Ассалому алайкум! Қуш тезаги бирор катта ёки кичик сув идишига тушса у сувни ҳукми қандай?
– Ва алайкум ассалом! “Кифоя” китобида қуйидагича келади:
Гўшти ейиладиган ва ҳавода туриб тезак ташлайдиган кабутар, чумчуқ каби қушларнинг тезаги покдир. Қадимдан Масжидул Ҳаром ва бошқа масжидларда кабутарлар боқиб келинган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг устиларига кабутар тезак ташлаганда, артиб ташлаб, намоз ўқиганлари маълум. Худди шундай ҳолат Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг устиларига чумчуқ тезак ташлаганда ҳам бўлган.
Шунингдек, имом Абу Ҳанифа ва Абу Юсуфнинг надида гўшти ейилмайдиган ва ҳаводан тезак ташлайдиган лочин, қирғий ва қарға каби қушларнинг тезаги ҳам пок.
عَنْ رَاشِدِ بْنِ سَعْدٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْمَاءُ لَا يُنَجِّسِهُ شَيْءٌ إِلَّا مَا غَلَبَ عَلَى لَوْنِهِ أَوْ طَعْمِهِ أَوْ رِيحِهِ. رَوَاهُ الطَّحَاوِيُّ
Рошид ибн Саъддан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сувни ҳеч нарса нажас қилмайди. Илло, унинг рангига, таъмига ва ҳидига ғолиб келган нарсагина қилади», дедилар».
Тоҳавий ривоят қилган.
Лекин ундай (оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб ҳовучлаб сув олинганда ери очилиб қолмайдиган) бўлмаса, нажас тушган сув ҳам нажасга айланади.
Демак, мазкур ҳажмдан кичик бўлган ҳовузга нажас тушса, ундаги сув ҳам нажасга айланади. Валлоҳу аълам!