Ассалому алайкум! Мен 11йил олдин аммамни ўғлига келин бўлганман. Хозирда 4та фарзандимиз бор, эримни синглиси билан тенгдошмиз. Эримни ойиси мени, мени ойим эримни синглисини эмдирганлар. Хуллас эримни ойиларини эмганман, эримни синглиси билан эмикдошмиз. Нима қилишни билмайман, маслахат беринг нима қилай, қандай йўл тутай? Айрилай десам ўртада 4та болам бор, айрилмай десам зино гунохми деб қўрқаман. Нима қилай илтимос жавоб беринг.
– Ва алайкум ассалом! Сизни ёзганингиздан биз эрингиз билан ҳам эмикдошсиз деб тушундик. Буни ҳукми ўзингизга маълум, сизлар шарий манода ака-сингил ҳисобланасизлар. Аллоҳ таоло "Нисо" сурасида марҳамат қилади:
حُرِّمَتْ عَلَيْكُمْ أُمَّهَاتُكُمْ وَبَنَاتُكُمْ وَأَخَوَاتُكُمْ وَعَمَّاتُكُمْ وَخَالاَتُكُمْ وَبَنَاتُ الأَخِ وَبَنَاتُ الأُخْتِ وَأُمَّهَاتُكُمُ اللاَّتِي أَرْضَعْنَكُمْ وَأَخَوَاتُكُم مِّنَ الرَّضَاعَةِ وَأُمَّهَاتُ نِسَآئِكُمْ وَرَبَائِبُكُمُ اللاَّتِي فِي حُجُورِكُم مِّن نِّسَآئِكُمُ اللاَّتِي دَخَلْتُم بِهِنَّ فَإِن لَّمْ تَكُونُواْ دَخَلْتُم بِهِنَّ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ وَحَلاَئِلُ أَبْنَائِكُمُ الَّذِينَ مِنْ أَصْلاَبِكُمْ وَأَن تَجْمَعُواْ بَيْنَ الأُخْتَيْنِ إَلاَّ مَا قَدْ سَلَفَ إِنَّ اللّهَ كَانَ غَفُورًا رَّحِيمًا
Аллоҳ таоло:
«Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.
Эмизиш туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар:
«...эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз...»нинг никоҳи ҳаром қилинди.
Бу жумлада эмиш орқали никоҳи ҳаром бўлган аёллар зикр қилинмоқда. Ояти каримада фақат икки тоифа – эмиш туфайли аслга айланган, яъни она бўлганлар ва уларнинг шохобчалари бўлмиш эмикдош опа-сингилларгина зикр қилинмоқда. Яъни насаб жиҳатидан қайси тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмиш туфайли ҳам ўша тоифаларнинг никоҳи ҳаром бўлади.
Бундай ҳукмлар остига кирадиган эмиш шуки, икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа сутли аёлни эмишидир. Ана ўшанда у аёл боланинг онасига, аёлнинг эри эса отасига, болалари ака-укаси ва опа-сингилларига айланадилар. Шунингдек, бошқа қариндошлар ҳам эмган болага хеш бўладилар.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَحْرُمُ مِنَ الرَّضَاعَةِ مَا يَحْرُمُ مِنَ الْوِلَادَةِ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Туғилиш туфайли ҳаром бўлганлар эмизиш туфайли ҳам ҳаром бўлади», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Туғишганлик, яъни насаб алоқаси бўйича қайси тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмизиш орқали, яъни бировнинг боласини бегона аёл эмизиши туфайли содир бўладиган эмикдошлик яқинлиги туфайли ҳам ўша тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлади.
Мисол учун, туққан онасининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмизган онасининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади. Туғишган синглисининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмикдош синглисининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади ва ҳоказо.
وَرُغِّبَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فيِ نِكَاحِ بِنْتِ عَمِّهِ حَمْزَةَ، فَقَالَ إِنَّهَا لَا تَحِلُّ لِي، إِنَّهَا ابْنَةُ أَخِي مِنَ الرَّضَاعَةِ، وَيَحْرُمُ مِنَ الرَّضَاعَةِ مَا يَحْرُمُ مِنَ الرَّحِمِ رَوَاهُ الشَّيْخَانِ
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга амакилари Ҳамзанинг қизини никоҳлаб олиш тарғиб қилинди. Шунда у зот:
«У (қиз) менга ҳалол бўлмайди, чунки у эмикдош акамнинг қизидир. Қариндошлик туфайли ҳаром бўлганлар эмикдошлик туфайли ҳам ҳаром бўладилар», дедилар».
Икки шайх ривоят қилишган.
Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларида ўз амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни эмизган аёлни эмган эдилар. Улар бир-бирлари билан эмикдош ака-ука эдилар. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳамза розияллоҳу анҳунинг қизларига уйланишдан бош тортдилар. Бу иш худди насабий аканинг қизига уйланишдек ҳаром эканини баён этдилар. (“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам!