Ассалому алайкум! Маълумки, ақийдавий китобларни ўқиш оддий инсон учун бир мунча тушунмовчиликлар туғдиради. Менда Ақийдатут таҳовия китобидан саволлар пайдо бўлганди. Шуларни сизлардан сўрашни маъқул деб билдим. 1) Шайх ҳазратининг Ақийдатут таҳовиясининг 88 бет охирги сатрида Таалуқнинг бор йўқлиги асосий масалалиги, Холиқлик сифати Аллоҳда азалдан бўлгани лекин ҳеч нимага таалуқли бўлмагани, маҳлуқлар яратилганидан кейин эса Аллоҳга таалуқли бўлгани ёзилибди. Илтимос шуни оддийроқ тушинтириб берсангизлар. 2) Ғийбат, чақимчилик иллатлари маҳлуқми? Бу каъби маъсиятларни Аллоҳ яратиб сўнг улардан четда бўлишни буюрганми ёки улар ўзи бор бўлгани учун қайтарилганми? 3) Мўтазилий ва шу каби адашганлар кофир ҳисобланадими? Уларни доим "залолат аҳли" каби таърифда ўқиганман. Аммо ҳечам диндан чиққан деб кўрмагандим.
– Ва алайкум ассалом! 1). Сиз билан биз бирор ишга қўл уриб уддасидан чиқа олсаккина ўша сифатга эга бўламиз. Масалан илм ўрганиб, машаққатлар чекиб олим бўлсак кейин бизда илм сифати пайдо бўлади. Аллоҳда эса ундай эмас. Азалдан Олим. Махлуқотларни яратмасдан олдин ҳам Аллоҳ Холиқ эди, лекин ҳали махлуқлар яратилмагани учун Аллоҳнинг Холиқ сифатидан махлуққа насиба тегмади.
2). Инсоннинг табиатига ўша гуноҳларни қилиш истеъдоди киритилган. Инсонда икки унсур бор. Бири фисқи-фужур қиладиган унсур, иккинчиси тақвога бошлайдиган унсур. Инсон фисқи-фужурга яқинлашса ёки у ҳақида ўйласа фисқи-фужурга олиб борадиган ўша унсур ишқаланади, ҳаркатга келади ва маъсият содир бўлишигача олиб боради. Тақволи инсонларга, панду-насиҳатларга яқинлашса тақво унсури ишқаланади, ҳаракатга келади ва соҳибини ҳам ўша ишларни қилишга ундайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Содиқлар билан бирга бўлинглар, уларни сафида бўлинглар” деб буюрган.
3). Куфр даражасидаги ақийдалари ҳам бор. Валлоҳу аълам!