Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Фарзандини ташлаб кетаётган оталарга

19:20 / 23.06.2021 | Gulnoza | 4943

Ассалому алайкум! Ҳозирги замонимизда кўпчилик оталар фарзандини ташлаб хабарини олмай яни фарзандини онаси билан бир неча ой яшаб хомладорлигида ташлаб кетиб кетин на аёлидан на туғилган фарзандидан хабар олмайдиган оталар кўпаймоқда. Шундай оталарга маслаҳат беринг.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Аллоҳдан қўрқиш керак. Киши никоҳланганидан кейин аёли ва фарзандларининг нафақаси зиммасига вожиб бўлади. Қуйида шу вожиб бурчларни баёни келади:

Эркак кишининг аёли олидаги нафақа бурчи.
Никоҳдан сўнг хотиннинг нафақаси эрга вожиб бўлади. «Нафақа» сўзи луғатда «яхшиликка маблағ чиқариш» маъносини англатади. Шариатда эса ўз қарамоғидаги шахсни етарли кийим, таом ва маскан билан таъминлашдир.
Нафақанинг эрга вожиб бўлиши Қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл ила собит бўлган.

Қуръондан далиллар:
Аллоҳ таоло Талоқ сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор қилинган бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳеч бир жонга Ўзи берганидан ортиқчани юкламас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур» (7-оят).
Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай дейди:
«У(она)ларни маъруф ила едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир» (233-оят).
Аллоҳ таоло Талоқ сурасида бундай деб марҳамат қилади:
«У (аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингиз борича жой беринг» (6-оят).

Суннатда келган далиллар:

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي حَجَّةِ الْوَدَاعِ: «...فَاتَّقُوا اللهَ فِي النِّسَاءِ. فَإِنَّكُمْ أَخَذْتُمُوهُنَّ بِأَمَانِ اللهِ، وَاسْتَحْلَلْتُمْ فُرُوجَهُنَّ بِكَلِمَةِ اللهِ. وَلَكُمْ عَلَيْهِنَّ أَنْ لَا يُوطِئْنَ فُرُشَكُمْ أَحَدًا تَكْرَهُونَهُ، فَإِنْ فَعَلْنَ ذَلِكَ فَاضْرِبُوهُنَّ ضَرْباً غَيْرَ مُبَرِّحٍ. وَلَهُنَّ عَلَيْكُمْ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ...». رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَمَالِكٌ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида дедилар: «...аёллар ҳаққида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимларининг мажбурияти бор...».
Муслим, Абу Довуд ва Молик ривоят қилганлар. 

عَنْ حَكِيمِ بْنِ مُعَاوِيَةَ الْقُشَيْرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، مَا حَقُّ زَوْجَةِ أَحَدِنَا عَلَيْهِ؟ قَالَ: «أَنْ تُطْعِمَهَا إِذَا طَعِمْتَ، وَتَكْسُوَهَا إِذَا اكْتَسَيْتَ أَوِ اكْتَسَبْتَ، وَلَا تَضْرِبِ الْوَجْهَ وَلَا تُقَبِّحْ، وَلَا تَهْجُرْ إِلَّا فِي الْبَيْتِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ 

Ҳаким ибн Муовия Қушайрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, биримизнинг хотинининг унда нима ҳаққи бор?» дедим.
«Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, 
(ёки мол касб қилсанг) уни ҳам кийинтирасан. Юзга урмайсан. Ҳақоратламайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», дедилар у зот».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ هِنْدًا بِنْتَ عُتْبَةَ قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَبَا سُفْيَانَ رَجُلٌ شَحِيحٌ، وَلَيْسَ يُعْطِينِي مَا يَكْفِينِي وَوَلَدِي إِلَّا مَا أَخَذْتُ مِنْهُ وَهُوَ لَا يَعْلَمُ، فَقَالَ: «خُذِي مَا يَكْفِيكِ وَوَلَدَكِ بِالْمَعْرُوفِ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳинд бинту Утба: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, унга билдирмай олганимдан бошқа менга ва боламга кифоя қиладиган ҳеч нарса бермайди», деди.
«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот.
Икки шайх ривоят қилганлар.
Барча уламолар аёлларнинг нафақаси эрларига вожиб бўлишига иттифоқ қилганлар. Аёл киши эрнинг хизматларини қилганидан кейин, унинг измида бўлганидан кейин, албатта, унинг нафақаси эрга вожиб бўлади.
Нафақа ҳақида қуйидаги масалаларни билиб олиш ва уларга ихлос билан амал қилиш оила ва унинг аъзолари учун ўта муҳимдир:
1. Нафақанинг миқдори иккисининг ҳолига қараб бўлади. Ҳар иккиси бой бўлса, бойликка яраша, камбағал бўлса, камбағалликка яраша бўлади. Эр бой, хотин камбағал ёки аксинча бўлса, икки ҳолнинг ўртасида бўлади. Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам.
Ҳар бир оила ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб, хотиннинг нафақасини белгилаши керак. Эрлар мумсиклик қилмасликлари, хотинлар талабни ҳаддан ташқари кучайтирмасликлари лозим.
Ҳозирги кунимизда эркакларнинг кўпчилиги аёлларини нафақа билан таъминлаш борасидаги бурчларини шараф билан адо этаётганлари қувончли ҳолат. Лекин баъзи ҳолатларда хотинларга нафақа масаласида зулм бўлаётганлиги ҳақида шикоятлар ҳам кўп. Яна айрим эркаклар, хотинини нафақа билан таъминламаётгани етмагандек, «Бошқаларнинг хотини ишлаб пул топаётибди, сен ҳам мени боқасан», деб телевизор кўриб ётишибди. Бу эса чидаб бўлмайдиган ҳолдир.
Фақиҳ уламолардан нақл қилинган «Агар хотин отасининг уйида бўлса ҳам ёки эрнинг уйида бемор бўлса ҳам» деган жумла ҳам бугунги кунимизда алоҳида эътиборга лойиқ бўлиб қолди. Кўпчилик хонадонларда келин бемор бўлиб қолса, отасиникига олиб бориб қўйишни фарз ёки вожиб деб англаётганлар ҳам йўқ эмас. Ота-она, қариндошлар ёки таниш-билишлар хотини бемор бўлган эркакка: «Аёлинг бемор бўлибди, отасиникига олиб бор», дейишади. Яна келин тузалган куннинг ўзидаёқ уни қайтариб олиб келишга амр қилишдан хижолат ҳам бўлишмайди. Чунки бу нарса одатга айланиб қолди. Аслида, бетоб бўлган келинни отасиникига олиб бориб ташлаш ўзини билган ҳар бир шахс учун ор, номус бўлиши керак. Балки, мабодо, келин отасиникида бемор бўлиб қолса ҳам, эр уни ўз уйига олиб келиб, даволаши лозим.

Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар беш қисмдир:
А. Таом.
Бунга озиқ-овқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган (сирка, ёғ ва шунга ўхшаш) нарсалар ҳамда таом пишириш учун кетадиган барча маҳсулотлар киради. Таомнинг миқдори етарли бўлиши керак, мазкур миқдор эрнинг бой-камбағаллигига қараб белгиланади.
Б. Кийим.
Етарли даражада, бир сидирға кийим-бош доимо бўлиши керак. Ҳанафий ва Шофеъий мазҳабларида: «Ҳар олти ойда бир сидирға янги кийим олиб берилади», дейилган.
В. Маскан.
Эр ўз хотинини маскан – турар жой билан таъминлаши вожиб. Маскан эрнинг молиявий имконияти даражасида бўлади. Шу билан бирга, маскан тўлиқ жиҳозланган, унда яшаш учун керакли ҳар бир нарса бўлиши лозим.
Г. Агар хотин хизматкор ишлатиб юрадиган тоифадан бўлса, хизматкор солиб бериш ҳам унинг нафақасига киради.
Д. Тозалик асбоб-анжомлари ва уйнинг керакли матоҳлари.

2. Агар эр моли бўла туриб, аёлига нафақа қилмаса, қози уни қамашга ҳукм чиқаради. Аёл талаб қилса, эрнинг бошқа мулклари сотилиб, унинг нафақаси берилади. Эр ноиложликдан нафақа бера олмаса, қамалмайди.

3. Ўзбошимчалик билан уйидан чиқиб кетган, қарз учун ҳибсга олинган, куёвнинг уйига касаллиги туфайли келтирилмаган, мажбурланган (олиб қочилган) ва эрисиз ҳаж қилган аёлга нафақа йўқ.
Аёл агар эри билан бирга ҳаж қилса, шунда ҳам сафар ва киранинг нафақасига эмас, муқимлик ҳолатида оладиган нафақасига ҳақлидир.

4. Бой эрга хотин учун бир ходимнинг нафақаси ҳам вожиб бўлади. Саҳиҳ қавлга биноан, камбағал эрга бу нарса вожиб бўлмайди.

5. Эрнинг нафақадан ожизлиги учун оралари ажратилмайди. Аёлга эрнинг ҳисобидан қарз олиш амр қилинади.
Эр нафақа беришга ожиз бўлса ҳам хотинидан ажратилмаслигининг ҳужжати қуйидагича.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:
«Агар ночор бўлса, бойигунча кутишдир» (280-оят).
Демак, ночор одамнинг бойишини кутиш керак. Ночорлиги учун бошқа чора кўриш дуруст эмас.
Аллоҳ таоло Нур сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ қамрови кенг, билувчи Зотдир» (32-оят).
Оятда фақирлик никоҳга тўсиқ бўла олмаслиги таъкидланмоқда.

6. Кимга камбағаллигига қараб нафақа юкланган бўлса-ю, кейин бойиса, агар хотин талаб қилса, бойлигига мос нафақа ила тўлатилади.
Аксинча, бойлигида нафақа белгиланса-ю, кейин камбағал бўлиб қолса, камбағаллик даражасига қараб нафақа қисқартирилади.

7. Ўтган муддатнинг нафақаси соқит бўлади.
Эр маълум муддат нафақа бермай юрган бўлса, кейин уни тўлаши лозим бўлмайди.

8. Илло, қози тайинлаган ёки икковлари бир нарсага келишган бўлсалар, ўтган муддатникини ҳам бериш вожиб бўлади. Бунда икковлари ҳам тирик бўлиши шарт. Агар бири вафот этган ёки аёлни нафақани олишидан аввал талоқ қилган бўлса, тайинланган нарса соқит бўлади. Бироқ, аёл қозининг амри ила қарз олган бўлса, соқит бўлмайди.

9. Муддатидан олдин берилган нафақа, икковларидан бири муддатдан олдин вафот этса, қайтариб олинмайди.
Мисол учун, бир киши хотинининг бир йиллик нафақасини олдиндан бериб қўйди. Аммо бир йил ўтмасдан, икковларидан бири вафот этди. Шунда нафақа қайтариб олинмайди.

10. Хотиннинг маскани эрнинг аҳлидан бирор киши бўлмаган уйда бўлиши шарти ила эрга вожиб бўлади. Ҳаттоки, эрнинг бошқа хотинидан бўлган боласи ҳам бўлмаслиги керак. Илло, аёл рози бўлса, майли.
Агар эр хотинни ҳеч ким йўқ уйга жойлаган бўлса-ю, хотин эр ураётгани ва озор бераётгани ҳақида қозига шикоят қилса ва ўзининг солиҳ қавмлар орасида жойлаштирилишида ёрдам сўраса, қози хотиннинг гапи тўғрилигига амин бўлса, эрни зажр қилади ва хотинга тажовуз қилишдан қайтаради. Аммо эрнинг хотинга озор бермаётганига гувоҳлар бўлса, тек қўяди. Агар атрофда ишончли кишилар бўлмаса ёки улар эрга тарафдор бўлсалар, қози хотинни солиҳ қавмлар орасига кўчиришни эрга мажбурий амр қилади.

11. Эрнинг ҳовлисидаги алоҳида, қулфланадиган уй аёлга кифоя қилади.
Яъни бир ҳовлида бошқа уйлар ва кишилар бўлса ҳам, алоҳида яшаш учун лозим қулайликлари бор уй бўлса етади.

12. Эр хотиннинг олдига у(хотин)нинг ота-онасини ва бошқа эрдан бўлган боласини киритмасликка ҳақли.
Чунки уй уники ва у ўз уйини ўзи хоҳлаганича тасарруф қилиш ҳаққига эга.

13. Хотинга истаган пайтларида назар солишларидан ва гапиришларидан (қариндошларни) ман қилишга (эрнинг) ҳаққи йўқ.
Чунки силаи раҳмни кесишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

14. «Эр аёлни ҳафтада бир марта ўз ота-онасининг олдига чиқишидан ва уларни аёлнинг олдига киришларидан ман қила олмайди» деган гап бор. Ота-онадан бошқа маҳрамлар йилига бир марта. Ва шуниси тўғри.
Маҳрамларнинг зиёратига оид сўз айтган машойихлар ичида «мазкур муддат бир ойдан ошмаслиги лозим», деган уламолар ҳам, «бир ҳафтадан ошмаслиги лозим», деган уламолар ҳам бор.

15. Ғойибнинг хотинининг, боласининг ва ота-онасининг нафақаси унинг молидан фақат уларнинг ҳаққи бўлган жинсдан тайин қилинади.
Ғойиб – йўқолиб қолган одам. Унинг молидан фақат хотини, боласи ва ота-онасининг нафақасини қози белгилаб беради. Бошқа қариндошларнинг нафақаси соқит бўлади. «Уларнинг ҳаққи бўлган жинсдан» дегани «уларга зарур бўлган нарсалардан» деганидир. «Мана буни сотиб, ишлатарсизлар», деб бошқа нарсаларни бериб бўлмайди.

16. Бунда мол омонатга қўйилган, музорабада қатнашган бўлмаслиги ёки қарзга олган кишининг ҳузурида бўлиши ва у(эр) буни эътироф қилиши шарт. Шунингдек, никоҳнинг эътирофи ҳам бўлиши ёки қози буларни билиши лозим.
Яъни қози мол, никоҳ ва насабни билса, нафақа ҳақидаги ҳукмни чиқараверади. Чунки қозининг билими ҳам ҳужжат ҳисобланади ва у ўз ўрнида бу билан ҳукм чиқариш ҳаққига эга.

17. Қози аёлга эр унинг нафақасини бермаганлиги ҳақида қасам ичтиради ва ундан кафолат талаб қилади.
Аёлнинг қасам ичирилиши эр ғойиб бўлишидан олдин унга нафақасини берган бўлиши ва аёл қозини алдаётган бўлиши эҳтимоли борлиги учундир. Кафил эса мабодо эр келиб, аёлга нафақасини кераклигича қолдириб кетганини исбот қилиб қолса, тўлаб бериши учун талаб қилинади.

18. Ғойибга нафақани юклаш учун ҳужжат келтиришни талаб қилмайди ва аёлга эр номидан қарз олишни амр қилади. Никоҳ ҳақида ҳукм чиқармайди. Имом Зуфар: «Нафақа ҳақида ҳукм чиқаради, никоҳ ҳақида чиқармайди», деган. Бугунги кунда қозилар эҳтиёж юзасидан шунга амал қиладилар.
Чунки бунда одамларга енгиллик бор.

19. Ражъий ва боин талоқ қилинган, озод бўлгандаги ва балоғатга етгандаги каби маъсиятсиз хиёр туфайли ёки куфув бўлмагани учун ажрашган аёлга нафақа ва маскан берилади.
Бу ҳукмга қуйидаги далиллар бор:
Аллоҳ таоло Талоқ сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«У (аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингиз борича жой беринг» (6-оят).

Қуйидаги ҳадис ҳам шу маънода келган:

عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ جَالِسًا مَعَ الْأَسْوَدِ بْنِ يَزِيدَ فِي الْمَسْجِدِ الْأَعْظَمِ، وَمَعَنَا الشَّعْبِيُّ، فَحَدَّثَ الشَّعْبِيُّ بِحَدِيثِ فَاطِمَةَ بِنْتِ قَيْسٍ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَمْ يَجْعَلْ لَهَا سُكْنَى وَلَا نَفَقَةً، فَأَخَذَ الْأَسْوَدُ كَفًّا مِنْ حَصًى فَحَصَبَهُ بِهِ، وَقَالَ: وَيْلَكَ تُحَدِّثُ بِمِثْلِ هَذَا؟! قَالَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ رَضِي اللهُ عَنْهُ: لَا نَتْرُكُ كِتَابَ اللهِ وَسُنَّةَ نَبِيِّنَا لِقَوْلِ امْرَأَةٍ لَا نَدْرِي لَعَلَّهَا حَفِظَتْ أَوْ نَسِيَتْ، لَهَا السُّكْنَى وَالنَّفَقَةُ. قَالَ عَزَّ وَجَلَّ: لَا تُخْرِجُوهُنَّ مِن بُيُوتِهِنَّ وَلَا يَخْرُجْنَ إِلَّا أَن يَأْتِينَ بِفَاحِشَةٍ مُّبَيِّنَةٍ ۚ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абу Исҳоқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Асвад ибн Язид билан катта масжидда ўтирган эдим. Биз билан Шаъбий ҳам бирга эди. Шаъбий Фотима бинту Қайснинг ҳадисини айтиб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга маскан ҳам, нафақа ҳам буюрмаганлар», деди.
Шунда Асвад бир кафт майда тошни олиб, уларни унга отди-да: «Шўринг қурисин! Шундай гапни ҳам айтасанми?! Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Ёд олгани ёки унутганини билмаганимиз бир аёлнинг гапи деб, Аллоҳнинг Китобини ва Набийимизнинг суннатини тарк қилмаймиз. Ундай аёлга маскан ҳам, нафақа ҳам берилади. Аллоҳ азза ва жалла «Уларни уйларидан чиқарманг ва ўзлари ҳам чиқмасинлар. Магар очиқ-ойдин фоҳиша иш келтирсалар», деган», деди», деб айтди».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

20. Вафотдан, ридда (муртадлик) ҳамда эрнинг (бошқа аёлидан туғилган) ўғлини ўпиш каби маъсият туфайли ажрашишдан кейин идда сақловчига нафақа берилмайди.

Чунки вафотдан кейинги идда эрнинг ҳаққи учун эмас, балки шариатнинг ҳаққи учундир. Маъсият қилганда эса айб хотинда бўлганлиги учун унга яхшилик қилинмайди.

21. Уч талоқ қилинганнинг муртад бўлиши нафақани соқит қилади, эрнинг ўғлига имкон бериши эмас.
Чунки муртад бўлган аёл тавба қилиши учун қамалади. Қамалган аёлга нафақа берилмайди. Эрининг ўғлига ўзига яқинлашишга имкон беришда эса бу ҳолат йўқ.

III. Хотиннинг шарафига тўй қилиш.

Эрнинг ўз жуфти ҳалолининг шарафига тўй қилиб бериши хотин олдидаги учинчи молиявий бурчидир. Бу иш мустаҳабдир. Бу ҳақда аввал батафсил кўриб, таҳлил қилиб ўтганмиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари уйланганларида тўй қилганлари ва эркак саҳобаларни ҳам тўй қилишга буюрганларини далил қилиб келтирганмиз.
Мулоҳаза:
Ҳар бир мусулмон эр ўзининг аёли олдидаги молиявий бурчлари ҳақидаги ушбу таълимотларни жону дили билан, яхшилаб ўрганиши, қабул қилиши ва уларга ихлос билан амал қилиш ўзи учун саодат манбаи эканини англаб етиши лозим. Шунда бошқалар учун одат бўлган оила ҳаёти унинг учун ибодат даражасига кўтарилади. Мисол учун, эр «аёлимнинг нафақаси шариат бўйича менга вожиб эди, шуни бажаришим керак» деб, аёлига нафақа топиш учун ҳалол касб билан ишлаб юрар экан, вожиб ибодатни адо этаётган киши сифатида ажр ва савоб олади.

عَنْ عَامِرِ بْنِ سَعْدٍ، عَنْ أَبِيهِ؛ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَهُ: إِنَّكَ مَهْمَا أَنْفَقْتَ عَلَى أَهْلِكَ مِنْ نَفَقَةٍ فَإِنَّكَ تُؤْجَرُ فِيهَا، حَتَّى اللُّقْمَةَ تَرْفَعُهَا إِلَى فِي امْرَأَتِكَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Омир ибн Саъддан, у отасидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сен аҳлингга ҳар қандай нафақа қилсанг, бунга ажр оласан. Ҳаттоки аёлингнинг оғзига тутган луқмада ҳам».
Имом Аҳмад ривоят қилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: دِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي رَقَبَةٍ، وَدِينَارٌ تَصَدَّقْت بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ، وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ عَلَى أَهْلِكَ، أَعْظَمُهَا أَجْرًا الَّذِي أَنْفَقْتَهُ عَلَى أَهْلِكَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَمُسْلِمٌ .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Бир динорни Аллоҳнинг йўлида нафақа қилдинг. Бир динорни қул озод қилишга нафақа қилдинг. Бир динорни мискинга нафақа қилдинг. Бир динорни аҳлингга нафақа қилдинг. Энг ажри улуғи аҳлингга нафақа қилганингдир».
Аҳмад ва Муслим ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадисдан аҳлу аёлни нафақа билан таъминлаш қанчалик шарафли ва савобли иш эканини англаб олиш қийин эмас.

Болалар нафақаси

Нафақа отанинг бурчи, болаларнинг ҳаққидир.
Болаларнинг нафақаси, уларни озиқ-овқат, кийим кечак, турар-жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол-пок бўлиши матлубдир. Ҳаром касб билан топилган таомни еган мурғак вужуднинг келажакда ҳалол, одобли киши бўлиб етишганини ҳали ҳеч ким кўрмаган. Фарзандларида ахлоқсизлик, одобсизлик, қонун бузишлар илдизини уларнинг халқуми бузилганлигидан излаш керак бўлади. Агар халқумингиз покланмас экан, бор меҳрингизни, топган-тутганингизни сарфлаб, тарбиялаган болангиз ота-онага бемеҳр, оқпадар, осий бўлиб улғаяди.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: تَلَيْتُ الْآيَةَ عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ ۚ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ  ، فَقَامَ سَعْدُ بْنُ أَبِي وَقَّاصٍ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، ادْعُ اللهَ أَنْ يَجْعَلَنِي مُسَتَجَابَ الدَّعْوَةِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا سَعْدُ، أَطِبْ مَطْعَمَكَ تَكُنْ مُسْتَجَابَ الدَّعْوَةِ، وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ إِنَّ الْعَبْدَ لَيَقْذِفُ اللُّقْمَةَ الْحَرَامَ فِي جَوْفِهِ مَا يُتَقَبَّلُ مِنْهُ عَمَلُ أَرْبَعِينَ يَوْمًا، وَأَيُّمَا عَبْدٍ نَبَتَ لَحْمُهُ مِنْ سُحْتٍ فَالنَّارُ أَوْلَى بِهِ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида «Эй одамлар, ер юзидаги нарсалардан» ояти тиловат қилинди. Шунда Саъд ибн Абу Ваққос туриб, «Ё Расулаллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Саъд, таомингни пок қилгин, дуоси қабул бўладиганлардан бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, банда бир луқмани қорнига ташлайди ва ундан қирқ кун амал қабул қилинмайди. Қай банданинг гўшти ҳаромдан ўсган бўлса, олов унга лойиқроқдир», дедилар».

Тобароний ривоят қилган.
Ҳар ким ўзи хулоса чиқариб олаверсин. Ўзи нима тановул қилаётганига, аҳлу аёлига нима бераётганига, мурғак гўдакларини нима билан таомлантираётганига бир назар солсин.
Фақир ёш боланинг нафақаси отасига вожиб бўлади.
Бу ҳукмнинг далили Қуръони Каримдан олинган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай деб марҳамат қилади:
«У(она)ларни маъруф ила едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир» (233-оят).
Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин, боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч шубҳа қолмайди.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ هِنْدًا بِنْتَ عُتْبَةَ قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَبَا سُفْيَانَ رَجُلٌ شَحِيحٌ، وَلَيْسَ يُعْطِينِي مَا يَكْفِينِي وَوَلَدِي، إِلَّا مَا أَخَذْتُ مِنْهُ وَهُوَ لَا يَعْلَمُ، فَقَالَ: خُذِي مَا يَكْفِيكِ وَوَلَدَكِ بِالْمَعْرُوفِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Ҳинд бинту Утба: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, унга билдирмай олганимдан бошқа менга ва боламга кифоя қиладиган ҳеч нарса бермайди», деди.
«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот.
Икки шайх ривоят қилганлар.
Унга бу ишда худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби бирор киши шерик бўлмайди.
Яъни боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди.
Онасига уни эмизиш вожиб бўлмайди. Илло, ундан бошқа бўлмаса, бўлади.
Яъни онасидан бошқа эмизадиган топилмаган чоғдагина болани эмизиш унга вожиб бўлади. Чунки болани эмизиш нафақадир. Нафақа эса отага вожибдир.
Ота болани эмизишга бировни ёлласа, у онанинг олдида эмизади. Ота ўзининг никоҳидаги аёлни ёки ўзи қўйган ражъий талоқдан идда ўтирган аёлни (ўз боласини эмизиш учун) ёллаши жоиз эмас. Боин талоқ қилинган она ҳақида эса икки хил ривоят бор: агар болани эмизиш учун она иддадан кейин ёлланса, дуруст бўлади. У бегонадан кўра ҳақлироқдир. Аммо она кўп ҳақ талаб қилса, ҳақли бўла олмайди.
Балоғатга етган қизнинг ва майиб ўғилнинг нафақаси отанинг зиммасига хос бўлади. Фатво шунга берилган.
Балоғатга етган қизнинг эри бўлмаса, нафақаси отасига вожиб бўлади. Кўзи ожиз, ақли йўқ, толиби илм бўлган ўғиллар фақир бўлсалар, уларнинг нафақаси ҳам отага вожиб бўлади. Турмуши бузилиб, қайтиб келган қизнинг нафақаси ҳам отага вожиб бўлади.

عَنْ سُرَاقَةَ بْنِ جُعْشُمٍ؛ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: يَا سُرَاقَةُ، أَلَا أَدُلُّكَ عَلَى أَعْظَمِ الصَّدَقَةِ - أَوْ قَالَ: مِنْ أَعْظَمِ الصَّدَقَةِ؟-» قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ بَلَى. قَالَ: أَنْ تُكْرِمَ مَرْدُودَةً إِلَيْكَ لَيْسَ لَهَا كَاسِبٌ غَيْرَكَ.

Суроқа ибн Жуъшумдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Суроқа, сенга энг улуғ садақанинг ёки садақадан ҳам улуғроқ нарсанинг далолатини берайми?» дедилар.
«Ҳа, ё Расулаллоҳ», деди.
«Ҳузурингга қайтиб келган ва сендан бошқа таъминотчиси бўлмаган аёл зотига икром кўрсатмоғинг», дедилар».
Яъни қизми, сингилми, турмуши бўлмай, оиласи бузилиб, қайтиб келган бўлса-ю, унга сендан бошқа қаровчи, боқувчи бўлмаса ва сен ҳалол касб ила топганингдан уни нафақа билан таъминласанг, икром қилсанг, жаннатга кирасан. (“Бахтиёр оила” китобидан)Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat