Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ёлғон ва ёлғоннинг сабаблари?

00:00 / 29.01.2007 | eski savollar | 8285

Ассалому алайкум
1. Мен УСА да истиқомат қиламан. Бу ерда биласиз ноқонуний бўлиб қолса, жуда ёмон.Керак бўлса депорт, яъни мамлакатдан чиқариб юбориши ҳам мумкин. Мен айни шу нарсада савол бермоқчиман. Мен бу ерда ноқонуний бўлиб қолганман. Бир куни машинада бир киши билан кетаяпганимда милиция тўхтатди. Сабаби тезликни ошириб юборган эдим. Мени олдимга милиция келиб бир неча саволлар берди. Шуни ичида кутилмаганда паспортимни сўради. Дарҳақиқат олдимда паспортим бор эди. Мен йўқ десам ҳам бўлар эди. Чунки визамни муддати ўтиб кетган эди, яъни ноқонуний бўлиб қолган эдим. Паспортим йўқ десам ёлғон гапирган бўламан деб бердим. Шунда милиция жаноблари текшириб айтдики, сени паспортингни муддати ўтиб кетган экан. Сен ноқонуний бўлиб қолган экансанку деди. Ҳа дедим. Туш деди. Тушдим. Ҳамма ёғимни текшириб машинасига ўтқазтирди. Машинасини ичида ярим соатча саволлар бериб ўтирди. Ҳаммасига тўғри жавоб бердим, яъни алдамадим. Билдимки, албатта содиқларга нажот беради деб. Шунда эмегратион, яъни аянезга телефон қилиб мени исмимни берди текширтириш учун. Дарҳақиқат, шунақа исмли бола борми деб. Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлиб чиқдим. Бу пайтда ягона ёрдамчим Аллоҳ эди. Мен Аллоҳга чин дилдан ишонган эдимки, албатта ёрдам беради иншааллаҳ деб. Лекин депорт бўлиб кетишимдан қўрқмадим. Мамлакатимга кетсам кетибманда дедим. Ўша пайтда депорт қилиб юборишга ҳақли эди. Ҳуллас ярим соатча саволлар берди. Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил (Ўзинг кифоя қиласан ва Ўзинг қандай яхши ёрдамчисан) деб турдим. Алҳамдулиллаҳ ўзидан ўзи мени қўйиб юборди кет деб. Кейин уйга борганимда шеригим шу воқеани биродарларга айтиб берди. Биродарларим мени койиди нега паспортингизни берасиз деб. Бермасангиз бўлаверади ёлғон бўлмайди бунақа пайтда деди. Мен уларга ёлғон бўлади дедим. Оят ва ҳадисдан келтирдим. Мана менга нажот бердику Аллоҳ таоло дедим. Хуллас савол шуки, мен бу ерда тўғри иш қилдимми ёки йўқми?
2. Иккинчи маротаба ҳам милицияга тушдим. Бу пайтда ҳам тезлик эди. Эрталаб соат 5 да ишга кетаяпган эдим. Хуллас икки милиция келиб ҳамма ёғимни текширди. Буни устига правам уйда қолиб кетган эди. Машинани яқинда сотиб олган эдим. Страховкани ҳали қилмаган эдим. Улар шубҳаланишдида дарров қўлимга кишанни солиб, олиб бориб қамаб қўйишди. Ўша ерда бомдоддан олдин икки ракат намозни ўқиб нажот сўрадим. Кейин икки соатдан кейин олдимга келиб бир соат кутгин сени судга олиб борамиз ўша ерда ҳал бўлади деди. Кейин судга бордим. Судда кўп одам ўтирган эди. Ҳаммаси ҳар хил айблар билан тушган. Лекин битта мен кишанда эдим ва алоҳида жойга ўтқазиб қўйган эди. Шунда судя жаноблари кириб қолди. Ҳамма ўрнидан турди одатларига биноан. Мен турмадим. Чунки ҳадис эсимга тушди. Хуллас судда штраф тўла деди, штраф тўлаб чиқиб кетдим. Бу воқеадан бир биродаримиз хабар топиб менга шундай деди: Сизни милиция тўхтатиб саволга тутган пайтда қаерда яшашингизни айтган экансиз. Уйингизда ноқонуний одам ( яъни ибодатсиз) ҳам бор эди. Агар келиб ўша болани депорт қилиб юборса сиз гуноҳкор бўласиз биласизми деб қаттиқ зажр бериб чиқиб кетди. Бу ерда иккита савол туғилди.
1). Судя кирган вақтда ўрнимдан турмаганлигим учун тўғри иш қилдимми?
2). Бу ерда ҳам қаерда турасан деганда тўғрисини айтдим. Лекин биз билан ибодатсиз ноқонуний бир бола турар эди. Унга зарар бўлиши ҳам мумкин эди. Лекин ундай бўлмади Алҳамдулиллаҳ. Бунда ҳам тўғри иш қилдимми?
3. Шайх жаноблари сиздан илтимос. Ёлғон ҳақида батафсил келтирсангиз қайси пайтда мумкину ва қайси пайтда мумкин эмас. Ташаккур.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

– Ва алайкум ассалом! Ёлғон араб тилида «кизб» дейилади ва луғатда сидқ-ростнинг тескарисини англатади. Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдилар: Журжоний: «Ёлғон хабар унинг воқеъликка тўғри келмаслигидир.
Ибн Ҳажар: «Ёлғон бир нарса ҳақида қасддан бўлсин, ноқасддан бўлсин унга хилоф нарсани гапиришдир», деган.
Ёлғон сўзда бўлиши билан бирга амалда ҳам бўлади. Унда ёлғончи бўлмаган нарсани бўлган қилиб кўрсатиш учун ҳийла қилади. Ёки унинг акси бўлиб, бўлган нарсани бўлмаган қилиб кўрсатишга ўтилади. Қуръони Каримнинг «Юсуф» сурасида бунга далил бор: «Кечқурун йиғлаган ҳолларида оталарига келиб: «Эй отамиз, биз Юсуфни нарсаларимиз олдига қолдириб, ўзимиз қувлашиб кетсак, уни бўри еб қўйибди. Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан», дедилар.Ва унинг ёлғон қонга бўялган кўйлагини келтирдилар» (16-18 оятлар).
Ўғиллар оталарини ишонтириш мақсадида ашёвий далил, деб Юсуфнинг кўйлагини ёлғондан қонга бўяб олиб келишди. Улар ғам сўз ила, ҳам амал ила ёлғон тўқишди.Ёлғоннинг сабаблари. Кишининг ёлғон ишлатишига бир неча сабаблар бор:
1. Фойда жалб ғилиш мақсади. Ёлғончи ўзига фойда етишини кўзлаб одамларни алдаб ўз манфаати учун ёлғон гапиради.
2. Зарарни қайтариш мақсади.Ёлғончи ўзига етиши мумкин бўлган зарарни қайтариш мақсадида ғам ёлғон тўқийди. У ўзича шу тўғри йўл деб ўйлайди. Аммо икки ҳолатда ҳам ўзига бу дунё ва охират зарарини жалб қилаётганини ўйламайди.
3. Сўзини чиройли ва гапни гўзал чиқармоқчи бўлиш мақсади. Бунда ёлғончи тўғри сўз ва рост гап ила одамларга ёқиш, уларнинг эътиборини тортиш имкони йўқ бўлганидан уларга ёқадиган гап-сўз излаб ёлғон тўқийди.
4. Ёлғон гапириш одатига айланиб қолгани учун нафси шу нарсани истайдиган бўлиб қолгани сабабли бу ишни қиладиганлар ҳам бор.
5. Душмандан ўч олиш мақсади.Бунда ёлғончи душманини шарманда қилиш ва ундан ўч олиб кўнгли тўлиши учун ёлғон тўқийди.
6. Ўзини обрўсини орттириш мақсади.Бунда ёлғончи ўзини аҳли фазл, олим, уддабурон қилиш кўрсатиб мақтаниш учун ёлғон тўқийди.
Ёлғоннинг турлари.
1. Асли йўқ нарсани тўқиш.
2. Бор нарсага маънони ўзгартиб юборадиган даражада қўшимча қўшиш.
3. Бор нарсага маънони ўзгартиб юборадиган даражада нуқсон киритиш.
4. Бор нарсага маънони ўзгартиб юборадиган даражада ибораларини ўзгартиш.
Ёлғоннинг ҳукми.
Имом Ибн Ҳажар ва Заҳабийлар узрсиз ёлғон гуноҳи кабирадир, деганлар. Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ алайҳиссаломга қасддан ёлғон тўқиш куфрдир. Қуръони Каримда ёлғон ҳақида бир юз олтмиш еттита оят бор. Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир», деган (105-оят).
Аслида, ёлғонни фақат иймонсиз кофирларгина тўқийдилар. Чунки кофирларда савоб, гуноҳ деган тушунча йўқ. Ёлғон гапирса, гуноҳ бўлиши, у дунёда азобланиши ҳақида эътиқодда бўлмагани учун ўйламасдан ёлғон тўқийверадилар. Мўминлар эса, ёлғонни катта гуноҳ деб биладилар. Ёлғон гапириш туфайли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқадилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мунофиқнинг белгиси учтадир: агар сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъда қилса бажармайди ва унга омонат топширилса хиёнат қилади», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилган. 
Имом Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадиларки: 
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими?» деб сўралди. 
«Ҳа», дедилар. 
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўладими?» деб сўралди. 
«Ҳа», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўладими?» деб сўралди.
«Йўқ», дедилар».
Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: «Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг: 
«Ёлғондан ҳазир бўлинглар! Ёлғон, албатта, иймондан четлатувчидир», деганини эшитдим».
Байҳақий ривоят қилган. 
Ёлғон ҳақидаги гаплардан намуналар:
- Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:
«Мени рост пастлатгани, аслида у паслатиши нодир, ёлғон кўтарганидан, аслида унинг кўтариши нодир, яхшироқдир», деганлар.
- Арваа номли аёл Саъийд ибн Зайд ибн Амр ибн Нуфайл ила ҳовли талашиб хусумат қилди. Шунда у:
«Бу аёлни ўз ҳолига қўйинглар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким ноҳақдан бир қарич ерни олса, қиёмат куни етти қават ер унга тавқи лаънат бўлади» деганларини эшитганман. Аллоҳим! Агар бу аёл ёлғончи бўлса кўзни кўр қилгин ва қабрини ҳовлисида қилгин», деди. Мен ўша аёлнинг кўр бўлиб деворларни пайпаслаб юрганини кўрдим. У «Менга Саъийд ибн Зайднинг дуоси тегди» дер эди. Бир куни ҳовлисида кетаётиб қудуққа тушиб кетди ва ўша қудуқ унга қабр бўлди».
 Ёлғоннинг зарарларидан:
1. Ёлғон ўз эгасини парчалайди.
2. Ёлғон ўз эгасини дўзахга олиб боради.
3. Ёлғон узоқни яқин, яқинни узоқ қиладиган саробдир.
4. Ёлғон мурувват, жамол ва чиройни кетказади.
5. Ёлғон ақл ўғрисидир.
6. Ёлғончи хору зор бўлади.
7. Ёлғон дину дунёни бузади.
8. Ёлғон пасткашлик аломатидир.
Исломда ёлғон ҳаром ва катта гуноҳ ҳисобланса ҳам ундан каттароқ зарарни қайтариш учун уч ҳолатда истисно тариқасида ёлғон ишлатишга рухсат берилган.
1. Одамлар орасини ислоҳ қилиш. Мусулмонларнинг бир-бирлари билан урушиб юришлари жуда ҳам ёмон иш. Бу ёмон иш оқибатида инсонлар ва жамиятлар ораси бузилади. Кишиларнинг бир-бирлари билан хусуматлашишлари, уришишлари барча бало офатларнинг бошидир. Шунинг учун, бу ҳолат пайдо бўлиши билан қандоқ қилиб бўлса ҳам уни бартараф қилишга ўтмоқ зарур. Бу йўлда ҳатто ёлғон гапирилса ҳам рухсат. Чунки одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапирган одам фақатгина яхшилик учун ёлғон гапиради.
2. Урушда ғалаба қилиш учун. Душман билан бўлаётган қуролли қарама-қаршилик ҳаёт мамот жанги бўлади. Бу жангда душман қўлидан келган барча ишларни, жумладан, ёлғонни ҳам ишга солади. Агар аскар енгилса барча уммат ва миллат душман асорати остида қолади. Шунинг учун ҳам кўпчилик манфаати йўлида душманни доғда қолдириш учун ёлғон гапиришга рухсат берилган.
3. Оиланинг аҳллигини сақлаб қолиш учун. Ҳар бир жамиятда оиланинг аҳиллиги алоҳида аҳамият касб этади. Аҳл оилада ўсган болалар салоҳиятли фуқаро бўлиб ўсадилар. Ота-онанинг жанжаллари садоси остида ўсган болалар эса салоҳиятли фуқаро бўлишлари мумкин эмас. Шунинг учун ҳам эр-хотин орасидаги ўзаро аҳиллик жуда ҳам муҳимдир. Ана ўша аҳилликни сақлаб қолиш мақсадида эри хотинга бир-бирларига яхшилик маънода ёлғон гап айтишларига рухсат берилган.
Ушбу истисно тариқасида рухсат берилган уч ҳолатдан бошқа ҳолларда ёлғон гапириш мумкин эмас.
Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бу аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи муҳожиралардан бўлган эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:«Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас. Хайрни айтади ва хайрни етказади», деганларини эшитган экан. «Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган нарсадан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло уч нарсага; урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига гапиришида рухсат берганлар», деди у».
Тўртовлари ривоят қилган. 
Абу Довуднинг лафзида:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғондан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло уч нарсани «ёлғончи ҳисобламайман» дер эдилар; одамлар орасини ислоҳ қилган одамни. У бир гапни айтса, ундан ислоҳдан бошқани ирода қилмайди. Урушда сўз сўзлаган кишини ва ўз хотинига сўз айтган эрни ҳамда ўз эрига сўз айтган хотинни», дейилган.
Гапни буриб гапириш, яъни, киши оғир ҳолга тушиб қолганда сиртидан бошқа, ичида бошқа маъно берадиган гапни айтиб очиқ-ойдин ёлғон гапирмай қутилиб кетишга рухсат бор.
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, гапни буриб гапиришда ёлғондан қочиш майдони бордир», дедилар».
Ибн Адий ва Байҳақий ривоят қилган.
Ислом оламида Қуръони Каримни махлуқ дейиш фитнаси чиққанда халифа ҳаммани бу гапни айтишга мажбур қилишга ўтган. Навбат имом Шофеъийга келганда у киши, албатта, манавулар махлуқдирлар, деб тўрт панжаларини кўрсатганлар. Тафтишчилар буни, тўрт илоҳий китоб; Забур, Таврот, Инжил ва Қуръонлар махлуқ, деб айтилганини англаганлар. Имом Шофеъий бўлсалар, тўрт панжани ирода қилганлар. Ўзининг золимлиги билан донг таратган Ҳажжож золим саҳобаларнинг бирларидан, менинг ҳақимда нима дейсан, деб сўраган. Шунда у киши, сен қоситсан, деганлар. Араб тилида «қосит» сўзининг икки қарама-қарши маъноси бор. Бу сўз ҳам одил, ҳам жаврчи маъноларини билдиради. Мазкур саҳобий розияллоҳу анҳу Ҳажжожга, сен қоситсан, деганларида ўша ерда турганлар унга, сени мадҳ этди, дейишган. Аммо Ҳажжожнинг ўзи, йўқ у мени жаврчи демоқда, деган.

Топ рейтинг www.uz Openstat