ.
Чунки қарз банданинг ҳаққи, бу ҳақни фақат ўз эгаси кечади, холос. Аллоҳ таоло кечмайди. Қарз олиб, уни узмай юрганлар бу ҳақиқатни яхшилаб англаб олмоқлари лозим. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!